Ўзбекистон | 09:06 / 15.04.2026
1235
2 дақиқада ўқилади

Москвадаги World Content Market'да Ўзбекистон миллий контенти намойиш этилмоқда

Ўзбекистон илк бор халқаро медиа бозори — World Content Market'да миллий павильон билан иштирок этиб, ўзбек фильмлари ва сериалларини глобал майдонда тақдим этмоқда.

Фото: World Content Market

Мазкур нуфузли тадбир 2008 йилдан буён телевидение ва рақамли контентни яратиш, тарқатиш ва монетизация қилиш соҳасидаги йирик платформалардан бири ҳисобланади. У ҳар йили турли мамлакатлардан медиа индустрия вакилларини бирлаштириб, янги лойиҳалар ва ҳамкорлик имкониятларини яратади.

Жорий йилги форумда 20 га яқин давлатдан 1500 дан ортиқ мутахассис ва 500 дан зиёд компания иштирок этмоқда. Тадбирда 150 дан ортиқ телеканаллар, 40 дан зиёд ОТТ платформалар, 200 дан ортиқ контент дистрибюторлари, шунингдек продюсерлар ва студиялар қатнашмоқда.

Ўзбекистон миллий павильонида 10 дан ортиқ хусусий контент ишлаб чиқарувчилар томонидан 500 дан зиёд бадиий фильм ва сериаллар халқаро харидорларга тақдим этилмоқда.

Контент маркази томонидан ташкил этилган мазкур павильон доирасида ўзбек миллий контентини хорижий телеканаллар ва рақамли платформаларга чиқариш, шунингдек экспорт салоҳиятини ошириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ушбу медиа бозорда миллий павильон билан илк бор иштирок этиши мамлакатда контент саноатини ривожлантириш, маҳаллий ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва ўзбек маданий маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқишда муҳим қадам ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш