11:25 / 18.06.2018
9778
Ўзбекистонда анор етиштиришнинг илмий базасини яратиш ишлари бошланди

Президент Шавкат Мирзиёвнинг Фарғона вилоятига сафари, у ерда берилган топшириқларни бажариш бўйича қилинаётган ишлар доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимлари вазир ўринбосари Алишер Умаров бошчилигида “Фарғона анорчилик” агрофирмаси раҳбари Мастура Сайфуддинова билан учрашишди. У киши  барпо қилган улкан анор плантациясини кўздан кечириб, Ўзбекистонда анорчиликни янада ривожлантириш йўлида бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳақида суҳбатлашишди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати KUN.UZ’га хабар бермоқда.  

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати

Меваларнинг тожи саналмиш анор етиштириш борасида катта тажрибага эга Мастура Сайфуддинова айни пайтда Фарғонанинг Қува ва Тошлоқ туманлари ҳамда Қувасой шаҳрида 289 гектар ерга 15 навга яқин 272 минг тупдан зиёд анор кўчатини экиб парваришламоқда. 2025 йилгача анорзор майдонини 2 минг гектарга етказиш режалаштирилган. Анорзор тўлиқ ҳосилга киргач, 10 минг тонна маҳсулот етиштирилиши назарда тутилган. 

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати

– Ёшлигимда анор боғида катта бўлганман, – дейди Мастура опа. – Дадамнинг 100 тупдан ортиқ анор экилган боғи бўларди. Техникумни битирганимдан сўнг, ёшлар бригадасига бригадир қилиб тайинлашган. Бизларни ҳамма “Қирқ қиз” бригадаси дейишарди. Қўлимда 39 нафар қиз ишлар, ўзим билан қирқ нафар эдик-да... Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг январь ойида Сурхондарёга борганларида Фарғонадаги самарадорлиги паст бўлган анорчилик хўжаликларини бирлаштириб, янги агрофирма тузиш ҳақида кўрсатма берганларидан сўнг, вилоят ҳокимимиз билан биргаликда ишларни бошлаб юбордик. 

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати

Ҳозирги кунда “Фарғона анорчилик” агрофирмаси томонидан 289 гектар ер майдонига анор ниҳоллари экилган бўлиб, улар 5-6 йилда тўлиқ ҳосилга киради. Ер майдонлари 154 та хонадонга бўлиб берилган, ҳар бир хонадондан 2 кишидан 4-5 кишигача шу ерларда деҳқончилик қилади. Анор ниҳолларини парвариш қилиш баробарида аҳоли ўзига ажратилган ер майдонларида рўзғорга зарур бўлган турли хил сабзавотларни етиштириб, оилаларини боқиб келмоқда.

Ўзбекистонда сув тақчиллиги долзарб масалалардан бўлиб турган бир пайтда анорларни томчилаб суғориш йўлга қўйилган бўлиб, айни кунларда 20 гектар майдон томчилаб суғоришга тўлиқ ўтказилган, боғдан даромад олина бошланганидан кейин эса томчилаб суғориладиган ер майдонлари ҳажми йилдан-йилга ошаверади. 

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати

Анорни етиштириш билан бир қаторда ҳозирги кунда уни қайта ишлаш масаласи устида ҳам бош қотирилмоқда. Агорофирма раҳбарлари исроиллик ҳамкорлари билан анордан шарбат олиб, уни қадоқлаш, парфюмерия маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳақида музокаралар олиб бормоқда.  

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати

Шу боис ҳам анорчилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида Фарғона давлат университетида 2018–2019 ўқув йилидан бошлаб анорчилик бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқиш муддати уч йил бўлган бакалавриат ҳамда магистратура мутахассислиги бўйича ўқиш муддати бир йил бўлган магистр мутахассиси тайёрлаш бўйича ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.

Top