8441.36 USD -14.01

9493.15 EUR -61.42

131.78 RUB +0.25

10963.6 GBP -96.83

20:28 / 20.08.2018 9481

Ноаниқ касаллик гирдобидаги Степан кўмакка муҳтож

Хасталик инсон бошига келган қийин синовлардан биридир. Аммо, бу хасталик ноаниқ, мавҳум бўлса-чи? Йиллар давомида азоб тортсанг-у, лекин нега азоб тортаётганингни билмасанг. Оғир синов, шундай эмасми?

Таҳририятимизга келган навбатдаги мурожаат сабаб Чирчиқ шаҳрида бўлиб қайтдик. Мурожаат йўллаган инсон беморнинг онаси Марина Заморина эди.

Бу аёл ўғли Степан Замориннинг салкам тўрт йилдан бери номаълум касаллик билан курашаётгани ва ҳалигача биздаги шифокорлар ташхис қўйиб бера олишмаётгани сабаб мурожаат қилишга мажбур бўлганини айтди.

«Ўғлимнинг соғлиғи ёмонлаша бошлагач, ярим йилга яқин бормаган шифохонамиз қолмади. Ҳеч ким ташхис қўйиб беролмади. Шундан сўнг, онкологияга бордик. «Неходжкинская лимфома» ташхисини қўйишди. Жами бўлиб 16 марта химиятерапия олди, лекин фойдаси бўлмади. Курашишда давом этдик. Олдин Тошкент шаҳар Қўйлиқ массивида яшардик. У ердаги квартирани сотдим. Менга фарзандим керак-ку, ахир», дейди беморнинг онаси.

Шифокорлар томонидан лимфома ташхиси бўйича муолажалар ўз самарасини бермайди. Қиммат дори-дармонлар беҳуда сарфланади. Шундан сўнг, шифокорлар яқинда турк мутахассислар келишини ва уларни кутишни таклиф қилишади. Турк мутахассислари консилиум (шифокорлар муҳокамаси) ўтказишади ва тўлиқ текширувдан ўтказиш лозимлиги ҳақида хулосага келишади. Бундай текширувни ўтказиш учун энг арзон ва яқин ҳудуд Ҳиндистон экан.

«Ҳиндистонлик шифокорлар билан гаплашдик. Тўлиқ текширув ўтказиб ташхис қўйиб берамиз, дейишди. Касаллик шунчаки яширин тури. Ташхис қўйилса, даволаш қийин эмас дейишмоқда. Аммо, бунинг учун 4-5 минг доллар атрофида харажат кетар экан. Энди маблағим қолмади, лекин олиб боришим керак. Ахир, 5 йилдан бери қийналиб кетди ўғлим. Мен ўзим ҳам бир неча бор инсультни бошимдан ўтказганман. Шифокорлар яна бир марта хуруж бўлса, энди буни кўтара олмайсан, дейишмоқда. Агар бирон нарса бўлса унга ким қарайди. Фақат иккимиз қолганмиз», дея кўзларига ёш олди беморнинг онаси.

Айни пайтда Степаннинг аҳволи ўзгаришсиз ҳолатда. Ҳамон мавҳумлик. Технологиялар етарли эмаслиги сабаб ноаниқ касаллик азоб беришда давом этмоқда. Она эса ўзини қаёққа уришни билмайди. Аммо, келажакдан ноумид эмас.

Хайр-эҳсоннинг ҳасанотлари беҳисобдир. Азиз юртдошлар, ҳаётнинг аччиқ-чучукларини бошидан ўтказаётган ватандошларимизга озгина мадад берайлик. Бир инсон яна орамизга қайтишига ўз ҳиссамизни қўшайлик.

Ушбу хайрия керакли маблағлар йиғилганлиги сабаб тугатилди. Мурувватли халқимизга ижодий гуруҳимиз ўз ташаккурини билдиради!

Баҳодир Аҳмедов тайёрлади

Теглар

Top