Жаҳон | 07:47
736
2 дақиқада ўқилади

Трамп Эрон билан деярли тайёр бўлган келишувга ўзгартиришлар киритмоқчи — ОАВ

Манбаларнинг сўзларига кўра, Трамп Эрон билан музокаралар давомида келишиб олинган ҳужжат лойиҳаси билан танишгач, қўшимча талабларни илгари сурган.

Фото: REUTERS

АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар якуний босқичга яқинлашган бир пайтда президент Доналд Трамп бўлажак келишувнинг айрим бандларини таҳрирлашга қарор қилди, деб хабар берди Axios.

Маъмуриятнинг юқори лавозимли амалдори ва мазкур масаладан хабардор яна бир манбанинг маълум қилишича, Трамп Америка вакиллари Эрон томони билан музокаралар давомида келишиб олган ҳужжат лойиҳаси билан танишгач, қўшимча талабларни илгари сурган.

Мансабдорларнинг сўзларига кўра, президент келишувни имкони борича тезроқ имзолашни истайди, бироқ у бир қатор масалаларда ҳужжатни янада қатъийроқ қилишни хоҳламоқда.

Axios манбаларига кўра, Трампнинг энг кўп эътирози Эроннинг ядровий дастурига оид талаблар бўйича бўлган.

Ҳозирги лойиҳага мувофиқ, Эрон ядро қуролини яратмаслик мажбуриятини олади. Шунингдек, Теҳроннинг ядровий фаолиятини чеклаш ва АҚШ санкцияларини юмшатиш имкониятлари бўйича музокаралар ўтказиш учун 60 кунлик муддат белгиланиши назарда тутилган.

Асосий масалалардан бири бойитилган уран захиралари ва уни ишлаб чиқаришга нисбатан қўйиладиган кейинги чекловлар бўлиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, АҚШ президенти Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар ҳаракатига оид айрим бандларни ҳам қайта кўриб чиқишни таклиф қилган.

Вашингтоннинг қўшимча талабларига қарамасдан, АҚШ маъмурияти келишувни якунлашга жуда яқин қолганини таъкидламоқда.

Оқ уйнинг юқори лавозимли амалдорларидан бири Америка томони керак бўлса президент талабларига тўлиқ жавоб берадиган ҳужжат тайёр бўлгунига қадар кутишга тайёр эканини билдирган.

Манбаларга кўра, Эрон томонига янги таклифларга жавоб тайёрлаш учун бир неча кун керак бўлади.

Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида АҚШ ва Эрон 60 кунлик сулҳ, Ҳўрмуз бўғози орқали кемаларнинг эркин ҳаракатланишини тиклаш ҳамда Эроннинг ядровий дастури бўйича музокараларни бошлашни назарда тутувчи ҳадли келишувга яқинлашгани хабар қилинганди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид