Суд эрини бўғиб ўлдирган аёлни айбсиз деб топди
21:50 / 14.01.2018
34161

Эра (Шотландия)лик жуфтлик Сюзанна ва Хенри 50 йил бирга яшаб, уч фарзандни дунёга келтиришди. Ташқаридан қараганда, бу бахтли турмушдек кўринарди, бироқ 2016 йилнинг сентябрида рўй берган Хенрининг ўлими унинг аёли ва яқинлари учун енгиллик бўлди. 

Гап шундаки, Хенри мунтазам равишда Сюзаннани калтаклаган. Аёл ўз эътиқодидан келиб чиқиб, барча азобларга бардош берган. У буни Яратган томонидан йўлланган синов сифатида қабул қилиб, охиригача чидашга қарор қилган. 

50 йил ўтиб Хенрининг юраги заифлашди ва у тўшакка михланиб қолди. Сюзанна унга ғамхўрлик қилиш баробарида барча хўрлик ва қийинчиликларга дош берди. Бироқ охир-оқибат аёл чуқур депрессияга тушди. 

Ёлғизлик ва ўша пайт Хенридан деярли барча танишлари юз ўгиргани уни ўз жонига қасд қилишга ундади. Унинг бир уриниши муваффақиятсиз якунланди. Бу вақт эса Сюзаннанинг аҳволи янада оғирлашиб борарди, у энди антидепрессантларсиз яшай олмас эди. Охир-оқибат унинг сабр-бардоши тугади.

2016 йилнинг 3 сентябрида Хенри аёлидан бир танишининг рақамини териб беришни сўради. У телефонда таниши билан қўпол оҳангда гаплашаётганида Сюзаннанинг фиғони фалакка чиқди. У эрини кўза билан уриб, юзини жароҳатлади. Хенри шикоят қилишда давом этарди ва ўлгиси келаётганини айтарди...

Сюзанна хонадан ташқарига чиқиб кетади, қайтганида эса — полда қонга беланган Хенрини кўради. Унинг ёнида бўш дори қутиси турарди. Аёл Хенрини каравотга ётқизади, у эса "Менга ёрдам бер!" дея қичқирарди. Сюзанна гап шифохонага олиб бориш ҳақида эмаслигини яхши тушуниб турарди...

Аёл кўз ёшлари ва қўрқув билан Хенрининг ёстиғини олиб, унинг типирчилашлари тингунга қадар бўғишда давом этди. Шундан кейин полицияга қўнғироқ қилди ва ўз қилмишига иқрор бўлди. 

Сюзанна Уилсон. Фото: imgur

"Мен фақат унга ачинганимдан шундай қилдим, бу қачонлардир тугаши керак эди..."

                  Сюзанна Уилсон

Сюзаннанинг ҳимоячиси Олий судни бу воқеада жабрланувчи Хенри эмас, унинг турмуш ўртоғи эканига ишонтиришнинг уддасидан чиқди. Охир-оқибат аёл айбсиз деб топилди. Шунча йил азоб чеккан кекса аёлни қўйиб юборишдан аввал судьянинг шахсан ўзи унга тақдир насиб қилган қолган умрни тинчлик-хотиржамлик ва хурсандчиликда яшаб ўтишни тилади. 

Глазго Олий суди. Фото: imgur

"Қотилликнинг бош сабаби эрингизнинг ўлими вақтидаги психик ҳолатингиз бўлган. Сизни жамиятга хавфли инсон сифатида қайд этишга ҳеч қандай асос йўқ. Шу боис биз сизни огоҳлантириб, қўйиб юборамиз". 

                  Глазго Олий суди.

 


Улашинг
Top