Президент халқаро аэропортдаги божхона хизматлари бўйича янги қарор имзолади
19:00 / 04.01.2018
71527

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида йўловчиларга кўрсатилувчи божхона хизматлари сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат халқаро туризмни янада ривожлантириш, йўловчиларга замонавий талаблар ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ кўрсатилувчи хизматлар сифатини тубдан яхшилаш, йўловчиларнинг Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида божхона жараёнларидан ўтиш вақтини қисқартириш мақсадида имзоланди.

Қарор билан 2018 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларида икки йўлакли тизим жорий этилиши туфайли Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси “Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти” чегараолди божхона пости учун қўшимча 111 штат бирлиги ажратилади. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига ажратилаётган штат бирликларини юқори малакали кадрлар билан тўлдиришни таъминлаш вазифаси топширилди.

Белгиланишича, ушбу қарорнинг бажарилиши билан боғлиқ пул маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан республика бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича ажратилади.

Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари – молия вазири Ж.Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари – “Ўзагротехсаноатҳолдинг” АЖ бошқаруви раиси Н.Отажонов ва Давлат божхона қўмитаси раиси М.Тоҳирий зиммасига юкланди.  


Улашинг
Top