Спорт | 22:23 / 17.06.2026
1242
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Роналду бошламоқда – ЖЧ кундалиги

ЖЧдаги биринчи тур ўйинлари тугай деб қолди. Олдинги кундалигимиздан кейин яна тўртта гуруҳда ўйинлар ўтказилди. Испания дебютант жамоани енга олмади, Эронни ўйин тугаши билан қувишди, Осиё жамоаларининг мағлубиятсиз серияси бузилди. Мбаппе, Ҳолланд ва Месси мундиални жуда зўр бошлади.

Испания оқсади

Мусобақанинг асосий фаворити деб қаралаётган Испания мусобақани Африка вакили бўлган дебютант Кабо-Верде билан дуранг ўйнаб бошлади. Бутун ўйин ҳужум қилган испанлар борорта гол ура олмади. Мусобақадан олдин испанларнинг кучсиз томони деб қаралган ҳужум чизиғи чиндан панд берди.

Ҳужумда кимлар ўйнаганини қаранг: Микел Оярсабал, Ферран Торрес, Гави. Бу футболчиларни камситиш адолатдан бўлмайди, лекин Ферран «Барса»да вазиятлар кушандаси экани, Гави ҳужумчи эмаслиги, Оярсабал ўртамиёна ҳужумчилар сирасига киришини ҳамма билади. Микел Евро финалида Испанияга соврин олиб келган ғалаба голини урган, Ферраннинг ҳам ўйини чиқиб қолса, кўп гол уради, лекин айнан Кабо-Верде билан ўйинда Испания ҳужум чизиғи ўзини кўрсата олмади.

Испания учун ҳужумчисиз ўйнаш янгилик эмас. Масалан, Евро-2012 финалида испанларда ҳужумчи сифатида Фабрегас, Давид Силва ҳамда Иниеста ўйнаган. Яъни, «Қизил фурия» ҳужумчисиз ўйнаб ҳам, бемалол тўртта гол уриб, чемпион бўлган. Ўзи Испанияда Торрес ва Вилядан кейин ёрқин ҳужумчи чиқмай ҳам қўйди-да. Яримҳимоя доим кучли бўлгани учун бу камчилик билинмай келган.

Испаниядек кучли жамоага биргина ўйин билан баҳо бериш адолатдан эмас. Улар 2010 йил ҳам ЖЧни мағлубият билан бошлаган. Ямал яхшироқ формага кирса, Ферран тўпурар бўлиб кетса ҳам, ажабланманг.

Гуруҳдаги иккинчи тўқнашвда Саудия Арабистони Уругвай билан ўйинда ғалабани сақлаб қола олмади, лекин осиёликларнинг мағлубиятсиз сериясини давом эттирди. Шу куни «G» гуруҳидаги икки ўйинда ҳам дуранг натижа қайд этилди. Белгия ва Миср, тўғриси, ўртача ўйин кўрсатди. Белгия олтин авлодининг қолган аъзолари олдинги каби ёрқин ўйин кўрсата олмади, Мисрда ҳам асосий юлдуз Салоҳ ўз даражасида эмас. Ўйинни кўргач, бу жамоалар мусобақада узоққа боришига шахсан мен ишонмадим.

Қайтанга гуруҳнинг иккинчи ўйини қизиқ кечди. Катта қийинчилик билан Америкага етиб борган Эрон Янги Зеландия билан дуранг ўйнади. Зеландиядан Жаст деган йигит иккита гол урди. Ҳар икки голда АПЛ юлдузи Крис Вуд ассистент бўлди. Эронда ўзбекистонлик мухлисларга яхши таниш «Истиқлол» ҳимоячиси Рамин Ризоян қаҳрамон бўлди. У аввал ўзи гол урди, кейин Моҳибининг чиройли голига пас берди ва ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Бу ўйинда Эроннинг ғалабасини кутгандим, чунки форслар Янги Зеландиядан анча баланд даражада. Лекин уруш сабаб футболчилар ўйин амалиётисиз қолгани, мураккаб тайёргарлик жараёни, Америкадаги босимлар, руҳий муаммо сабаб эронликлар ўз услубларида агрессив ўйин кўрсата олишмади. Шунингдек, Эронда ҳам биз каби чемпионатдан кейин авлодлар алмашинуви бошланиб кетса керак. Ўйин темпи аввалгидек эмаслигига футболчилар ёш эмаслиги ҳам таъсир кўрсатади.

Ўйин тугаши билан ташкилотчилар эронлик футболчилардан Америкадан чиқиб кетишни талаб қилган. Мураббийнинг айтишича, футболчиларга ҳеч бўлмаса меҳмонхонада ухлаб олишга ҳам имкон беришмаган. Ўйин тугаши билан дарҳол самолётга чиқиб кетиш футболчилар тикланиш жараёнига салбий таъсир кўрсатишини билиш учун физиотерапевт бўлиш шарт эмас. Майдонда терлаб-пишиб югурган одам учун энг керак нарса ювиниб, овқатланиш ва яхшигина ухлаш. Бусиз инсон танаси уч кунда тикланиши жуда қийин. Қитъадошларимиз Америкадаги мундиални ана шундай босимлар билан ўтказишга мажбур.

Мбаппе ва Ҳоландда дубл, Месси эса...

Кеча тунда ва бугун тонгда ўтказилган ўйинлар жуда ёрқин ўтди, бирорта дуранг бўлмади, Осиё жамоларининг мағлубиятсиз серияси бузилди. Франция Сенегални ишончли тарзда енгди – 3:1. Бу ўйин, афсуски, 2002 йилдаги афсонавий учрашув каби эсда қоларли бўлмади. Фаранглар биринчи бўлимда қийналди, лекин Дешам танаффусдан кейин шогирдларига улар охирги икки мундиал финалчиси эканини эслатиб қўйган кўринади. Аввалига ҳаддан ташқари кўп юлдузлар сабаб жамоада тушунмовчилик бордек кўринганди, лекин доим юлдузли таркибга эга бўлган Франция ўйинни изига тушириб олди.

Сенегалнинг ҳимоясини 66-дақиқада Олисе заргарона узатмаси билан ёриб ўтди. Унинг ҳимоячилар орасидан туриб берган узатмасини Килиан Мбаппе биртепар усулида олис бурчакка жойлаб қўйди. Кейинроқ Рабионинг Олисеча узатмасини Барколя голга айлантирди. Бу вазиятлардан олдин Мане жарима майдончаси ичида Мбаппени қўполлик билан тўхтатиб қолганди. Лекин ўзбекистонликлар яхши танийдиган Алиризо Фиғоний негадир яққол фол бўлган ҳолат учун пеналти бермади.

Ҳакам томонидан қўшиб берилган 90+4-дақиқада Сенегал битта гол уриб, интригани кучайтирди, лекин охирги сонияларда Мбаппе ўз услубида жуда кучли зарбаси билан ўйинга якуний нуқтани қўйди – 3:1. Киллианнинг бу голи унинг кумири Роналдунинг ЕЧЛда «Порту»га урган голини ёдга солди.

Ўйиннинг энг яхши футболчиси деб Майл Олисе топилди, лекин бу ўйинда Мбаппе ҳамон дунёнинг энг кучли футболчиси эканини исботлади. Тўғриси, дунё футболида ҳозир унга тенг келадиган футболчи бор деб ўйламайман. Бунақа техника, бунақа тезлик, бунақа зарба, бундай жой танлаш... Бироз инжиқлигини ҳисобга олмаса, Мбаппеда ҳеч қандай камчилик, нуқсон йўқ. Ҳақиқий жаҳон даражасидаги даҳо футболчи.

Куннинг икки ўйинида Осиё жамоалари мағлуб бўлди. Шу кунгача қитъадошларимиз мағлубиятсиз келаётганди. Ироқ Норвегия билан курашиб кўрди, бироқ Ҳоланд ўз даражасини исботлаб иккита гол урди ва битта ассист бериб, ўйин тақдирини ҳал қилди. Бунақа гол машинаси бор жамоа охирида чемпион бўлиб кетса ҳам, ажабланманг. Куннинг охирги ўйинида Марко Арнаутович бошчилик Австрия Иорданияни енгиб, плей-офф томон катта қадам ташлади.

Куннинг энг жўшқин ўйини ҳақида эса боя гаплашгандик. Аргентина Мессининг бенифисига айланган ўйинда Жазоирга имкон қолдирмади. Бу ўйинда ҳамма Мессининг голларига эътибор қаратмоқда, ваҳоланки, Аргентинанинг бошқа чизиқлари ҳам рақибга имкон қолдирмади. Кўпчилик фаворит сифатида Европа жамоаларини тилга оляпти, лекин амалдаги чемпион Аргентина ғолибликни ҳимоя қилса ҳам, ажабланманг.

Ўзбекистон бошламоқда

Бугунги «match day» биз учун ҳаяжонли бўлади. Гуруҳ босқичининг биринчи тури айнан бизнинг Колумбияга қарши ўйинимиз билан якунланади. Ўйин Тошкент вақти билан 07:00 да бошланади ва эртага Ўзбекистондаги барча ташкилотларда иш вақти соат 10:00 дан деб белгиланди. Давлат одамлар футболни бемалол кўриб олсин деб шундай шароит яратиб берди.

Куннинг марказий ўйини Англия ва Хорватия ўртасида кечади. Лекин бу ўйинни кўришни, тўғриси, тавсия қилмайман, яхшиси Ўзбекистоннинг ўйинигача ухлаб олинг. Мен эса дўстим Ҳарри Кейн учун баҳсни албатта томоша қиламан.

Бугун 22:00 да мусобақа фаворитларидан яна бири, гуруҳдошимиз Португалия Конгога қарши ўйнайди. Боя айтганимиздек, Конго посбонига осон бўлмайди. Биз учун бу ўйинда нима бўлиши эса иккинчи даражали. Энг асосийси тарихий ўйинда Ўзбекистон миллий жамоасига куч-қувват тилаймиз. Элдор бошчилик йигитларимиз бутун миллатимиз учун майдонда муносиб курашишларига ишонаман. Олға, йигитлар, бутун миллат сиз билан. Натижа қандай бўлишидан қати назар сиз биз учун энг яхшисиз. ЖЧга чиқиш, унда биринчи ўйин ҳаяжонини ҳис қилишнинг ўзи такрорланмас катта натижа. Футболчиларимизни дуо қилинг, илоҳим юзлари ёруғ бўлсин.

Ўткир Жалолхонов
Муаллиф Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш