Коррупция нимадан бошланади?
23:02 / 03.01.2018
75015

Халқ тилида соддагина қилиб - порахўрлик, кенг маънода коррупция, деб аталувчи ҳодиса барча ислоҳотлар илдизига болта ураркан, ушбу мақолада уни келтириб чиқарувчи сабаб ва қарши кураш чораларини таҳлил этамиз.

Коррупция нима ўзи?

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги расмий сайтида ёзилишича, «Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир»​. Аслида коррупция бирор мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир. Атама, энг аввало, сиёсий аппарат ходимларига нисбатан фойдаланиши одатий тусга кирган.

Иқтисодчи Бэрдҳеннинг фикрига кўра, макроиқтисодий ривожланиш кўрсаткичига энг катта салбий тўлқинни олиб кирувчи омил айнан коррупция ҳисобланади. Унинг кўринишлари турлича бўлиши мумкин: порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик, непотизм ва ҳ.к.

Коррупциянинг келиб чиқиш илдизи қаерда?

Унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, коррупцияга қарши курашнинг самарали йўлларини топиш бўйича мутахассислар, турли институтлар ва халқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилган. Ўзига хос рейтинглар тузилиб, ҳар хил кўрсаткич ва рақамлар қайд этилган жадваллар яратилган. Ҳатто коррупциянинг хилма-хил кўринишидаги формулалари ҳам ишлаб чиқилган. Ҳанузгача, барча миллатлар учун қўл келадиган қарши курашда асқотадиган ягона ечим йўқ. Гап шундаки, коррупциянинг асл илдизи унинг пайдо бўлиш географияси билан ўзгаради. Хўш, Ўзбекистонда қандай омиллар унинг куртак отиб, «гуллаб-яшнаши»​га шароит яратмоқда?

Аввало, Адлия вазирлиги расмий сайтида келтирилган изоҳни қайтадан кўриб чиқиш тавсия этилади: «Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир»​.

Бу ерда калит сўзи «давлат органлари ходимлари»​ саналади. Яъни, ушбу жумланинг ўзи коррупция даражаси юқори эканида давлат хизматчиларининг роли муҳим эканлигини кўрсатади. Давлат органларида хизмат қилаётганларни бундай қабиҳ ишга қўл уришга нима ундамоқда?

Жавоб яна изоҳнинг ўзида ястаниб турибди: «моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида»​! Табиийки, коррупция ортида мўмай даромад топиш илинжи турибди, бироқ ҳар бир қуйи босқичда унинг ҳакалак отишига давлат хизматчиларининг ойлик маоши пастлиги сабаб бўлмоқда.

Масалан, маҳаллий ҳокимиятнинг оддий хизматчисини кўз олдингизга келтиринг, унинг кичик маоши, аслида ходим инсон капиталига мос эмаслиги, коррупцияга қўл уришга мажбур қилади. Соддароқ қилиб айтганда, кучли билим ва тажрибага эга ходим ҳеч қачон кичик маош таклиф этилган иш лавозимида меҳнат қилмайди. Унинг олдида танлаш учун иккита йўл турибди: иш жойини ўзгартириб, кўп ойлик маош ваъда қилиб турган хусусий секторга ўтиб кетиш ёки кичик маошга «қаноат»​ қилиб, коррупцияга қўл уриш. Бундай вазиятда, давлат органларида кадрлар етишмовчилиги кузатилиб, тажрибали ва билимли мутахассисларни йўқотиши ҳам ҳеч гап эмас.

Давлат органларида ойлик маошни ошириш билан коррупцияга барҳам бериш мумкинми? Асло! Коррупция даражасини сусайтириш борасидаги таклифларни қуйида батафсил мушоҳада этамиз, лекин, айни чоғда уни келтириб чиқарувчи яна бир омилга эътибор қаратсак: коррупцияни келтириб чиқарувчи сунъий тўсиқлар.

Сунъий тўсиқ, деб аталмиш жиҳатлар шундан иборатки, уларнинг барчасини сиёсий ирода кучи билан йўқ қилиш мумкин. Улар нималар? Рўйхатнинг бошида давлат органлари ходимларини ишга қабул қилишда юз бериши «белгиланган мантиқсизлик»​ ва шаффофликнинг йўқлигидир. Гап шундаки, инсон капиталининг ҳақиқий қийматини ўзбек моделидаги «объективка»​ орқали аниқлаш мумкин эмас. Бўлғуси кадрнинг салоҳиятини текшириш, унинг психологик ва жисмоний етуклиги ўрнига «Тошкент пропискаси»​, «яқин қариндошининг судланганлиги»​ каби фойдасиз важлар ҳар қандай билимли кишини расмий доирадан узоқроқ юришга ундайди. Агар тажрибали ва билимли мутахассис давлат органида ишлаш истаги билан эшик қоқса, унга бериладиган илк топшириқ ҳам бир талай ҳужжатларни йиғиб келиш бўлади. Ўз ўрнида ҳар бир маълумотномани олиш кичик коррупцияга сабаб бўлиши мумкин.

Ундан ташқари, ишга жойлашиш масаласида ҳар ким «таниш-билиш»​ тизими, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, кланизм каби «ижтимоий ҳодиса»​ларга дуч келиши тайин. Ана шундай барча «-чиликлар»​ замирида коррупцияга бошлаб борувчи йўл​ мужассам. Шунингдек, кучли фуқаролик жамиятининг ҳақиқий белгиси сифатида давлат органларининг халқ олдида ҳисобдорлиги, уларнинг фаолияти ва молиявий ҳаракатлар аниқ рақамлар билан ифодаланиши шарт. Ҳар бир соҳанинг халқ олдидаги ҳисобдорлигидан ташқари, айни пайтда, Олий Мажлис аъзолари, вазир ва давлат қўмита раислари, юқори раҳбарлик лавозимида ишлайдиган амалдорларнинг шахсий мол-мулки, даромадлари ҳамда уларнинг манбаси шу пайтгача кўрсатилмаган. Ҳисобдорлик шакли қандай бўлиши керак? Агар биронта вазирлик мисолида қисқача тушунтириш берилса, ҳисобдорлик белгиланган вазифалар, тақвимдаги масалалар ҳамда бажарилган ишлар каби ҳаракатлар билан тўйинтирилишдан ташқари, молиявий шаффофликни талаб этади. Бунда ҳар қандай оддий халқ вакили истаган саволига жавоб олишга ҳақли бўлиши назарда тутилсин. 

Хулоса шундаки, коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ана шу ҳодиса яшаб турган жамият яратган тизимнинг носоғлом яшашида намоён бўлади. Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашдаги асосий вазифаси ижтимоий кайфиятни ёритиш: чўққининг ўткир нуқтасига етиб келганимизни эслатиб туришдан иборат.


Улашинг
Top