Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Hamroh, БМТТД ва The Coca-Cola Foundation ташаббуси билан амалга оширилаётган WESP дастури: Ўзбекистонда биринчи грант ғолибалари тақдирланди
Hilton меҳмонхонасида — Hamroh, Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) ва The Coca-Cola Foundation ҳамкорлигида аёл тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган Тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури (WESP) доирасида биринчи босқич ғолибаларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Фото: WESP
Тадбирда дастур доирасида танлаб олинган 20 нафар аёл тадбиркорга 5 минг АҚШ долларигача миқдорда грантлар топширилди. Мазкур маблағлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги технологиялар жорий этиш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратишга йўналтирилади. Умумий молиялаштириш ҳажми 100 минг АҚШ долларигача.

Тадбир 2025 йил декабр ойида эълон қилинган уч томонлама стратегик ҳамкорликнинг илк амалий натижаларидан бири бўлди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг консултанти, Инсон капиталини ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси координатори ҳамда Hamroh Кузатув кенгаши аъзоси Нозимахон Давлетова, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Раҳимова, Coca-Cola компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори Казумаса Мукае ҳамда БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакиласи Акико Фужии кириш сўзлари билан иштирок этди.
Спикерлар аёлларнинг молиявий ресурслар, билим ва институционал қўллаб-қувватлашга киришини кенгайтириш, уларнинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда мамлакатнинг барқарор ривожланишига хизмат қилишини таъкидлади.
Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш — иқтисодий тараққиёт омили
Hamroh бош директори Дилфуза Нурматова дастурнинг аҳамиятига тўхталиб, стратегик ҳамкорликнинг бугунги натижалари аёллар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар очаётганини таъкидлади.

“Декабр ойида биз стратегик ҳамкорлик бошланганини эълон қилган эдик, бугун эса унинг амалий натижаларини кўриб турибмиз. Ушбу 20 нафар ғолиба тизимли қўллаб-қувватлаш, билим ва молиявий воситаларга кириш имконияти аёлларга ўз бизнесини ишонч билан кенгайтириш имконини беришини яққол намойиш этади. Бизнинг мақсадимиз бундай имкониятларни мамлакат бўйлаб иложи борича кўпроқ аёллар учун етказишдир”, — деди Дилфуза Нурматова.
Coca-Cola компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори Казумаса Мукае аёлларни қўллаб-қувватлаш масаласи жамиятдан олдин, энг аввало оиладан бошланишини таъкидлади.

“Мен учун аёллар имкониятларини кенгайтириш масаласи узоқдан бошланмайди — у ўз оиламдан бошланади. Турмуш ўртоғим ҳам фаолият юритувчи мутахассис ва биз иш ҳамда оила масъулиятлари ўртасида мувозанат топиш нимани англатишини яхши биламиз.
Биз икки нафар қизни тарбиялаяпмиз ва улар онасининг меҳнати ҳамда етакчилигидан илҳом олади. Шу сабабли улар ҳам катта орзулар қилади. Мен қизларимиз ҳар бир аёл ўз танловини эркин амалга ошира оладиган жамиятда улғайишини истайман.
Шу боис Coca-Cola компанияси ҳамкорлари билан биргаликда Ўзбекистон бўйлаб аёл тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга сармоя киритмоқда. Бугунги грантлар аёлларнинг салоҳияти ва етакчилигини эътироф этади ҳамда янги иқтисодий имкониятлар яратади”, — деди у.
БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакиласи Акико Фужии ҳам дастур аёллар бизнесини ривожлантиришда муҳим рол ўйнаётганини таъкидлади.

“БМТ Тараққиёт Дастури Hamroh, Coca-Cola ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастурини амалга оширмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатда аёллар учун бизнес бошлаш ва ривожлантириш имкониятлари кенгайиб бормоқда.
Бизнинг мақсадимиз аёл тадбиркорларни нафақат бизнес бошлашда, балки уни барқарор ривожлантиришда ҳам қўллаб-қувватлашдир. Шу сабабли дастур доирасида менторлик, техник ёрдам ва бизнесни ривожлантириш бўйича тренинглар ташкил этилмоқда.
Бугунги тадбир эса ўз бизнесини ривожлантириб, жамият учун ижобий таъсир кўрсатаётган аёл тадбиркорларнинг ютуқларини нишонлашдир”, — деди у.
Дастур қандай ишлайди?
WESP дастури доирасида аёл тадбиркорлар учун акселерацион тренинглар, менторлик ва бизнесни ривожлантириш бўйича маслаҳатлар ташкил этилади. БМТТДнинг WESP лойиҳаси таҳлилчиси Феруза Исроилованинг айтишича, дастур доирасида бутун Ўзбекистон бўйлаб юзлаб аёл тадбиркорлар ўқитилган.
“Лойиҳа доирасида аёллар учун маркетинг, молия, солиқ ва бизнесни ривожлантириш бўйича тренинглар ташкил этилди. 2025 йилда 800 дан ортиқ аёл тадбиркор ушбу ўқув дастурларида қатнашди.
Грант танлови айнан шу тренингларни муваффақиятли якунлаб, сертификат олган аёллар ўртасида ўтказилди. Тақдим этилган бизнес-режалар махсус ҳайъат томонидан баҳоланиб, энг истиқболли лойиҳалар танлаб олинди.
Саралаш жараёнида тадбиркорларнинг фаолияти жойига бориб ўрганилди, бизнес режаларнинг иқтисодий самарадорлиги, янги иш ўринлари яратиш салоҳияти ҳамда аёллар бандлигини оширишга қўшадиган ҳиссаси инобатга олинди”, — деди у.
Унинг сўзларига кўра, дастур 2028 йил март ойигача давом этади ва кейинги босқичларда яна кўплаб аёл тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратилади.
Ҳудудлардан келган аёл тадбиркорлар
Грант ғолибаларидан бири, Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги “Bunyodkor tikuvchi qizlari” МЧЖ раҳбари Гулҳаё Шоҳмардонова дастур бизнесини кенгайтиришда муҳим имконият яратганини айтди.
“Биз тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланамиз ва корхонамизда қарийб 50 нафар аёл меҳнат қилади. Грант орқали янги ускуналар харид қилиб, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни режалаштиряпмиз. Бу эса ҳудудимиздаги яна кўплаб аёллар учун янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади”, — деди у.

Бухоро вилояти Жондор туманидаги “Jo‘rayeva Xushbaxt” МЧЖ раҳбари Хушбахт Жўраева ҳам грант бизнесини ривожлантириш учун муҳим имконият бўлаётганини таъкидлади.
“Мен 20 йилдан бери тикувчилик соҳасида фаолият юритаман. Ҳозир корхонамизда қарийб 50 нафар хотин-қиз ишлайди. Грант орқали янги технологияларни жорий этиб, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва яна камида 10 та янги иш ўрни яратишни режалаштиряпмиз”, — деди тадбиркор.

Дастур ташкилотчиларининг таъкидлашича, WESP лойиҳаси доирасида аёл тадбиркорларни ўқитиш, менторлик ва молиявий қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг бизнесини кенгайтириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Лойиҳа кейинги босқичларда ҳам давом этиб, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги яна кўплаб аёл тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратиши кутилмоқда.