Ўзбекистон | 20:30
294
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда «Фуқаролик ташаббуси» миллий мукофоти соҳиблари тақдирланди

Тошкент шаҳрида «Фуқаролик жамияти ҳафталиги» якунланди. Сўнгги куни «Фуқаролик ташаббуси» миллий мукофоти ва «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони соҳибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Миллий мукофот билан Фармонов Аъзамжон Турғунович, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Ҳуқуқий таянч» жамоат бирлашмаси раҳбари – «Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари фаоли» номинацияси бўйича, Жалолов Азамат Ахрорович, «Digital Generation Uzbekistan» ННТ раҳбари – «Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш фаоли» номинацияси бўйича, Илмурадова Олия Владимировна, «Барқарор ҳаёт» халқаро ижтимоий-маърифат маркази директори – «Ижтимоий ҳимоя фаоли» номинацияси бўйича, Қосимова Наргис Суннат қизи, «Эколог» жамоат бирлашмаси директори – «Ташаббускор экология фаоли» номинацияси бўйича, Ширинова Мавлудахон Расуловна, «Сабр» Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази раҳбари – «Хотин-қизлар бўйича ижтимоий фаоли» номинацияси бўйича тақдирланди.

Фуқаролик жамияти институтлари соҳасида амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш ва соҳани янада ривожланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида Парламент аъзолари, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, хорижий экспертлар иштирокида ўтказилган кенг қамравли ҳафталик ҳақиқий мулоқот майдони бўлди.

Унинг доирасида «2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» натижалари ва «2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси» лойиҳаси муҳокамаси, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси раҳбарияти билан учрашувлар, Адлия вазирлиги раҳбарияти билан мулоқотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий форуми, халқаро конференция, ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ярмаркаси, нодавлат нотижорат ташкилотларининг муҳим ташаббусларини молиялаштириш мақсадида «Мақсадли лойиҳалар» акцияси каби тадбирлар ўтказилди.

Илк маротаба ўтказилаётган миллий мукофотга 350 дан ортиқ номзод ҳужжатлари тақдим этилиб, сўнгги икки йилда фаоллик ва ташаббус кўрсатган юртдошлар қуйидаги номинациялар бўйича тақдирланди:

– фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари фаоли;

– ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш фаол;

– ташаббускор экология фаоли;

– ижтимоий ҳимоя фаоли;

– хотин-қизлар бўйича ижтимоий фаол.

Фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган республика ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони билан тақдирлаш маросими ҳам ҳафталик доирасидаги муҳим тадбирлардан бири бўлди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан Ўзбекистонда давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва ҳар томоналама қўллаб-қувватлаш йўналишида муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётгани, фуқаролар ҳуқуқини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, коррупцияга қарши курашиш, экология, таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа соҳаларда фуқаролик жамияти институтлари фаол иштирок этаётгани қайд этилди.

Анъанавий «Фуқаролик жамияти ҳафталиги» давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ва конструктив мулоқот механизмларини йўлга қўйиш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг эҳтиёжларини тизимли таҳлил қилиш ҳамда давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг муҳим масалалари бўйича ўзаро фикр алмашиш, истиқболли ташаббусларни ишлаб чиқишда муҳим майдон вазифасини бажармоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов