Пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишда рад жавоби берилмайди
11:50 / 10.01.2018
53470
Фото: Fotolia

Ўзбекистонда фуқароларни доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартиби соддалаштирилади, уларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқлари таъминланади. Бу ҳақда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастури лойиҳасида маълум қилинган.

Қайд этилишича, 2018 йил 1 апрелга қадар бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Лойиҳаларда:

вақтинча ёки доимий пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишни рад этиш билан боғлиқ амалиётга барҳам бериш;

меҳнат муносабатлари жараёнида паспорт тизими қоидаларига риоя этмаганлик учун иш берувчининг маъмурий жавобгарлигини бекор қилиш;

вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаганлик, яшашга йўл қўйганлик учун маъмурий жазо чораларини енгиллаштириш назарда тутилади.

Тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари устида Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, ИИВ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги иш олиб боради.


Улашинг
Top