Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва ЎФФ президентлигида бир вақтда фаолият олиб бораётган Умид Аҳмаджонов бу вақтинчалик ҳолат эканини таъкидлаб ўтди.

«Аввало, мени ушбу лавозимга (МОҚ президентлигига) муносиб кўрган давлатимиз раҳбарига юксак ишончлари учун чексиз миннатдорлик изҳор этаман. Зиммамга қандай масъулият юкланганлигини жуда яхши ҳис этиб турибман, шундай экан, Президентимиз ва халқимиз ишончини оқлаш учун икки карра куч ва ғайрат билан ишлашга тайёрман.

Икки ташкилотга раҳбарлик қилишим бу вақтинчалик бўлиб, жорий йилнинг 25 январида Ўзбекистон футбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтади ва унда ташкилотга янги раҳбар сайланиши кутилмоқда. Футбол федерациясида раҳбарлик ваколатимни топшираман.

Аммо бу футболдан бутунлай кетаман дегани эмас. Чунки ўзбек футболида бошлаб қўйган бир қатор янги лойиҳа ва режаларимиз бор, уларни ниҳоясига етказмай туриб, ортга чекиниш адолатдан бўлмайди», дея гапириб ўтган Аҳмаджонов «Халқ сўзи»га берган интервьюсида.