8460.92 USD +2.76

9439 EUR -62.05

131.06 RUB +1.32

10760.6 GBP -234.16

08:00 / 12.04.2019 1508

«Ёшлар медиа маркази» Бўка туманида пресс-турни амалга оширди 

Ёшлар иттифоқининг “Ёшлар медиа маркази” ижодий гуруҳи жараёнлар билан танишиш мақсадида Бўка туманида пресс-турни амалга оширди. Ижодий жамоа дастлаб туманининг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган “Бўстон” қишлоғида бўлди. Айни пайтда мазкур қишлоқда 3 минг 300 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 682 нафарини ёшлар ташкил этади.

Бугунги кунда мазкур қишлоқда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Масъул ташкилотлардан бири сифатида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари куну-тун бу жараёнда фаол иштирок этмоқда.

Қишлоқдаги стадион, марказий хиёбон тубдан реконструкция қилинаётган бўлса, икки сменада фаолият олиб бораётган ишчилар 300 ўринга мўлжалланган тикув корхонасини қуришни жадаллик билан олиб бормоқда. 150 ўринга мўлжалланган “Бўстон” маданият марказида айни пайтда ўриндиқлар ўрнатиляпти. Тез кунда қишлоқ аҳолиси, айниқса ёшлар янги фильмлар намойишидан баҳра олади. Айниқса, 35 йил мобайнида таъмир нималигини кўрмаган қишлоқ кўчаларига асфальт ётқизилиб, симёғочлар ўрнатилиши қишлоқликларни ҳаяжонга солди. 2000-йилларда тамомила бузиб ташланган кутубхона ўрнида янги, замонавий кутубхона қад ростлаши кутилмоқда. Кутубхона ёнидаги 130 ўринли болалар боғчасини капитал таъмирлаш бўйича ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Абгор ҳолга келиб қолган қишлоқ оилавий поликлиникасида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. 

Поликлиниканинг шундоқ ёнидан “Пойтахт Барака Чеваралари” МЧЖ таъсисчилигида енгил композитли панелдан 300 ўринли тикув-трикотаж фабрикаси барпо этилмоқда. Шунингдек, Бўстонда бир неча йиллардан бери қаровсиз ҳолда ётган хиёбон ва стадион жиддий таъмирдан чиқариляпти. Хиёбонга замонавий аттракционлар ўрнатилиши кутилаётган бир пайтда, стадионда ўриндиқлар ва соябон ўрнатишга аллақачон киришилган. 

Пресс-тур давомида галдаги манзил туман маркази бўлди. Хусусан, Бўка шаҳридаги адирлик устида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бўка тумани кенгаши, шунингдек, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси туман филиали биноси, Ёшлар коворкинг марказини қуриш ишлари давом этмоқда. Ҳудуд ободонлаштирилиб, турли манзарали дарахтлар экилмоқда. Бўкалик ёшлар учун истироҳат маскани ҳам ташкил этилади.

Туман марказий стадионида ёшлар ўртасида ташкиллаштирилган футбол мусобақасида 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган ёшлар баҳс олиб борди. 4 кун давом этган футбол мусобақалари президент томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусни янада ривожлантириш мақсадида ўтказилди. 

Мусобақа якунида совриндорлар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти томонидан тақдирланди. Мусобақада 3-ўрин Бекобод жамоасига, 2-ўрин Бўка тумани жамоасига ва фахрли 1-ўрин Зангиота тумани жамоасига насиб этди.

Куннинг иккинчи ярмида ижодий жамоа туманнинг олис “Дўстлик” маҳалласига йўл олди. Мазкур ҳудуддаги ўзбек ва қирғиз тилларига ихтисослашган 34-умумтаълим мактабига ҳам пойтахтдан келган фан, таълим ва маънавият  соҳасининг намоёндалари, шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан китоблар жамланмаси тақдим этилди. Санъаткорлар ҳамда ўқувчиларнинг турли саҳна кўринишлари, куй ва рақслар тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади. 

Туманнинг энг оғир шароитдаги мазкур қишлоғида тез кунда “Ўзпахтасаноат”  томонидан пахта тозалаш корхонасининг бўш турган майдонидан тикув-трикотаж корхонаси жадаллик билан қуриляпти. 

Ижодий жамоа туман марказидаги 19-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлди. Бу ерда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қ.Қуранбоев Бўка туманидаги таълим муассасалари етакчилари билан учрашди. Учрашувда таълим муассасалари етакчилари томонидан бир қатор таклифлар берилди. Булар сирасига туманда китобхонлик танловини ўтказиш, мазкур танлов ғолибларини Самарқанд шаҳрига саёҳатга юбориш, таълим муассасаларида ҳаваскор театр-студияларини ташкил этган ҳолда улар ўртасида танлов ўтказиш, ғолиб бўлган умумтаълим мактабларининг ҳар 5 тасига радиоузел ўрнатиш, “Бўка ғунчалари” кўрик-танловини ташкил этиш, ғолибларга чолғу асбоблари жамланмасини тақдим қилиш каби масалалар илгари сурилди.

Шунингдек, тумандаги 35-умумтаълим мактаби етакчиси ҳозирда ўз шахсий кинотеатрига эга эканини билдириб, таълим муассасаларида кўчма кинотеатрлар ташкил этиш таклифини илгари сурган бўлса, 50-мактаб етакчиси спорт майдони учун жой ажратишни сўради. Шу ернинг ўзида Қаҳрамон Қуронбоев бу борада масъулларга тегишли кўрсатма берди. Ёшлар етакчиси Бўка-Оққўрғонда ойда бир марта етакчилар брифингини ўтказиш, етакчилар томонидан ўтказиладиган тадбирлар самарадорлиги оширилишини, туманда вокал-чолғу ансамбли ташкил этилишини таъкидлади. Унинг топшириғига кўра эндиликда “Бўка ёшлари пресс-клуби” ўз фаолиятини бошлайди. 

Навбатдаги манзил туман марказидаги 1-умумтаълим мактаби бўлди. Мазкур таълим даргоҳига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши томонидан 100 номдаги 160 дона китоблар жамланмаси тақдим этилди. 

Top