Сурия президенти Башар Асад Туркиянинг Афринга ҳужум қилиши туркияликлар террорчиларни қўллаб-қувватлаётганидан дарак беришини айтиб ўтди.

«Туркиянинг Африн шаҳрига сурбетларча ҳужум бошлаши минтақадаги инқирозни келтириб чиқарган турк сиёсатининг давом эттирилишидир. Бу режим терроризмни ва турли террористик тузилмаларни қўллаб-қувватлайди», деган Сурия раҳбари.

У бугун Дамашқда Эрон стратегик ташқи алоқалар кенгаши делегацияси билан учрашди.

Бугун Туркия «Зайтун бутоғи» амалиёти доирасида қуруқликдаги ҳарбий ҳаракатларни бошлади.

Anadolu ахборот агентлиги маълумотига кўра, туркиялик ҳарбийлар ҳеч бир қаршиликка учрамасдан Африн томон юрмоқда. Туркия президенти Ражаб Тойиб Эродўған эса курд бўлинмалари жангарилари «қочаётгани» ва амалиёт тез орада якунланиши ҳақида айтди.

Ўз навбатида курдларнинг Африндаги вакили Туркиянинг баёнотини рад этди ва туркиялик ҳарбийлар ҳамда уларнинг иттифоқчилари бўлмиш Сурия озодлик армияси ҳарбийлари жиддий қаршиликка учраётганини маълум қилди.