Технология | 08:22
660
2 дақиқада ўқилади

Нега инсонларнинг кўпчилиги ўнг қўлдан фойдаланади?

Дунё бўйлаб инсонларнинг қарийб 90 фоизи асосан ўнг қўлдан фойдаланади. Олимлар олиб борган янги тадқиқот бу ҳолат инсон эволюциясида тўғри юриш ва мия ҳажмининг катталашиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини кўрсатди.

Фото: AP

PLOS Biology журналида чоп этилган тадқиқотда олимлар 2 мингдан ортиқ маймун ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилган. Улар турли примат турларида қайси қўл устун ишлатилиши, мия ҳажми, тана тузилиши, ҳаракатланиш усули ва асбоблардан фойдаланиш каби омилларни ўрганган.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, инсонлардаги ўнгқўллик бошқа приматлардан фарқли равишда жуда юқори даражада намоён бўлади ва бу эволюцион жиҳатдан ноёб ҳолат ҳисобланади.

Байес моделлаштириши орқали ўтказилган таҳлиллар дастлаб инсонлардаги ўнгқўлликни “эволюцион аномалия” сифатида кўрсатган. Аммо моделга икки муҳим омил — мия ҳажми ва оёқ-қўл нисбати (тўғри юриш белгиси) қўшилганидан кейин натижалар инсонлардаги ўнгқўлликни изоҳлай бошлаган.

Олимлар фикрича, дастлаб тўғри юриш шаклланиб, қўллар ҳаракатланиш вазифасидан озод бўлган. Кейинчалик эса мия ҳажми катталашиб, унинг қайта ташкилланиши натижасида ўнг қўлдан фойдаланиш устунликка айланган.

Тадқиқот шуни ҳам кўрсатдики, илк гомининларда ўнгқўллик кучли бўлмаган. Ардипитек ва австралопитекларда бу тенденция ўртача даражада кузатилган бўлса, Homo erectus ва неандерталларда ўнг қўлдан фойдаланиш анча кучайган. Замонавий инсонларда эса ўнгқўллик деярли бутун популяцияга тарқалган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид