Жамият | 14:52
6029
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Доно Бобохонова вафот этди

Актриса 90-йилларда «Бозор кўрмаган йигит» киноновелласидаги роли билан танилган, шунингдек, 2000-йиллардаги «Чол ва набира», «Тилим қурсин» каби филмлар орқали машҳурликка эришганди.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Доно Бобохонова 15 апрел куни 80 ёшда вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон давлат драма театри хабар берди.

Доно Бобохонова (Данисия Даяновна Бобохонова)1946 йил 20 ноябрда Қозоғистон ҳудудида туғилган. 1970 йилда Тошкент театр ва рассомлик институтини (ҳозирги Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институти) тамомлаган.

Актёрлик фаолиятини 1968 йилда «Ёш гвардиячилар» (ҳозирги Аброр Ҳидоятов номидаги ўзбек давлат драма театри) театрида бошлаган. 1990-йиллардан кино соҳасига кириб келган. Хусусан, «Бечора одамлар» (1992) филмида, шунингдек «Бозор кўрмаган йигит» ва «Аразласанг, ўламан» каби киноновеллаларда рол ўйнаган.

Ўзбек кино ихлосмандлари уни кўпроқ «Улфатлар-2» (2008), «Чол ва набира» (2009), «Тилла бува» (2012), «Дадамнинг совғаси» (2012), «Тилим қурсин» (2013), «Вафодорим» (2013), «Куч бирликда» (2013-2014), «Берлин-Оққўрғон» (2018) каби филмлардаги роллари орқали эслаб қолишган.

«Тилим қурсин» филмидан

Доно Бобохонова тўққиз набира ва тўрт эваранинг бувиси эди.

У актрисалик фаолиятидан ташқари шеър ёзиш билан шуғулланган ва 20 дан ортиқ шеърий тўпламлари, бир қанча роман ва ҳикоялари босилган.

1996 йили «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» фахрий унвони билан тақдирланган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш