Join KUN.UZ Telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! Аъзо бўлиш
x
Қонунга хилоф таклиф 
16:55 / 02.01.2018
33137
Иллюстратив сурат. Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда бозор муносабатларини чуқурлаштириш, иқтисодиётни, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ушбу соҳа вакиллари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, улар ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш борасида диққатга молик ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Табиийки, тадбиркорлар ана шундай эътибор ва ғамхўрликларга жавобан турли йўналишларда самарали фаолият юритмоқдалар, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Аммо айрим кимсалар борки, улар берилаётган имконият-имтиёзлар ва яратилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, ўз бизнесини йўлга қўйиш ўрнига, мўмай даромад илинжида амалдаги қонунларни менсимасдан, товар-моддий бойликларни божхона назоратидан яширинча олиб ўтишга уриняптилар. Бекободлик Шаҳноза Нуруллаева (исм-фамилияси ўзгартирилган) шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган тожикистонлик Элёр исмли шахс билан танишиб қолади. Элёр унга “бизнес” қилишни таклиф этади. Яъни, Бекобод шаҳрида жойлашган “Фарҳод” чегара постидан Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний йўл билан маҳсулот олиб ўтиб берса, хизмат ҳақини беришини айтади. Ноқонуний бўлса-да, пулнинг дарагини эшитган Ш.Нуруллаева унинг таклифига рози бўлади.

Элёрнинг топшириқларига асосан Шаҳноза ўзининг яшаш манзилига божхона постидан тўсиқсиз ўтиб-қайтиш имтиёзларидан фойдаланган ҳолда, турли кийим-кечак маҳсулотларини божхона қонун ҳужжатларини бузиб, бир неча бор олиб ўтиб келади. Маҳсулотларни Ўзбекистон ҳудудига ўтказиб, танишларининг хонадонига яшириб қўяди.

Кўза кунда эмас, кунида синади, деб бежизга айтишмаган. СВОЖЖДЛҚК департаментининг Бекобод шаҳар бўлими ходимлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари томонидан ҳудудда олиб борилган тезкор тадбирда Ш.Нуруллаеванинг қинғир фаолиятига чек қўйилди. Маҳсулотлар сақланаётган хонадон кўздан кечирилганида, тўрт турдаги, ҳеч қандай ҳужжатларсиз, умумий баҳоси 203 млн. 405 минг сўмлик кийим-кечак маҳсулотлари борлиги маълум бўлди ва ашёвий далил тариқасида олиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Давлат томонидан берилган имтиёзларни суиистеъмол қилиб, нафсининг қулига айланган Ш.Нуруллаевага суд томонидан қонуний жазо тайинланди.


Улашинг
Top