Жаҳон | 14:40
1732
13 дақиқада ўқилади

“Йўқчилик деб боламни сотишга мажбур бўлдим”. Ҳаётий ҳикоя

“Омборга кириб нарсаларни кўра бошлаган эдим, йигит ёнимга келди ва “Сизга маҳсулот бера олмайман”, деди. Мен унинг гапини “Бу сафар сизга насияга маҳсулот бера олмайман”, деб тушунибман. Унга “Насияга бермасангиз пулим етганча оламан”, дедим. Йигит, “Йўқ, мени тушунмадингиз, сизга умуман нарса сотмайман. Ҳамкорлигимиз шу ерда тугади. Сизга бошқа тадбиркорлар ҳам ҳеч нарса сотмайди”, деди. Бошимдан совуқ сув ағдарилгандай бўлди”.

“Ҳаётий ҳикоялар” рукнида берилаётган навбатдаги ҳикоямиз қаҳрамони бир пайтлар йўқчиликни баҳона қилиб ўғил фарзандини ўзга бир оилага сотган киши.

У мактубида кейинчалик бойиб кетганини, боласини сотгани важидан изза бўлганини, бироқ ҳарчанд уриниб, фарзандини қайтариб ололмаганини ёзади:

“Совет даврида туғилиб улғайдим. Мактабни битирган пайтимда ҳали СССР тарқаб кетмаган эди. 1980 йилларнинг иккинчи ярмида ота-онам уйлантириб қўйишди. Бир неча фарзандли бўлдим.

Оилада мендан кичик укаларим ҳам бор эди, шу сабабли отам қишлоқ четидаги томорқамизга уй қуриб мени оилам билан алоҳида қилиб кўчириб қўйди.

Қишлоқ жойида турамиз, даромадимиз асосан колхоз берадиган иш ҳақи ва томорқада қилинадиган меҳнат орқасидан эди.

СССР парчаланиб кетиши арафасида икки ўғлим, икки қизим бор эди. Кўп ўтмай колхозлар оғир вазиятга тушди ва тузук-қуруқ маош тўлолмай қолди. Тирикчилигимиз томорқада етиштириладиган маҳсулотларга қараб қолди.

Ўша пайтда рўзғор ўтказиш қийин, бу ҳолат бир менинг оилам билан эмас, бошқалар ҳам чорасиз қолганди. Ана шундай шароитда иккинчи ўғлимни сотишга қарор қилдим. У кенжа фарзандим эди ва энди икки ёшга тўлганди.

Ўшанда ўғлимни сотиш хаёлимда ҳам йўқ эди, шунчаки маҳаллада кимдир “Бугун фалон қишлоқдан бир киши келди, фарзанди йўқ экан. Мабодо кимдир фарзандини берса рози қиларкан”, деб қолди.

Ўша одам мабодо кимдир савоб мақсадида фарзандини бермоқчи бўлса уйимга борсин деб манзилини ҳам қолдирибди.

Буни эшитгач пайтавамга қурт тушди. Кичик ўғлимни ўша одамга сотишга қарор қилдим. Бироқ хотиним бу ишга қарши чиқди. “Агар болаларни боқа олмаётган бўлсангиз уларга ўзим қарайман, аммо фарзандимни бегона оилага бермайман”, деб оёқ тираб туриб олди.

Хотинимга “ичинг тўла бола, рўзғорни сал бутлаб олсак яна фарзанд кўраверамиз”, деб айтганларим беҳуда кетди. Лекин барибир ўша куни бола боқиб олмоқчи бўлган одамнинг уйига бордим. Ҳовли-жойи тузук, эр-хотин иккаласи ҳам беозоргина одамлар экан. Турмуш қурганига анча йиллар бўлган, бироқ фарзанд кўрмаган экан.

Эр ва хотин бир-бирига муҳаббатли бўлгани учун ажрашгиси келмаган, бола олиб боқишни ният қилиб, бирга яшаб юришган экан. Улар аввалига қариндошларга, кейин ҳамқишлоқларга бола сўраб илтимос қилган, бироқ рад жавобини олган экан.

“Битта жойда яшаймиз, ҳозир боламизни сенга берсак, эртага у улғаяди. Шунда “нега мени ўзларинг катта қилмагансизлар?” деб савол қўйса нима деб жавоб берамиз? Шу учун сен болани бегона жойдан олиб кел”, дейишибди яқинлари ва ҳамқишлоқлар эркакка.

Шундан сўнг у бир нечта қишлоқда бўлиб, асраб олишга бола қидирибди. Бизнинг қишлоққа ҳам ўшанда борган экан. У агар фарзандимни берсам сўраган пулимни тўлашини айтди.

Уйга қайтгандан сўнг нима қилиб бўлса ҳам хотинимни кўндиришим керак деган қарорга келдим. Вазиятни ота-онамга тушунтирдим. Улар боламни ўша оилага сотишимга қарши бўлишмади.

Сўнг қайнотам ва қайнонамнинг олдига бордим. Уларга вазиятни тушунтирдим. Гарчи боламни сўраган одам “фарзандингизни менга берсангиз уни унутасиз”, деган бўлса ҳам қайнонам ва қайнотамга “хоҳлаган пайтимизда боламизни бориб кўришимиз мумкин”, деб тескарисини айтдим.

Улар гапларимни эшитиб жим туришганда сўнгги чорани қўлладим. Боламни сўраган одамга ҳам осон тутиб бўлмаслигини, ёши қирққа қараб кетаётган бўлса ҳам тирноққа зор ўтаётганини, у ҳам Аллоҳнинг ожиз ва умидвор бир бандаси эканини жуда таъсирли қилиб гапирдим.

Қарасам улар ҳам таъсирланишди ва “бўлди, қизимизга ўзимиз тушунтирамиз”, дейишди. Эртаси куни улар уйимга келиб хотинимга анча насиҳат қилишди. Хотиним истар-истамас боламизни бегона оилага беришга рози бўлди.

Эртаси куни ўғлимни ўша хонадонга ўзим олиб бордим. Унинг бўлажак ота-онаси жуда хурсанд бўлишди ва бизни қуюқ меҳмон қилишди.

Ўшанда мен боламга катта нарх қўйдим. “Сўраган пулингни бераман дегандингиз, сўраган пулим шунча”, деб туриб олдим. Боламни олмоқчи бўлган одам бунча катта пул сўрашини кутмаган экан, бироз хомуш тортди. Тахмин қилдим, унда сўраган пулим йўқ.

У “майли, эркакнинг гапи битта бўлади, сўраган пулингизни бераман, фақат бола васийлигини нотариус орқали тасдиқлаб берасиз”, деди.

Савдолашмай сўраган пулимни беришга рози бўлгани учун унинг бу талабига хўп деб юбордим. Эртаси куни нотариусда учрашадиган бўлдик. Мен хотиним билан боламизнинг васийлигини ўша эркакка ўтказаман, у эса сўраган пулимни санайди.

Ўша куни ўғлимни янги оиласига ташлаб кетдим. Уйга бориб хотинимга ҳужжатли иш чиқиб қолганини ва нотариусда у ҳам розилик хати бериши лозимлигини айтдим. Юз қарашидан қилаётган ишимдан рози эмаслиги кўриниб турган хотиним бош ирғади.

Эртаси куни нотариусда учрашдик ва ўғлимнинг васийлигини янги ота-онасига ўтказдик. Боламнинг янги отаси пулни панароқда санаб берди ва қанча олганимни хотинимга билдирмадим.

Бошида кичик ўғлимизнинг йўқлигига бироз мослашиш қийин бўлди. Айниқса хотиним анча қийналди. Бироқ бир йилча вақт ўтиб яна ўғил фарзандли бўлдик ва хотиним у билан овунди.

Ўша пайтлар энди мустақил бўлган пайтимиз эди, хусусий тадбиркорликка йўл очилди ва мен болам учун олган пулимни тикиб савдо билан шуғуллана бошладим.

Орадан ўн йилча вақт ўтди. Бу муддатда ишларим зўр бўлиб, пулим кўпайди. Аввалига бошқалардан турли нарсаларни олиб сотган бўлсам, кейин ўзим Эронга қатнайдиган бўлдим. Пулим кўпайиб данғиллама уй қурдим. Машина сотиб олдим. Маҳаллада “фалончабой” деган номим чиқди.

Ўша пайтда Эронга маҳсулот олиб келиш учун бир ўзим бормасдим, ёнимда бошқа таниш тадбиркорлар ҳам бўларди. Эронлик асосий ҳамкорим миллати озар бўлган диндор бир йигит эди. Ҳар сафар борганимизда у бизни қардошлар деб ҳурмат қилар ва ишончга кирганимиз учун маҳсулотларни насияга ҳам берарди.

Кунларнинг бирида яна Эронга жўнадик. Бизни Машҳад шаҳрида ўша йигит кутиб олди. Уйида меҳмон бўлдик, сўнг меҳмонхонага кузатиб қўйди. Эртаси куни унинг омборига бориб оладиган маҳсулотларимни саралашим керак эди.

Тонг отгач нонушта қилиб омборга жўнадим. Борсам йигитнинг авзойи бузуқ, мен билан совуқроқ сўрашди. Бундан ҳайрон бўлдим ва бирон сабаби бордир деб индамадим.

Омборга кириб маҳсулотларни кўра бошлаган эдим, йигит ёнимга келди ва “Сизга маҳсулот бера олмайман”, деди. Мен унинг гапини “бу сафар сизга насияга маҳсулот бера олмайман”, деб тушунибман.

Унга “Насияга бермасангиз пулим етганча оламан", дедим. Йигит, “Йўқ, мени тушунмадингиз, сизга умуман нарса сотмайман. Ҳамкорлигимиз шу ерда тугади. Сизга бошқа тадбиркорлар ҳам ҳеч нарса сотмайди”, деди.

Унинг гапларига ҳайрон бўлдим ва сабабини сўрадим. У гап бошлади:

“Сиз мусулмонсиз, ҳар бир банданинг ризқини Яратган беради, буни яхши биласиз. Ана шундай ҳолатда сиз қандай қилиб йўқчилик важидан ўз фарзандингизни сотгансиз? Бу оғир гуноҳ-ку. Фарзандингизни сотмасангиз ҳам Яратган ризқингизни етказиб турарди. Мен ҳам, бошқа тадбиркорлар ҳам бундай гуноҳ ишни ҳазм қила олмаймиз ва сизга бошқа маҳсулот сотмасликка қарор қилдик. Энди омборимни бўшатиб қўйинг”.

Йигитнинг гапларини эшитиб бир пайтлар боламни сотганимга афсусланмадим, шунчаки бу ишни эронлик ҳамкоримга ким етказганини ўйлаб ғазабландим.

Ўшанда йигитнинг омборидан индамай чиқиб кетдим ва ҳамроҳларимга ҳам қарамасдан ортга қайтдим. Уйга етиб келгач нима қилиб бўлса ҳам ўғлимни қайтариб олишга қарор қилдим.

Ўшанда бу ишни аввалроқ қилган хато ишимни тўғрилаш учун эмас, балки мени эронлик ҳамкоримга ёмонлаган ҳамроҳларим олдида ўзимни оқлаш, қолаверса, Эронга яна ёруғ юз билан бориш учун қилишни хоҳлардим. Қисқаси, бир пайтлар қилган ишим нотўғри бўлганини англаб етганим йўқ эди.

Эрондан қайтгач ўғлимни боқиб олган одамникига йўл олдим. Борсам эр-хотин томорқада ишлаб турган экан. Мени кўриб худди бир ёмонликни сезгандай уларнинг авзойи бузилди.

Шундай бўлса ҳам аёл дастурхон тузади, эр чойга таклиф этди. Гапни айлантириб ўтирмадим ва боламни қайтариб олиш учун келганимни айтдим.

Бу пайтга келиб ёши элликларга бориб қолган эркак сўзларимни эшитиб кулди, сўнг гап бошлади:

“Бир пайтлар кунинг ўтмай қолганди ва йўқчиликдан қўрқиб болангни сотгандинг. Ўшанда мен сенинг олдингга бормагандим, сен менинг олдимга “боламни сотаман” деб келгандинг. Энди пулинг кўпайиб боланг эсингга тушдими? Ё бой улфатларинг камситиб, тилингни қисяптими? Диққат билан эшит, бола сени танимайди. У бизга ҳақиқий фарзандимиздай бўлиб кетган. Шу учун уни бутунлай унут ва даргоҳимга қайтиб келма. Акс ҳолда мазангни қочираман. Энди эса тур, йўқол”.

Ўша куни унга бақир-чақир қилиб нималар дедим эсимда йўқ. Болани эса кўра олмадим, уйда йўқ экан. Эртаси куни кўча бошида пойлаб турдим, ўша хонадондан мактабга отланган ўғлим чиқди, катта йигит бўлиб қолибди. Афсуски у мени танимасди. Шу учун индамадим.

Болани осон қайтариб ололмаслигимни билиб судга мурожаат қилмоқчи бўлдим. Аввал адвокат ёлладим, сўнг судга шикоят хати киритдик. Адвокат болани қайтариб олиб беришини айтиб анча пулимни олди.

Суд бошланди, бироқ воқеалар ривожи мен кутганимдай бўлиб чиқмади. Рақибларимнинг қўлида бир пайтлар мен ва хотиним розилик билдирган васийлик ҳуқуқи ҳақидаги ҳужжат бор эди.

Адвокат орқали судяга пул таклиф этдим. Бироқ у аввал иш билан танишиб чиқиши лозимлигини айтибди. Иш билан танишиб чиққач эса пул олишни рад этибди ва масалани қонуний асосда кўриб чиқишини билдирибди.

Суд мажлисида судя Ўзбекистонда болани олди-сотди қилиш жиноят эканини, бир пайтлар бўлиб ўтган ўша ишимиз тўғри бўлмаганини айтди. Сўнг ҳар икки томонга ҳам қонуний жазо кўриши мумкинлигини айтди. Гапининг давомида боламни боқиб олганларга истисно тариқасида чора кўрмаслигини маълум қилди.

Менга эса уларни ва болани тинч қўйишимни, акс ҳолда бола сотганим учун одам савдосида айблаб қаматиб юборишини айтди. Суд мажлиси тугагач адвокатим апелляция шикояти беришимиз кераклигини айтди.

Бироқ унинг мақсади мендай пулдор мижозни қўйиб юбормаслик эканини тушуниб тургандим. Шу сабабли адвокатга апелляция шикояти бермаслигимни айтдим.

Мана, ўша кунларга ҳам анча йил бўлди. Ўғлим улғайиб йигит ёшига етди. Икки йил аввал уни уйлантиришди. Ҳозир ўғлимнинг ҳам фарзанди бор. Ҳар-ҳар замонда уни кўргим келса узоқдан томоша қилиб кетаман.

Суддан кейин тадбиркорлигимни давом эттирдим, бироқ Эронга қайтиб бормадим. Ўшанда мени эронлик йигитга ёмонлаган ҳамроҳлар билан алоқаларни уздим. Дўстларим даврасидан ҳам тортилдим.

Бир пайтлар қилган ишимдан афсусдаманми? Албатта. Бироқ энди ғишт қолипдан кўчиб бўлган ва вақтни орқага қайтариб бўлмайди”.

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш