Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳакамлик судлари кўриб чиқмайдиган низолар доираси кенгайди
Ўзбекистонда ҳакамлик судлари фаолиятини тартибга солиш ва уларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган янги қонунчилик ўзгаришлари қабул қилинди.
Қонун (ЎРҚ–1141-сон, 2026 йил 21 апрель) билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, энди айрим турдаги низолар ҳакамлик судлари томонидан кўриб чиқилмайди.
Жумладан, ер муносабатлари билан боғлиқ низолар, бинолар ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини белгилаш масалалари, шунингдек бюджет тизими маблағларидан ва давлат органлари, ташкилотлари, муассасалари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналардан пул маблағларини ундиришга доир низолар ҳакамлик судлари ваколатига кирмайди.
Шу билан бирга, ҳакамлик судьялари учун янги талаблар жорий этилди. Унга кўра, улар Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган махсус ўқув дастури асосида тайёргарликдан ўтиши ва ўз билим ҳамда касбий малакасини мунтазам равишда ошириб бориши шарт.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга мувофиқ, ҳакамлик судларини қонунга хилоф равишда ташкил этиш мансабдор шахсларга нисбатан БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳакамлик битими тарафлари сифатида иштирок этган тақдирда (жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса), мансабдор шахсларга худди шундай миқдорда жарима қўлланиши белгиланди.