8389.97 USD +11.93

9491.57 EUR +3.44

129.72 RUB +0.63

11082.3 GBP -51.27

20:58 / 04.03.2019 14667

Дедукция ҳақида дискуссия. Ўзбек футболини қандай қутқарамиз?

Футбол тизимларида умумий, ҳамма учун тўғри қабул қилинадиган қоидалар мавжуд. Аммо баъзида бу қоидалар ҳар доим ҳам ишламайди ва бошга балки тескари йўлдан бориш керакмикин, деган хаёллар келади. Балки бизнинг ҳолат, вазият ва шароитлар бироз бошқача хулосаларга сабаб бўлар? Бу ҳақида ўйламай туриб самарали ечимлар топишнинг иложи йўқ, назаримда.

Сўнгги пайтларда «давлат корхоналари томонидан молиялаштириладиган футбол клублари» деган иборани кўп ўқияпман. Бу тушунча асосан Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси ёки ПФЛ расмий хабарларида учраб турибди. Айнан қайси клублар давлат корхоналари, яъни давлат томонидан молиялаштирилаётгани аниқ айтилмаса-да, бундай клублар учун алоҳида қоидалар ҳақида ҳам сўз боради. Масалан, «2020 йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг давлат корхоналари томонидан молиялаштириладиган футбол клубларида кўтарма пули бериш тўхтатилади», дейилади шу йилнинг 15 февраль куни чиққан расмий хабарда.

Демак, футбол клубларини молиялаштиришга давлат корхоналари масъул қилиб қўйилган ва давлат футболни ижтимоий соҳаси сифатида кўради ва уни ривожлантиришга тўғридан-тўғри бюджетдан бўлмаса ҳам, ўз улуши бор корхоналар орқали пул сарфламоқда. Содда қилиб айтганда, бундан бир неча йил олдин, футбол жар ёқасига келиб, маҳаллий ҳокимиятлар ёки корхоналар футболга пул сарфлашдан қочаётган бир пайтда, Президент қарори чиқади ва у ерда футболни молиялаштириш ҳақида сўз боради. Жумладан, мамлакатимиздаги давлат улуши бор деярли барча катта корхоналарнинг номи тилга олиниб, уларга ҳудудлардаги футбол жамоаларини қўллаб-қувватлаш вазифаси топширилади. Мисол учун, ОКМК Олмалиқдаги футбол клубини, Бекободдаги завод «Металлург»ни, нефтчилар ҳам бир неча клубни сақлаб қолишлари керак бўлади. Мана шу тизим ҳозир ҳам амалда.

Энди биринчи абзацдаги гапга қайтамиз, нега ПФЛ ёки ЎФА клубларнинг сметасига, қайси футболчига неча пул тўлаши-ю, кўтарма пулларига аралашмоқда? ПФЛнинг жавоби маълум – «биз давлат корхоналари пул бераётган клубларга аралашяпмиз, улар пулларни тўғри сарфлашини, ўзаро келишиб, футбол учун берилган пуллар талон-тарож қилинмаслигини назорат қилмоқчимиз».

Масалан, бир клуб бир футболчисини иккинчи клубга сотса, унинг трансфер нархини ҳам ПФЛ назорат қилар экан. «Футболчи арзонга сотилмаслиги керак, унга қилинган харажат қопланиши керак», демоқда ПФЛ. Бу ерда яна «ўғрилар овланяпти», «ўша клуб раҳбари 100 миллионлик футболчисини 50 миллионга сотиб, қолган пулни нақд, ўзининг чўнтагига урмасин, давлат молиялаштираётган клуб даромад кўрсин», деган фикр бор ПФЛда. Лекин, қизиғи, шунақа бўлиши мумкин деб, барча учун чеклов қилиб бўлмайди-ку, тўғрими? Балки клуб ўша футболчига осон бўлиши, анча вақт шу жамоада ўйнаганини ҳисобга олиб, арзонроққа сотишга рози бўлиши ҳам мумкин-ку?

Масалан, Робин ван Персини «МЮ» жуда арзон нархга сотишга розилик берганди. Унинг маоши катталигидан келиб чиқиб, қимматроқ нарх тўлаш харидор учун оғирлик қиларди, трансферни қийинлаштирарди. «Юнайтед» барибир ўйнатмаётган футболчи учун баланд нарх қўйиб, катта ойлик тўлаб юришдан воз кечди ва ҳар икки томон учун ҳам қулай нарх белгиланди. Бу нарх трансфермаркетдаги нархдан анча арзон эди.

Тўғри, «Юнайтед» йўқотган бўлса, ўзи йўқотди, давлатнинг пулларини эмас. Бу ердаги асосий фарқ мана шу, холос. Аммо клуб ёки ўша пул бераётган давлат корхонаси самарали сарфламаётган пулни ПФЛ қандай назорат қила олади? Бу ерда томонлар жуда кўп – футбол ривожланишини истаётган Давлат, унинг топшириғи билан клубга пул бераётган давлат корхонаси, пулни олаётган клуб, яна булардан ташқари, давлат корхонасида ишлайдиган раҳбарият, «давлат клуби» раҳбарияти ва ПФЛ бор. Энг ёмон томони давлат корхонаси манфаати билан давлат корхонаси раҳбари манфаатлари доимо ҳам мос келмаслигини яхши биламиз. Мана шу занжир ичида жуда кўп пуллар нотўғри сарфланиши, талон-тарож қилиниши турган гап. Ҳар йили фалон миллиард сўм пул футбол учун сарфланаверади, аммо футбол клуби тизимида олдинга қадам ташлаш, иқтисодий база шаклланганини кўрмаймиз. Эртага Давлат чиқиб, «аравангни ўзинг торт, бўлди», деб пул беришни тўхтатса, яна ўша беш йил олдинги ҳолатга қайтиб қоламиз, холос. Беш йил ичида нима ўзгарди?

ПФЛ бу занжирни, пул оқимини назорат қила олмайди. Фақат қандайдир чекловлар қилиш орқали, фақат ҳалол ишлаётганларниям қийнаб қўйиши мумкин холос. Чунки, Давлат клубларга пул бериб, ўша пулларнинг сарфланишини бевосита назорат қилиш мажбуриятини ҳам, ҳуқуқини ҳам ПФЛга бермаган. Шунчаки, ПФЛ ўша пулларнинг тўғри сарфланиши йўлида турли қарорлар, тавсиялар ёки йўриқномалар орқали ишлайди, иш жараёнини назорат қилади, аммо молиявий томонига ўта олмайди.

Бунинг иложи ҳам йўқ. Сабаби, айтайлик, футбол клубига пул бераётган давлат корхонаси раҳбари футболга сарфлаган пуллари борасида фақат ўз раҳбариятига ҳисобот беради. Ва ўша пулларнинг маълум қисми молиявий ҳисоботларда акс этмайди. Расмий харажатлардан ташқари, нақд айланмалар бор ва бу ерда калаванинг учини энг уста ревизор ҳам топа олмайди. Завод раҳбари «футболга мана шунча сарфладим» дейди, футбол клуби «шунча керак дейди», хуллас, мана шу оралиқда жуда кўп пуллар «йўқолиб кетади» ёки самарасиз ишлатилади.

ПФЛ «давлат пулини ишлатяпсан, ундай қил бундай қил» дегани билан, кимдир уларнинг ўзига ҳам худди шундай савол бериши мумкин – «давлат пуллари ёки давлат корхоналари молиялаштирилаётган давлат пулларидан бадал пули оляпсан, шунча йилда нима ўзгарди, Пепси билан шартномадан ташқари нима қилдинг? Қани трансляция ҳуқуқлари, қани маркетинг, ахир бошқа лигалар аксинча, бадал пули йиққунча, ўзлари клубларга пул тарқатади-ку?». Бу саволга соатлаб жавоб бериш мумкин ва тўлиқ қониқиш бўлмайди.

Иккинчидан, хўп, футбол бизда ижтимоий соҳа экан. Ижтимоий соҳа экани аниқ, чунки на «Ўзбекистон темир йўллари», на ОКМК футболга шунча пул сарфлаш орқали, маркетинг ёки рекламадан тенг қийматдаги фойда олади. Олмайди. Шунчаки, ижтимоий масъулият, юқоридан топшириқ ва қарорларгина уларни футбол билан бирлаштириб турибди. Хуллас, футболга асосан давлат пуллари сарфланаётган экан, тушундик, хўш, Давлат ҳаммамиз учун битта тўғрими? ОКМК ҳам, «Ўзбекистон темир йўллари» ҳам, «Ўзбекнефтгаз» ҳам давлатники, яъни халқники, уларнинг футболга сарфлаётган пулларидан улуш бутун ўзбекистонликлар учун тенг – унда нега фақат баъзи ҳудудларда футбол бор, баъзиларида йўқ? Нега Давлат Тошкент ёки Бухородаги халққа футбол бериб, Гулистонга бермаяпти? Нега «Ўзбекистон темир йўллари» «Хоразм»ни ҳам молиялаштирмаяпти?

Албатта, абсурд мавзуга айланиб кетади бу тариқа кетсак, лекин менимча, Давлат пул беряптими, ПФЛ бу пуллар давлатники деб клубларни «бошқариш ва назорат қилиш»га ҳаракат қиляптими, демак, ҳар бир ҳудудда клуб пайдо бўлиши ва давлатнинг футбол учун сарфлаётган пулларидан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлиши керак, тамом.

Яқинда Испанияда футболнинг Ялпи миллий маҳсулотдаги улуши ва мамлакатга қанча даромад олиб келаётгани ҳақида маълумотлар тақдим этилди. Албатта, идеал футбол жамиятида Давлат футболга пул сарфламайди ва қачондир бизда ҳам шундай бўлишидан умидворман. Давлат футбол учун пул бермаслиги керак. Лекин ҳозир бу йўналишда эмасмиз, ҳар йили корхоналар футболга миллиардлаб пул беришяпти, унинг қанчадир қисми ўғирланиб, қанчадир қисми самарасиз сарфланишда давом этаверади. Буни назорат қилувчи на бир тизим, на бир восита бор ва футбол «эгасиз» маблағларни ўзлаштириш баҳонаси бўлиб қолаверади.

Хуллас, менинг таклифим шундан иборат.

Агар Давлат футболни қўллаб-қувватлашни истаса ва футболни аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларидан бири деб ҳисобласа, бу борадаги фикр ўзгаргунча, ҳозиргидан бошқачароқ тизимни ҳавола этаман.

Аввало, давлат корхоналари, давлат улуши бўлган корхоналарга ўз футбол клубига эга бўлиш тақиқланиши лозим. Бунинг ҳеч қандай самараси йўқлигини аллақачон тушуниб етиш керак. Чунки, ҳар қанақасига, бизда давлат корхонаси манфаати билан давлат корхонаси раҳбарининг манфаати фарқли бўлиб қолиш хавфи доим мавжуд. Футбол клуби раҳбарга шунчаки, қўшимча даромад олиш, қўшимча айланма яратиш, «откат олиш» учун яна бир манбага айланиб қолаверади.  

Ўша футбол клубига пул бериш «мажбуриятида бўлган» давлат корхоналари пулларни клубларга эмас, ПФЛга беради. Худди ҳозир клублар билан бўлганидек, ПФЛ ва ўша корхоналар ўртасида маркетинг шартномалари имзоланади ва ўша маблағлар эвазига ПФЛ бу корхоналарни реклама қилиши мумкин.

Тасаввур қилинг, «Ўзнефтгаз»:

–  Футболга қанча пул беряпсан, бир йилда?»

– Фалон миллиард.

– Хўп, шу пулларни (ёки анча камроқ) энди ўша клубларга эмас, ПФЛга берасан.

(Мантиқан ўша давлат корхонаси учун фарқи йўқ бўлиши керак, футбол харажатларининг айнан қайси ҳисобрақамга тушиши. Аммо агар мана шу футболга клублар орқали пул сарфланишидан давлат корхонаси раҳбарларига алоҳида манфаат бўлса, бу тизимга қарши бўлишлари табиий)

Хўш, бу пулларни ПФЛ нима қилади?

ПФЛ клублардан бадал пуллари олишни тўхтатади. Аксинча, ўша давлат корхоналаридан (нафақат давлат корхоналар, ПФЛ ўзи маркетинг билан шуғулланиб, бошқа хусусий компанияларни ҳам жалб қилиши ва пулни кўпайтириши мумкин) олинган пулнинг бир қисмини клубларга тарқатади. Худди АПЛ маркетинг, трансляциялардан тушадиган пулни клубларга тарқатади-ку, худди шу каби. Шунчаки, АПЛ ростдан ҳам трансляциялардан пул топади, Ўзбекистонда ҳозир бунинг иложи йўқлигидан, сал бошқача – ахир мамлакат бўйлаб ўнлаб боқиманда клублар давлат корхоналари билан ишлагандан кўра, ПФЛнинг ўзи шу ишни қилса фойдалироқ эмасми? Барибир бутун Ўзбекистондаги клубларнинг профессионаллашуви ва кадрларнинг шаффоф ишлашини таъминлашдан кўра, худди шундай ишлайдиган ПФЛ ташкилотини тузиш осонроқ эмасми?

ПФЛ ўша йиғилган пулларнинг бир қисмини Суперлигада ўйнаётгани учун клубларга тарқатади, яна бир қисми эса, мавсум охирида, эгаллаган ўринларга қараб тарқатилади. ПФЛдан олинадиган пул клубнинг бир йиллик харажатларини қисман қоплаши мумкин ва клублар айнан шу туфайли ҳам Суперлигада ўйнашдан, у ерда жон сақлашдан манфаатдор бўлади.

Хўш, бу тизимда илгарига нисбатан қандай қулайликлар бор?

Назорат ва шаффофликка йўл очилади

Ҳозирда футболнинг сиёсат билан аралашиши, вилоят ҳокимлари, айланаётган нақд пуллар, оғзаки топшириқлар, «откатлар» ва ҳоказоларни назорат қилиш тизими ҳам, воситаси ҳам йўқ. Янги тизимда ҳамма пул фақат расмий шаклда пул ўтказиш йўли билан ПФЛ ҳисобига тушади. Давлат корхонаси ёки унинг раҳбари футболга шунча пул сарфладим, деб орада қанчадир пул ўзлаштира олмайди. Ўша белгиланган маблағни ўтказиб беради, тамом. Унинг бу тизимдан қандайдир қинғирликларга йўл очиш имконияти йўқолади.

Ўз навбатида, клуб ҳам ПФЛдан, яъни давлатдан белгиланган ва аниқ кўрсатилган маблағни ўз ҳисобрақамига олади. Айтайлик, ҳомий корхона раҳбариятидан шунча пул керак клубга деб, қанчадир қисмини ўзлаштириш имконияти бўлмайди.

Ва табиийки, ПФЛ ҳам клубларни энди, бемалол текшириши, ўзи бераётган пуллар қандай сарфланаётганини керак бўлганда, назорат қилиши мумкин. Клублар аниқ белгиланган суммани олишгач, ўз-ўзидан, пулга эгалик ҳуқуқи пайдо бўлади, ўша пулни харажатларга етказиш вазифаси қўйилади. Қанчадир қисмини ўзлаштириб, кейин етмади, деб яна ҳокимиятлардан пул қидиришга тўғри келмайди.

Ва табиийки, Ўзбекистонда футболга сарфланаётган пуллар фақат бир туйнукдан, яъни ПФЛдан ўтаётгани туфайли, бу пулларни назорат қилиш осонлашади. Ҳозир ўша давлат корхоналарига футболни молиялаштир деб оғзаки ёки ёзма буйруқ ё қарор чиқарилгани билан, айнан қанча пул сарфланяпти, қандай сарфланяпти, ҳеч ким билмайди. Қайсидир корхона нақд пул билан рози қилса, қайсидир вилоятда ҳоким тадбиркор ёки ўқитувчилардан пул йиғади, қаердадир қарзга ёки босим асосида ишлаб юрилибди, энг ёмони аниқ ўлчов ва тизим йўқ. Мен айтаётган вариантда эса, Давлат истаган пайтда футболга қанча сарфлаётганини, қайси корхоналар орқали бу иш қилинаётганини ва бу пуллар қандай тақсимланаётганидан хабардор бўлади.

Хусусий клублар пайдо бўлиши мумкин

Бундай шароит ҳозир ҳам бор. Лекин қайси аҳмоқ йилига шунчаки футбол учун ўн миллиардлаб пул сарфлайди? Жудаям қизиқиб, ошиб-тошиб кетган тақдирда ҳам, йилига миллиардлаб пул сарфлай олувчи тадбиркор баъзиларнинг қизиқишига сабаб бўлмайдими? Янги тизимда эса, клуб Суперлигага чиқиб олса, тамом, яшаш учун минимал маблағларга эга бўлади. Уёғи эса, ўзига ҳавола, яхши менежмент орқали, бу пуллар анча самарали сарфланиши мумкин.

Умуман, агар ПФЛ пулни шундоқ бераверса, клублар боқиманда бўлиб қолади, дейиш хато. Биринчидан, ҳозир ҳам клублар деярли боқиманда бўлиб қолмоқда, иккинчидан, Суперлигадан ўша пулларни олиш учун аввало, Суперлигада қолиш керак. Ҳозирда Про-Лигадаги жамоалар юқори лигага таҳдид қила олишмайди, чунки, чиққан тақдирларида ҳам, етарли маблағ йўқлиги туфайли турнирда иштирок эта олмасликлари мумкин. Агар Суперлига ўз иштирокчиларига мана шундай таъминотни йўлга қўйса, пастдан ҳам у ерга чиқмоқчи бўлганлар сони ортади. Суперлигада туриш, у ерга чиқиш ҳозиргидек осон бўлмайди.

Ҳозирда хусусий клуб очиш ва Давлатнинг бебилиска миллиардлаб пулларини футбол учун сарфлаётган клублар билан рақобат қилиш умуман самарасиз бўлиб қолаётган бир пайтда, нафақат шу ишни қилиш, балки хусусий клублар пайдо бўлади, деб ишониш ҳам аҳмоқликдан бошқа нарса эмас.

Биринчи лиганинг кучайиши

Яқинда бир парадоксал ҳолатни эшитдим. «Машъал» ПФЛга хат ёзган ва маблағдан қийналаётгани туфайли «Про Лига А»да ўйнашдан бош тортган. Аммо худди ўша клуб бошқа манбада агар Суперлигадан жой беришса, у ерда ўйнашга қарши эмасликларини ҳам билдиришган. Аслида бу ерда зиддият йўқ. Про Лига А ва Суперлига талабларида у қадар катта фарқ йўқ. «Машъал» катта пул сарфлаб, Суперлигада ўйнаши мумкин, аммо худди ўшанча пул сарфлаб Про Лигада юришни истамайди. Тўғри-да.

Лекин жамоаларнинг муносабати ва қарашларига эътибор беринг: шу вазиятнинг ўзи ҳам клубларда фақат бир йиллик қисқа режалар борлигидан далолат қилмоқда. Про Лигага талаблар Суперлиганики билан тенглаштириб қўйилсада, у ерда кучли жамоалар пайдо бўлиб қолмайди.

Агар Суперлигага чиққан жамоанинг у ерда «яшаши» учун керакли маблағ деярли таъминланиши айтилса, албатта, унинг талабгорлари ҳам ошади. Про Лигада жиддий кураш юзага келиши шубҳасиз.

Маошлар ва кўтарма пуллари тартибга келади

Ҳозирда ПФЛ клубларнинг кўтарма пулларини ҳам тартибга келтиришга уринмоқда, аммо бунинг иложи йўқ. Барибир, ўзига хос бозор бор, қандайдир чеклов қўйсангиз, қолган сумма нақд пул шаклида айланаверади. Янги тизимда ПФЛ клубларнинг тахминий, ўзи истаган сметасини ишлаб чиқиши ва шунга мосроқ шаклда бериладиган пулларни белгилаши мумкин. Қолган пул эса, ўринга қараб мукофот шаклида берилади.

Энди қаранг, шу ерда кимдир, ойликларгача ПФЛ томонидан белгиланса, умуман социализм қуряпмизми, дейиши ҳам мумкин. Йўқ, аксинча. Айнан ҳозир ойликлар ва кўтарма пулларнинг назоратга олишга уриниш кўпроқ социализмга ўхшайди. Чунки клубларда «давлат корхоналари томонидан молиялаштириладиган» деб таъриф берганингиз билан, барибир қанча пул давлатдан олиняпти, қанчаси бошқа йўллардан қопланяпти, аниқ айтиш қийин.

Ҳозир масалан дунёдаги футболчиларнинг маоши ҳақида сўз юритилиб, бизникилар олаётган маблағлар анча кам эканини айтадиганлар ҳам бор. Аммо бир нарсани тушуниш керакки, Европа клублари ўша маошларни ўз даромадларидан, хусусий пуллардан белгилаяпти, бизда эса, бу пуллар асосан давлат манбалари ҳисобидан шакллантирилаётгани сабабли, футболчининг маоши ўқитувчи ёки шифокорнинг маоши билан таққосланишида мантиқ бор.

Мен тилга олинаётган «маошлар ҳисоботи» клубларга «футболчиларга шундан ортиқ бермайсан» дейиш учун эмас, клубларга бериладиган суммани ҳисоблаш учун керак бўлади, холос. Клуб ўша ПФЛ берган пулдан ташқари, ўзи даромад қилиши, маркетинг ёки стадиондаги даромадлар орқали пул топиб, футболчиларига истаганча маош бериши мумкин. Қайсидир клуб ўз харажатларини оширмоқчи, қимматроқ ёки юқори маош оладиган футболчиларни йиғмоқчи бўлса, бемалол, даромадларини оширсин, пулни кўпайтирсин, марҳамат. Аммо агар шу йўналишда пул топа олмаса, ўша ПФЛ берган пулни етказишга, шунга мос маош таклиф қилишга ва шунга мос футболчиларни ўйнатишга мажбур.

Футбол менежмент ривожланади

Юқорида айтилганлардан хулоса қилсак, тизим бўйича клубларда уч хил мазмунда даромад юзага келади.

А даромад. ПФЛ томонидан йил бошида клубларга бериладиган, минимал харажатларни қоплайдиган сумма;

Б даромад. ПФЛ томонидан йил охирида клубларга бериладиган сумма. Бу жамоанинг эгаллаган ўрнидан келиб чиқиб аниқланади;

С даромад. Клубларнинг ўз футбол фаолиятлари орқали топган пуллари. Чипталар, атрибуткалар сотиш, маркетинг, ҳомийлик шартномалари, трансферлар ва ҳоказо.  

Демак, клуб С йўналишда исталганча даромад қилиши, шу йўналишга урғу бериши мумкин. Айнан шу даромадларни ошириш орқали, Суперлигадаги бошқа клубларга нисбатан устунлик юзага келади, харажатларни ошириш имконияти туғилади. Ўз ўзидан, клублар пулларни тежашга ўтишади. Б даромадни ошириш учун яхши мураббий қидиришади, чипталардан даромадни ошириш учун мухлислар билан ишлашади, ҳомийлардан кўпроқ пул топиш учун клуб имижи ва брендини ривожлантиришади, трансферлар орқали пул топиш учун академияларга, мураббийларга, скаутларга эътиборни кучайтиришади.

Ўз навбатида, ПФЛ ҳам профессионаллашуви ва ўша давлатдан оладиган пулларни йиллар давомида камайтириб боришга ҳаракат қилиши лозим. Клубларнинг С даромади ошган сари, А ва Б даромадларга бўлган эҳтиёж пасайиб боради. Табиийки, қачондир ўша пуллар қисилганда ёки йўқолганда, клубларда, умуман футболимизда яшаш учун қандайдир шароитлар бўларди. Акс ҳолда, шунча йиллар давомида давлатнинг, яъни халқнинг шунча пули тизимсиз ва самарасиз совурилиши, ҳеч бўлмаса, футболга қизиқмайдиган одамларга нисбатан адолатсизлик, менимча. 

Албатта, неча йилдир ўтгач, бу тенглик ўртадан кўтарилади. Барибир бир кун қайсидир клуб бойроқ, бири камбағал бўлиб қолади. Ўшанда ҳам Олмалиқда кучли жамоа бўлиб, бутун бошли Хоразм футболсиз бўлар...  Аммо ўшанда ҳеч кимда эътироз бўлмайди, Олмалиқда футболнинг борлиги ўша клубнинг меҳнатлари эвазига бўлади, шунчаки, ОКМК ўша ерда қурилиб қолгани ёки ҳокимнинг футболга қизиқиши туфайли эмас...

Қаҳрамон Асланов

Top