Соғлом ҳаёт | 22:42 / 19.06.2026
596
3 дақиқада ўқилади

Бўғимлар саломатлиги учун фойдали 5 та маҳсулот саналди

Артрит, сурункали бўғим оғриғи, волчанка, подагра ва бошқа яллиғланиш касалликлари билан оғриган одамлар овқатланиш рационига алоҳида эътибор қаратиши керак.

Фото: Depositphotos

Ревматологларнинг таъкидлашича, баъзи маҳсулотлар организмга яллиғланиш жараёнларини камайтиришга ва бўғимлар саломатлигини сақлашга ёрдам беради, деб ёзди Verywellhealth. Уларнинг таъкидлашича, парҳез - бу касалликка қарши сеҳрли восита бўлмаса-да, кучли восита.

Зайтун мойи

Ревматологлар биринчи совуқ сиқилган зайтун мойини энг фойдали маҳсулотлардан бири деб атади. Унинг таркибида яллиғланишга қарши хусусиятларга эга бўлган олеокантал бирикмаси мавжуд. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу модданинг таъсири ибупрофен таъсирини эслатади. Бундан ташқари, зайтун мойи қон томирларини ҳимоя қилишга ёрдам беради ва иммунитет тизимига ижобий таъсир кўрсатади.

Ëғли балиқ

Ревматологлар рационга ҳафтасига икки марта ёғли балиқ киритишни тавсия этади. Айниқса, қуйидагилар фойдали ҳисобланади: лосось; скумбрия; сардина; анчоуслар. Ушбу маҳсулотлар ревматологияда энг кўп ўрганилган озуқа моддаларидан бири ҳисобланган Омега-3 ёғ кислоталарига бой. Омега-3 ни мунтазам истеъмол қилиш баъзи аутоиммун касалликларнинг ривожланиш хавфини камайтириши мумкин.

Клетчаткага бой маҳсулотлар

Яллиғланишга қарши овқатланишнинг яна бир муҳим таркибий қисми клетчатка ҳисобланади. Мутахассислар уни табиий маҳсулотлардан олишни маслаҳат беришади: сабзавотлар; мевалар; дуккаклилар; бутун дон маҳсулотлари. Шифокорларнинг таъкидлашича, етарли миқдордаги клетчатка яллиғланишни камайтиришга, соғлом вазнни сақлашга ёрдам беради ва ичак фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.

Ферментланган маҳсулотлар

Ревматологлар ферментланган маҳсулотларга алоҳида эътибор қаратишни маслаҳат беришди: тузланган карам; кимчи; табиий бижғирган бошқа маҳсулотлар. Мутахассислар ичак микробиомаси саломатлиги иммун тизимининг ишлашига бевосита боғлиқлигини тушунтиришди. Хусусан, ферментланган маҳсулотларни мунтазам истеъмол қилиш фойдали бактериялар хилма-хиллигини оширади ва организмдаги яллиғланиш белгиларини камайтириши мумкин.

Ёнғоқлар

Мутахассислар ревматологик касалликларга чалинган ҳар бир беморнинг уйида бўлишини тавсия этган яна бир маҳсулот бу ёнғоқлар, айниқса бодомдир. Уларда оқсил, клетчатка ва фойдали тўйинмаган ёғлар мавжуд бўлиб, улар юрак саломатлигини сақлашга ва яллиғланиш жараёнларини камайтиришга ёрдам беради.

Эслатиб ўтамиз, тиббиётга алоқадор янгиликлар тавсиявий хусусиятга эга, муҳим қарор қабул қилишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашинг.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш