Uzbekistan Airways ва Incheon – ҳамкорликнинг илк натижалари қандай?
15:31 / 13.01.2018
5319
Фото: Ўзбекистон ҳаво йўллари

Миллий авиакомпания дирекциясида Сеулнинг «Инчхон» аэропорти мутахассислари билан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти инфратузилмаси самарадорлигини ошириш юзасидан консалтинг хизматлари кўрсатишнинг биринчи босқичи натижалари бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. 

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» билан «Инчхон» халқаро аэропорти ўртасида Ўзаро англашув меморандуми Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига ташрифи чоғида имзоланган эди.

«Инчхон» халқаро аэропорти мутахассисларини «Тошкент-2» йўловчи терминали ишини яхшилашга жалб этиш бўйича тадбирлар режаси ҳаётга татбиқ этилмоқда. Зарурат бўлганда, кореялик мутахассислар доимий асосда аэропортда ишлаш учун жалб этилади. Шунингдек, Жанубий Кореяда МАК ходимлари учун аэропорт хизматлари ва иншоотларининг самарали ишлашини ташкил этиш масалалари юзасидан ўқув семинари ташкил этилади.

Аэропорт фаолиятини таҳлил этишнинг биринчи босқичида Кореядан ташриф буюрган саккиз мутахассис иштирок этди. Учрашувда консултантлар терминал ишини оптималлштириш бўйича ўзларининг биринчи тавсия ва таклифларини бердилар, шунингдек ҳаво маскани ишини баҳоладилар. Консултантлардан бири Парк Чан-кю шундай деди:

– Биринчи навбатда биз авиакомпания ходимларига максимал даражада самарали бўлган ўзаро ҳамкорликлари учун миннатдорчилик билдиришни хоҳлар эдик. Бу менинг Ўзбекистонга учинчи ташрифим, ўтган сафар мен бу ерда октябрь ойида бўлган эдим. Энг муҳими, бугун, январда мен Тошкентга учиб келиб йўловчиларга хизмат кўрсатиш тезлиги сезиларли ошганининг гувоҳи бўлдим. Илгари ҳаво кемаси етиб келгач, аэропортдан чиқиш ўртача икки соатни ташкил этган бўлса, ҳозир биринчи йўловчи ҳаво кемаси етиб келгач 21 дақиқа ичида, охиргиси эса 33 дақиқа ичида аэропортдан чиқиб кетмоқда. Бундай ўзгаришлар бизни қувонтирди – шундай қисқа вақт ичида сизлар катта ишни амалга оширдинглар. Мутахассисларнинг ишга тез ва омилкорлик билан ёндашганлиги кўриниб турибди, «яшил» ва «қизил» йўлакларнинг очилиши эса йўловчилар томонидан барча зарур тартиб–таомилларни ўташларини анчагина тезлаштирди.

Кореялик ҳамкасбларнинг «Тошкент» аэропорти ҳудудидан, шу жумладан аэропортнинг шаҳар тарафига бирикиб кетган ҳудуддан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва оптималлаштириш, кутиб олувчи ва кузатувчилар учун сервис хизматлари кўрсатиш бўйича таклифлари муҳокама қилинди

«Инчхон» аэропорти мутахассислари томонидан консалтинг хизматлари кўрсатишнинг биринчи босқичи натижалари бўйича учрашув Корея халқаро аэропортининг ўзида иккинчи йўловчи терминали очилиши билан бир кунга тўғри келганлиги рамзий маънога эга. Муҳокама сўнгида консултантлар гуруҳи раҳбари Парк Кю–Сён у ва унинг ҳамкасблари Тошкент терминали дунёнинг энг яхши аэропортларидан бири бўлган «Инчхон» аэропорти сингари юқори даражада ишлаши учун барча саъй-ҳаракатларни қилишларини таъкидлади.


Улашинг
Top