Жамият | 21:40
1694
11 дақиқада ўқилади

 “Оч қолмаслик учун вайнер бўлдик” – “Туртки” подкастида бир дард бирлаштирган учлик

Фотима Назарова, Шаҳзода Албаева ва Комила Муродовани нафақат вайнлар, балки оғир ҳаёт синовлари ҳам бирлаштирган. Бири саҳнада тан олинмаган, бири тўрт нафар фарзандини катта қилиш учун курашган, яна бири болаликдаги буллинглар сабаб актрисалик орзусига етишишни мақсад қилган. Улар қийинчиликларни юморга айлантириб, ижтимоий тармоқларда ўз аудиториясини топди. Аммо даромадга муҳтож бўлса ҳам, дори, клиника ва ишончсиз қурилишлар рекламасидан воз кечишини айтмоқда.

Kun.uz халқ орасида ўз аудиториясига эга бўлаётган учлик Соҳиба қалпоқ, Комилалоло ва Шаҳзода Зарифжоновна тахаллуси билан фаолият юритаётган вайнерлар билан суҳбатлашди.

"Уч қисмат – бир дард!"

Дард! Кўзёшлар ва яшаб қолиш учун кураш! Баъзан ҳаёт синовлари кимнингдир қаддини эгиб қўйса, баъзилар эса қайта оёққа туриш учун тинимсиз меҳнат қилади. Бизнинг орамизда шундай инсонлар борки, уларнинг йўлларини дард бирлаштирган. Ҳар қандай қайғуни кулги билан енга олган. Танлаган касбида ишлаш учун жудаям кўп эшиклар олдида сарғайган бўлса-да, аммо саҳна уларни танламади. Ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши уларнинг истеъдодларини юзага чиқариш учун майдон бўла олди. Ҳатто улар билан гаплашишни истамаган, қадрини ерга урганлар бугун ич-ичидан уларнинг қайта оёққа турганига жимгина тан беришгани ҳақиқат!

Бугунги суҳбатдошларимиз шак-шубҳасиз юқоридаги эътирофларга лойиқдир. Вайнерлар Фотима Назарова, Шаҳзода Албаева, Комила Муродова. Бу учлик бирлашишдаги олий мақсадлари яшаб қолиш учун кураш эканлигини беркитишмади. Оддий содда ўзбегим аёллари. Гарданидаги масъулият ўлароқ дардни юморга алмаштира олган бу опа-сингилларимиз, пулсиз қолсак-да “биз 3 турдаги рекламаларни оммага олиб чиқмаймиз” – дейишмоқда. Принципли улар.

Тан олиш керак бугунги кунда вайнларга кўпчиликнинг муносабати яхши эмас. Қабул қилишолмайди. Бир замонлар одамлар маҳаллада, чойхонада, тўй-томошаларда йиғилиб қолганда айтиладиган маиший муаммолар, бугун замон зайли билан интернетга кўчди. Кимдир бачканалик қилса, яна кимдир баъзи муаммоларни кулгига айлантириб тармоққа жойламоқда. Аслида интернет жанрларидан бирига айланган вайнлар дастлаб Францияда 1895 йилдан, бундан 131 йил олдин илк марта бор-йўғи 45 сониялик “L'Arroseur arrosé” (“Сув сепувчи”) номли комедик филм кўринишида тасвирга олинган. Воқеаси қуйидагича. Боғбон сув сепмоқда бир бола келиб, боғбоннинг шлангини босиб туриб, сув келишини тўхтатмоқда. Бир қарашда у қадар кулгили эмасдек. Аммо ўша давр учун бу ҳам янгилик ўлароқ, санъатда янги жанр пайдо қилган. Томошабинлар эса буни кулгили деб ҳисоблаган ва завқланишган. Давомийлиги нуқтаи назаридан ҳозирги вайнларга ўхшашроқ, сезгандирси?.. Яъни кино тарихидаги илк комедиялардан бири ҳозирги вайн билан деярли тенг бўлган.

Биз вайнлар яхши ёки ёмон деган фикрни муҳокама қилишдан йироқмиз. Томошабиннинг ўз муносабати бор ва вайн томоша қилиб катта бўлаётган авлод шаклланди. Нима бўлса-да ҳаётимизнинг бир бўлагидир вайнлар. Эътиборингизни тан олинмаган иқтидорлилар вайнлар орқали истеъдодини намоён этиб, оиладаги масъулиятини адо этаётган учлик Фотима Назарова, Шаҳзода Албаева, Комила Муродовага қаратмоқчимиз.

Фотима Назарова асли ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Мусиқали драма йўналишида таҳсил олган. Шаҳзода Албаеванинг асл касби иқтисодчи. Комила Муродова эса ҳамшира бўлиб ишлаган. Жамоа тасвирчиси ва монтаж устаси Фотима опанинг 17 ёшли ўғли Маҳмуд. Сценарий муаллифи ва маъмур Шаҳзода. У “Фотима опанинг тажрибасига суянаман” - демоқда. Санъат соҳасида таълим олмаган Шаҳзода ва Комилада актриса бўлиб машҳурликка эришиш истаги болалигиданоқ пайдо бўлган экан. Жамоани жам қилган сардор бу Фотима опа Назарова.

Бобур Мансуровга бориб юрганимда, биринчи Шаҳзодани кўрганман. Мана шу қиз зўр дедим уларга айтдим-да. “Ёмон” типаж дедим. Шунақа қилиб, кейин Комила биз билан ишлайсанми десам, Раҳмиддин билан ишларди. Ҳа, деди. Шу билан Бобурлар, майли, сизга бўлса майли опа деди. Кейин Шаҳзодани ҳам Бобур Мансуровда кўрдим. Вой, опа, сизнинг мухлисингизман деди кейин. Вой, айланай дедим-да, кейин, Шаҳзода, сценарий ёзасан-ку, бизга ўт деб, шунақа қилиб бирлашиб кетдик.” – деб хотираларни эслади Фотима Назарова.

Биз дори реклама қилмаймиз”

Жамоадан рекламаларни саралаш масаласида ўз муносабатларини сўрадик. Шу нарса маълум бўлдики, улар 3 турдаги рекламаларни оммага эълон қилишмас экан.

Биз дорини ҳеч қачон реклама қилмаймиз. Умуман олмаймиз дори рекламасини. Кейин клиникаларни реклама қилмаймиз. Сабабчи бўлиб қолишдан қўрқамиз. Чунки ҳаммани организми ҳар хил. Энг охиргиси қурилишларни ўйлаб қиламиз, қилсак агар. Қарғишга қолмайлик деб қурилишни ҳам ўйлаб кўрамиз.

Ризқимиз албатта келади”...

Ҳеч ўйлаб кўрганмисизлар, YouTube, Instagram платформаси бор ҳозир. Агар шу платформаларга чекловлар бўлиб қолса ёки тўхтатилса ёки йўқолиб қолса-да. Нима бўлади кейин? Шу ҳақида ўйлаганмисизлар деб сўрадик улардан.

Ўйлаганман”, – дейди Шаҳзода. “Айтаман-ку, бирхилликдан зерикаман деб. Бу йўналишдан ҳам зерикиб қолмайман деб жавоб бера олмайман ўзимга. Излаганга йўл кўп. Хавотир олмаймиз. Ризқ бергувчи Аллоҳ. Бизнинг шиоримиз шу. Ризқ Аллоҳдан. Биз бу йўналишда бўламизми, бошқа йўналишда бўламизми, мана шу нонимиз келади барибир. Қўрқув йўқ. Йўқ, йўқ, умуман қўрқмаслик керак”.

Вайнлар вақтинчалик!”

Фотима опа Сиз нима деб ўйлайсиз, вайнларнинг умри қанча, қанча вақтдан кейин вайнларни халқ қабул қилмай қўяди, сизнингча?

Менимча, тегирмон навбати билан дейди-ку. Бир маҳаллар кино зўр эди. Ундан кейин сериаллар зўр бўлди. Сериалдан кейин секин-секин комедия ривожланди. Мана энг қисқаси вайнлар, энди одамларнинг бошқасига сабри қолмади. Ҳозирча ўша Instagram. Бу ҳам бир кун йўқ бўлади. Ҳамма нарса айланиб келаверади. Энди қачон йўқ бўлади, уни Аллоҳ билади. Ўша қўрқмаслик керак. Аллоҳнинг айтганини қилиш керак. Ризқни бераверади. Вайндан кейин. Ўзи шунақа чевар, шунақа йўлини қилиб қўяди. Мен олдин қўрқардим. Ростдан ҳам Аллоҳни танимасдан олдин мен қўрқардим. Эртага нима бўлади, нима қиламан, оч қолсак-чи, унақа қилсак-чи, қайғуга ботар эдим. Ҳозир битта ҳам қайғурмайман. Чунки Аллоҳим бор. Меҳрибон.”

Тўртта чақалоқ. Тўрт қути бўтқа”

Фотима Назарованинг фикрларига Шаҳзода Албаева қўшимча қилди.

Бизни ҳаёт шунақа тарбиялаб қўйди-да. Биз оч қолишдан ёки ризқимиз келмай қолишидан қўрқмайдиган бўлиб қолдик. Қўрқмайман. Қийинчиликлар шунақа қилиб қўйди десак ҳам бўлади. Вақтида, айтаман, тўртта чақалоқ. Тўрт ўрам таглик, тўрт қути бўтқа деганида бу арзон нарса эмас. Буни бошга тушганлар билади. Битта бўтқа ва таглик олсак, икки кунга етади. Мана бугун олсам, бугун хурсанд бўламан, эртага едираман, индинига яна ўйланишим керак. У бўтқа қурғур ҳам арзон нарса эмас. Ўша пайтлар Фотима опа айтмоқчи, эртага нима қиламан деган қўрқув бор эди. Кейин ўзимни ўзим касал қиламан қарасам. Ўша қўрқувни қўйиб юборганимдан кейин ҳаётим шунақа яхшиланиб кетди, ишонинг. Инсонлар ўша қўрқувни қўйиб юбориш керак ўзидан.”

5000 доллар йиғилди”

Фотима Назарова узоқ йиллар давомида ўз уйи бўлишини орзу қилиб яшаган. Халқнинг ёрдами билан бугун ватанли бўлдим демоқда суҳбатдошимиз.

Аллоҳга шукур, 30 йил деганда мана шу уйни қуриб олдим. Ҳали камчиликлари роса кўп. Мен бўлмаса, карта қўйинглар, менга ёрдам беринглар деганим йўқ халққа. Шунчаки ҳаётимни гапириб бердим, холос. Раҳми келиб, шунақа яхши инсонлар бор экан. Кейин 5000 доллар йиғилди. Шу сабаб бўлди. 5000 долларга бетонини қуйдим. Кейин бу ёғи яна хайр-эҳсон, рекламалар, бартерлар, хуллас уй битди. Мен ҳақимда, менинг оилам, болаларим ҳақида яхши дуода бўлганлардан илоҳим, Аллоҳ рози бўлсин, икки дунё саодатини берсин.”

Бир тийинга олишмаган”

Халққа танилмасимдан олдин, лекин роса ерга уришган, уни биламан. Энди уни айтиб ўтиришим шарт эмас. Муқимий театрида ишлаганман. Кўп жойларда бўлганман. Бир тийинга олишмаган. Ана энди ҳозир юзага чиққандан кейин олишяпти, майли. Шунақа. Лекин ўша ҳеч ким бўлмаган пайтимда ҳам Фоти-Фоти, Фотима деб қўллаганлар бор, санъаткорлар ичида.” – дея қадрсизлантирганлардан ранжиганини беркитмади қаҳрамонимиз.

Контент фикрларни ўзгартириши мумкин”

Оила ва турмушдаги баъзи муаммолар сабаб, 4 нафар эгизак фарзандларни катта қилиш учун янада курашишга бел боғлаган Шаҳзода Албаеванинг Instagram саҳифасидаги контентлар асосан хотин-қизларга мотивация беришга қаратилган. Шаҳзоданинг кузатувчилари асосан 20-35 ёш оралиғидаги экан. Ва биз суҳбатдошимизга саҳифангизга жойлаётган контентларни саралайсизми, ҳеч ўйлаганмисиз, кимгадир таъсир қилиб қўймадимми, мисол учун кимнингдир ҳаётини ўзгартириб юбормаяпманми деб хавотир бўладими деб савол бердик.

Ўйлаганман, чунки жуда кўп одамни бошқа тарафлама, ёмон тарафга ҳам буриб юбориши мумкин контентимиз. Фикрини ўзгартириши мумкин-да. Ўшанда комментарияга ёзади, шахсий директимга ёзишади, аёл-қизлар жуда кўп муаммолари билан. Айтаман, ҳар кимнинг ҳаётидаги вазият ҳар хил. Ҳолатлар ўхшаш бўлиши мумкин, лекин вазият бошқача. Агар оилани ушлаб қоладиган вазият бўлса, у вазиятда имкон борича ушлаб қолиш керак дейман.

Тўлиқ интервюни қуйидаги ҳавола орқали томоша қилинг.

Манижа Баҳриева
Муаллиф Манижа Баҳриева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид