Бугун Ўзбекистонда демографик ўсиш ҳамда мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши сабаб кўмир ёқилғисига бўлган талаб тобора ошиб бормоқда. 2017 йилда республикада кўмир маҳсулотига бўлган талаб 4,8 млн тоннани ташкил этган ва бу эҳтиёж тўлиқ қопланган эди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ахборот хизмати.

Кўмир тармоғи корхоналарини барқарор ва мувозанатли тараққий эттириш, устувор инвестиция лойиҳаларини тезлаштирилган ҳолда амалга ошириш, кўмир ва кўмир маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажмини оширишни таъминлаш мақсадида, иқтисодий сектор, ижтимоий соҳа тармоқлари ва аҳолининг келгусидаги талаблари инобатга олинган 2017-2021 йилларда кўмир саноатини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури тасдиқланган.

Ривожлантириш дастури тармоқни модернизациялаш орқали унинг мавжуд имкониятларини ошириш билан бирга, янги қурилишни ҳам ўз ичига олган. Мазкур дастурга биноан, 2021 йилга келиб Ўзбекистонда кўмир қазиб олиш ҳажми 2017 йилдаги 4,0 млн тоннага нисбатан 11,1 млн тоннани ташкил қилади.