Тошкентда қурилиш суръати ошар экан, асосий масала энди “қанча бино қурилди?” эмас, “қандай шаҳар муҳити яратилмоқда?” деган саволга бориб тақалмоқда. Шаҳарни “энига” ёйиб бориш инфратузилма, транспорт ва ижтимоий хизматлар юкламасини кескин ошираётган бир пайтда, мутахассислар илгари сураётган энг мақбул ечим мавжуд ҳудудлар доирасида “бўйига” ўсиш, яъни ихчам ва функционал ривожланиш моделига ўтишдир.

Бунинг учун қурилишлар парча-парча эмас, ягона концепция асосида комплекс тарзда режалаштирилиши, йирик лойиҳалар эса босқичма-босқич хусусий сармоя жалб этган ҳолда амалга оширилиши лозим. Давлат эса молияловчи эмас, балки шаффоф қоидаларни белгиловчи ва сифатни қатъий назорат қилувчи регулятор сифатида иштирок этиши керак.

Комплекс ёндашувнинг устунлиги: натижа тез, сифат барқарор, инфратузилма мувозанатли

Яхлит қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари шаҳар бошқаруви нуқтаи назаридан энг тўғри ва самарали ёндашув ҳисобланади. Чунки бундай лойиҳалар доирасида:

— турар жой бинолари қурилиши транспорт ечимлари билан бир вақтда режалаштирилади;

— мактаб, боғча, поликлиника, спорт ва маданият объектлари олдиндан лойиҳаланади;

— муҳандислик тармоқлари (сув, канализация, электр, иссиқлик) юклама ҳисоб-китоби билан мослаштирилади;

— яшил ҳудудлар, сайр майдонлари ва жамоат маконлари қурилишнинг ажралмас қисми сифатида белгиланади.

Натижада шаҳар нафақат “уй-жой фонди” бўйича, балки яшаш сифати, қулайлик ва хавфсизлик жиҳатидан ҳам тизимли равишда юксалади. Энг муҳими, комплекс ёндашув шаҳар инфратузилмасига тушадиган ортиқча босимнинг олдини олади ва ривожланишнинг бошқариладиган моделини яратади.

Комплекс қурилишни асосий белгилаб берувчи таянч ҳужжат бу мастер-план ва бош план ҳисобланади. Ушбу ҳужжатлар мукаммал ишлаб чиқилиши ва уларга қатъий риоя қилиниши юқоридаги масалаларнинг комплекс ечими бўлиб хизмат қилади.

Хориж тажрибаси: ривожланган шаҳарлар комплекс қурилишга таянади

Дунё амалиёти шуни кўрсатадики, йирик шаҳарларда барқарор ривожланишнинг асосий механизми айнан комплекс режалаштириш ва аралаш функцияли ҳудудларни шакллантиришдир.

Сингапур тажрибасида янги турар жой массивлари фақат уйлар билан эмас, ижтимоий хизматлар, жамоат транспорти, яшил ҳудудлар ва сервислар билан биргаликда “тайёр шаҳар бўлаги” сифатида барпо этилади. Бу ёндашув инфратузилманинг узлуксиз ишлашини таъминлайди ва аҳолининг кундалик эҳтиёжларини ҳудуднинг ўзида қондиришга хизмат қилади.