Join KUN.UZ Telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! Аъзо бўлиш
x
Қиш ва баҳор кунлари бозордаги қимматчилик нимага боғлиқ экани маълум қилинди
20:15 / 21.12.2017
35468

Қиш мавсумида бозордаги нархнинг кескин ўзгарувчанлиги республика бўйлаб маҳсулотларни сақлаш омборхоналарининг камлигига узвий боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси Сенатининг XIII ялпи мажлисида сенатор Сайёра Баратова қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилиши назарда тутилган лойиҳалар бозордаги нархга қандай таъсир ўтказишига қизиқди ҳамда шундай савол билан Бош вазир ўринбосари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зойир Мирзаевга юзланди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, вазир Зойир Мирзаев «Ўзбекистон аҳолисининг асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабига мос равишда маҳсулотлар етиштириб, бозорларга етказилишини билдирди». Табиий савол пайдо бўлади: у ҳолда, нима учун қиш мавсуми бошланиши билан баҳорнинг май кунларига қадар бозордаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи ошади? Вазирнинг таъкидлашича, ушбу масала етиштирилган маҳсулотларни белгиланган тартибда сақлаб туриш имконияти чеклангани билан боғлиқ.

«Республикада ишлаб чиқарилган барча (қишлоқ хўжалиги) маҳсулотларнинг 4,5 фоизини омборхоналарда сақлаш имконияти бор. Умумий ҳисобда 430 минг тонна ҳажмли омборхона мавжуд бўлиб, уларда 472минг тонна ҳажмли музлатгич мосламалари ишлаб турибди. Бу рақамлар шундан далолат берадики, 12та шаҳар ва 47та туманда сиғимлар (музлатиш омборхонаси) йўқ. Масалан, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи аҳолининг талабларидан келиб чиқиб, 92минг тонна маҳсулотни сақлаш омборхонаси етишмаслиги аниқланган», дейди вазир.

Бош вазир ўринбосарининг айтишича, мана шу омил қиш мавсумида бозор нархининг кескин ўзгарувчанлигига катта таъсир ўтказади. Деҳқонлар шу кунгача маҳсулотларни сақлашнинг анъанавий усулларидан, яъни ерга кўмиб сақлаш технологиясидан фойдаланади. Бундай усулни соҳада қўллаш эса фермернинг чўнтагига зиён келтириши аниқ.

«Айнан бозордаги маҳсулотларнинг узилиши март ойининг илк кунларидан кузатилади. Шу боисдан, жорий йилда шундай узилиш даврида омборхонада сақланган 211 минг тонна картошкани халққа етказиб бериш кафолати таъминланган. Захирага олинган картошка маҳсулотлари фермер хўжаликларидан тузилган шартномага асосан сотиб олинди», деб маълумот берди Бош вазир ўринбосари.

Зойир Мирзаевнинг айтишича, маҳсулотларни омборхонада сақлаш учун 2018 йилда музлатгич билан жиҳозланган 111 минг тонна ҳажмли шундай бинолар қурилиши режалаштирилмоқда. Амалдаги маҳсулотларни омборхонада сақлаш кўрсаткичи эса 9,5 фоизга кўтарилади. Ундан ташқари, аҳолининг маҳсулотларга бўлган талабини тўлақонли қоплаш учун 480 минг тонна ҳажмли музлатгич билан жиҳозланган омборхона янгидан қурилиши шарт.


Улашинг
Top