Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Сурия шимоли-ғарбида олиб борилаётган «Зайтун бутоғи» амалиёти ҳақидаги хабарларни кузатишда диққатли бўлишга чақирди.

«PYD/YPG террорчилари Африндаги амалиёт бўйича турли ёлғон-яшиқ маълумотларни тарқатишмоқда. Йўқ қилинган террорчилар  Суриянинг тинч аҳолиси сифатида кўрсатилмоқда. Жангарилар тинч аҳоли вакилларидан «жонли қалқон» сифатида фойдаланишдан ҳам тойишмайди», - дея ёзган вазир Twitter саҳифасида.

Човушўғли Туркия Қуролли кучларининг мақсади «Сурия халқи ва биродар курдлар эмас», балки террорчилар эканини қўшимча қилган.

20 январь куни маҳаллий вақт билан соат 17:00да Туркия Сурия шимолидаги Африн вилоятида «Зайтун бутоғи» номли амалиёт бошлангани ҳақида эълон қилди. Турклар Афринни PYD/PKK жангчиларидан тозалашни мақсад қилишган. Туркия авиацияси биринчи кунда курд бўлинмаларининг 113 маррасидан 108тасига зарба берди. Кўп ўтмасдан курдлар бу ҳужумлар вақтида ўнга яқин тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини маълум қилди.

Кампаниянинг иккинчи кунида турклар қуруқликдаги ҳарбий ҳаракатларга киришди. Кун охирига бориб ОАВда тўқнашувлар вақтида курдлар туркларнинг 5та танкини йўқ қилгани ҳақида хабар қилинди.

Башар Асад режими 2012 йил июлида Афринни PYD/PKK жангчиларига жангсиз топширганди. Шундан сўнг, Африн курд жангчиларининг ўз ҳаракатларини мувофиқлаштирувчи марказига айланди. Бу ҳудуддан туриб Туркиянинг Килис шаҳрига ва шу номли вилоятига, шунингдек, Хатай вилоятига ракета зарбалари бериб келинади. Айни вақтда PYD/PKK жангчилари Туркия-Сурия чегара ҳудудининг 65 фоизлик қисмида назорат ўрнатган. Туркия бу ташкилот ҳарбийларини ўзининг жанубий чегараларига жиддий хавф сифатида кўради.