Ўзбекистон | 08:45 / 02.01.2026
688
2 дақиқада ўқилади

Стратегик ривожланиш таклифлари “Ислоҳотлар штаблари” билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади

“Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш ва самарали йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, стратегик режалаштириш ҳужжатларининг самарадорлик кўрсаткичларини мониторинг қилиш Стратегик режалаштириш ва ривожланишнинг рақамли платформаси орқали амалга оширилади. Бунда мақсадли кўрсаткичларга масъул давлат органлари ва ташкилотлари ҳар бир самарадорлик кўрсаткичи бўйича ҳақиқий маълумотлар, натижалар ҳамда тасдиқловчи ҳужжатларни доимий равишда платформага киритиб бориши белгиланди.

Шунингдек, миллий даражадаги кенг қамровли стратегик режалаштириш ҳужжатларининг асосий самарадорлик кўрсаткичлари бўйича давлат органлари рейтинги шакллантирилади. Ушбу рейтинг Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан Давлат органлари фаоллигининг миллий рейтингини тузишда инобатга олинади.

Қарорда қайд этилишича, рақамли платформада соҳа, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича дастурларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида маблағ ажратилишини талаб қиладиган масалалар етарлича асосланмаган тақдирда, бундай лойиҳалар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан келишилмайди.

Бундан ташқари, Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги томонидан ҳудудларни ривожлантириш бўйича таклиф ва ташаббусларни ишлаб чиқиш “Ислоҳотлар штаблари” билан яқин ҳамкорликда амалга оширилиши белгиланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш