Ўзбекистон | 14:34 / 05.12.2025
4264
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда метро узунлиги 103 километрга, "парковка" ўринлари 150 мингтага етказилади

Президент қарорига мувофиқ, 2030 йилга қадар Тошкент метрополитени тармоғи узунлиги 103 километрга етказилади, пойтахтда транспорт воситалари учун 150 мингта ўринга эга тўхтаб туриш жойлари барпо этилади. Ҳужжат жамоат транспортидан фойдаланиш улушини ошириш ва тирбандликларни камайтиришни кўзда тутади.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрида транспорт тизими бошқарувини такомиллаштириш ва тирбандликларни камайтириш мақсадида президентнинг “Тошкент шаҳрида транспорт тизими бошқарувини такомиллаштириш ҳамда тирбандликларнинг олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори (ПҚ–368-сон, 4 декабр 2025 йил) қабул қилинди. Ҳужжат билан пойтахт транспорт тизимини 2030 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, Тошкентда:

аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини 60 фоизга етказиш;
автобусларнинг ўртача ҳаракат тезлигини 18 км/соатдан 24 км/соатгача ошириш;
транспорт воситалари учун 150 мингта ўринга эга тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш;
метрополитен тармоғи узунлигини 103 километрга етказиш режалаштирилган.

Ҳужжатга биноан, пойтахтда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ташкил этилади. Унинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:

замонавий рақамли ва «яшил» технологияларни қўллаган ҳолда транспорт, йўловчи ва пиёдалар оқимларини узлуксиз мониторинг қилиш асосида йўл ҳаракатини ташкил этиш;
Тошкент шаҳрининг транспорт мастер режасини ишлаб чиқиш;
ҳудудлардан кириб келадиган асосий автомобиль йўллари, автобус ва метро бош бекатлари кесишмаларида транспорт воситалари учун кўп қаватли парковкалар барпо этиш;
ерусти метро линиялари ва йўл ўтказгичлари остида хавфсизлик талабларига мувофиқ тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш.

Қарорда кўзда тутилган чора-тадбирлар жамоат транспорти улушини ошириш, йўлларнинг ўтказувчанлигини яхшилаш ва пойтахт аҳолиси ҳамда меҳмонлари учун ҳаракатланишни янада қулай қилишга хизмат қилиши таъкидланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид