Авто | 10:07
1165
3 дақиқада ўқилади

30 йиллик машиналар учун мажбурий тўлов бўлмайди

Ўзбекистонда 30 йил ва ундан ортиқ муддат фойдаланилган автомобиллар эгалари учун ҳар йили мажбурий экологик компенсация тўловини жорий этиш режасидан воз кечилмоқда. Жамоатчилик муҳокамалари натижасида баҳсларга сабаб бўлган мазкур норма қонун лойиҳасидан чиқариб ташланиши маълум қилинди.

Сунъий интеллект яратган сурат

8 июл куни Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигида фойдаланилган автомобилларни утилизация қилиш тизимига бағишланган матбуот учрашуви бўлиб ўтди. Унда агентлик мутасаддилари қонун лойиҳаси юзасидан келиб тушган таклиф ва эътирозларга муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, республикада қарийб 5 миллион автотранспорт воситаси мавжуд бўлиб, уларнинг 100 мингга яқини носоз ҳолатда. Мутахассислар фикрича, айнан шундай автомобиллар шаҳарлардаги зарарли ташламаларнинг 63 фоизини чиқармоқда. Шунингдек, битта эски автомобил утилизация қилинганда металл ва пластикдан ташқари 50 килограммгача хавфли чиқиндилар ҳам ажралади.

Шу муносабат билан автомобил паркини босқичма-босқич янгилашга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бироқ жамоатчилик муҳокамалари чоғида энг кўп танқид қилинган норма — 30 йил ва ундан ортиқ вақт аввал ишлаб чиқарилган автомобиллар эгалари ҳар йили базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари миқдорида экологик компенсация тўлаши ҳақидаги талаб лойиҳадан бутунлай чиқариб ташланмоқда.

Агентликка кўра, янги ёндашув мажбурлаш эмас, балки иқтисодий рағбатлантириш тамойилига асосланади.

Таклиф этилаётган тартибга мувофиқ, очиқ ва шаффоф тендерлар орқали автомобилларни баҳолаш ва утилизация қилиш билан шуғулланувчи мустақил корхоналар тармоғи ташкил этилади. Эски автомобиллар бозор қиймати бўйича баҳоланади, ҳатто ҳаракатланмайдиган транспорт воситалари ҳам мутахассислар томонидан жойига чиққан ҳолда кўрикдан ўтказилади.

Автомобил эгасига баҳоланган қиймат нақд пул кўринишида ёки махсус ваучер сифатида берилади. Ваучердан расмий дилерлар орқали янги автомобиль сотиб олишда бошланғич тўлов ўрнида фойдаланиш мумкин бўлади. Қолган маблағни эса 2 йилдан 7 йилгача бўлган муддатда мутлақо фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилиши режалаштирилган.

Фуқаро ваучердан фойдаланишни истамаса, унинг қийматини бир ой ичида нақд пул шаклида олиши мумкин.

Агентлик таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳаси ҳали якуний қабул қилинмаган. Ҳужжат жамоатчилик, соҳа мутахассислари ва манфаатдор ташкилотлар билан муҳокамалар давомида янада такомиллаштирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид