Ўзбекистон | 09:06 / 24.04.2026
1247
2 дақиқада ўқилади

Ҳудудларда маданий кластерлар ташкил этилади

2026 йил 1 июлдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида биттадан “Маданият меҳмонхонаси” маданий кластери инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

Қарорга кўра, ушбу лойиҳалар ҳудудларда маданият соҳасини ривожлантириш, ижодий муҳитни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолига маданий хизматлар кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

“Маданият меҳмонхонаси” маданий кластерлари орқали санъат, ижод, таълим ва маданий тадбирлар учун қулай инфратузилма шакллантирилиши кутилмоқда.

Шунингдек, 2026-2027 ўқув йилидан Республика мусиқа ва санъат техникуми ҳамда Республика эстрада ва цирк техникумида янги касбий таълим дастурлари асосида ўқитиш тизими жорий этилади. Хусусан, 2 йиллик бошланғич касбий таълим, 6 ойдан 2 йилгача бўлган ўрта касбий таълим ҳамда камида 2 йиллик ўрта махсус касбий таълим дастурлари йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, мазкур техникумларда бакалавриат таълим дастурлари билан интеграциялаштирилган “2+2” дастурлари асосида ўқитишга рухсат берилади.

Қарор билан Маданият вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактабларига қабул тартиби ҳам белгиланмоқда. Унга кўра, ўқувчилар мусиқа йўналишига 5-синфдан, рақс, театр, халқ ижодиёти, тасвирий ва амалий санъат йўналишларига эса 9-синфдан қабул қилинади.

Шунингдек, ушбу мактабларда мактаб-интернатлар учун белгиланган амалдаги нормалар татбиқ этилади. Жумладан, ўқувчиларнинг таълим олиш ва яшаш харажатлари тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан, овқатланиш харажатлари эса давлат бюджети ҳамда ота-оналар тўлови маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Маданият вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатлар битирувчиларига болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш