Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари сунъий интеллект бўйича хакатонга ташриф буюрдилар
Етакчиларга рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш борасидаги ишлар натижалари тақдимот қилинди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Бухоро шаҳридаги универсал спорт мажмуасида ўтказилаётган “National AI Hackathon” – сунъий интеллект бўйича умуммиллий хакатонга ташриф буюрдилар.
Ушбу тадбир Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда сунъий интеллект экотизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган изчил сиёсат доирасида ташкил этилди.

Етакчиларга рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш борасидаги ишлар натижалари тақдимот қилинди. Хусусан, “Рақамли ҳукумат” тизими, транспорт, божхона, солиқ, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, энергетика, геология, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ечимларни ўз ичига олган рақамли трансформация жараёнлари ҳақида ахборот берилди.
Мазкур соҳаларни рақамлаштириш давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон стартапларини қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш экотизими тақдимоти бўлиб ўтди. Давлат раҳбарлари “KPI-COM”, “OSON”, “DATOX” ва бошқа истиқболли стартап лойиҳалари фаолияти билан танишдилар ҳамда уларнинг ташаббускорлари билан мулоқот қилдилар.
Миллий ва хорижий акселераторлар, жумладан, “UZUM”, “TBC Bank”, “Aloqabank”, “HUMO”, “UZCARD” фаолияти тўғрисида маълумотлар тингланди.


Венчур инфратузилмасини янада ривожлантириш ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
Банк соҳасининг ютуқлари, хусусан, рақамли банк хизматлари ва замонавий тўлов ечимларининг ривожига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбарларига хакатон ўтказиш концепцияси ва иштирокчиларнинг турли соҳалардаги долзарб муаммоларни ҳал қилишга қаратилган лойиҳалари тақдим этилди.

Очиқ мулоқот давомида ёшларда мазкур соҳага қизиқиши юқорилиги, йигит-қизларнинг ижодий салоҳияти ва сунъий интеллект технологияларини амалий қўллашга бўлган иштиёқи юқори баҳоланди.
Ташриф якунида Президентлар хакатон иштирокчилари ва стартап ҳамжамияти вакиллари билан эсдалик учун суратга тушдилар.



