Ўзбекистон | 08:45
582
2 дақиқада ўқилади

Жиноят ишлари бўйича судлар фаолияти: 2025 йил кўрсаткичлари

2025 йилда жиноят ишлари бўйича судлар 79 554 нафар шахсга нисбатан 63 177 та жиноят ишини кўриб чиқди. 422 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинди.

Фото: Kun.uz

2025 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 79 554 нафар шахсга нисбатан 63 177 та жиноят иши кўриб чиқилди. Шу даврда 422 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинди.

Маълум қилинишича, жиноят ишларининг салмоқли қисми Тошкент шаҳри, Фарғона вилояти, Тошкент вилояти, Самарқанд вилояти ва Наманган вилоятида кўрилган.

Судланганлар сони 63 340 нафарни ташкил этган. Шундан 18 816 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 43 531 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланган. 993 нафар шахс шартли ҳукм қилинган.

Шунингдек, 8 085 нафар шахсга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинлангани сабаб суд залида қамоқдан озод қилинган. 15 992 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланган ёки қайта малакаланган.

Қайд этилишича, 86 нафар шахсга (ёшлар, аёллар ва бошқалар) кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Жазони ижро этиш масалалари бўйича 35 572 нафар шахс муддатидан илгари шартли озод қилинган, 11 421 нафар шахснинг жазоси эса енгилроғи билан алмаштирилган. Ярашув институти қўлланилиши натижасида 13 224 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилган.

Бундан ташқари, Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш тартибида 1 072 нафар шахсга нисбатан 915 та жиноят ишини кўриб чиққан. Унда 213 нафар шахс бўйича қуйи суд қарорлари бекор қилинган, 325 нафар шахс бўйича суд қарорлари ўзгартирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид