8535.74 USD +17.06

9566 EUR -86.52

132.57 RUB +1.24

10746.5 GBP -101.19

18:38 / 21.04.2019 32384

«Кечки бозор, тепки бозор». Нега бозор атрофида кўча савдоси авж олган?

Ишдан чиқиб, уйга шошаётганингизда, ҳеч бозорга бирровга кириб ўтганмисиз? Тез кириб-чиқаман, деб ўйлайсиз, лекин бозор йўлаги тиқилинч, ҳамма шошган, одамлар бир-бирига урилиб-сурилиб зўрға кириб-чиқади. Кимдир қўлида бир боғ пиёз ушлаб олган, кимдир бир баклажка сут, яна биров тўртта пайпоқ кўтариб йўл устида турган. 

Шарқ бозори доим гавжум деймиз, лекин нима учун одамлар бозор дарвозалари тагида йўлни тўсиб савдо қилиши керак? Нима учун одамлар бемалол кенг йўлдан юриб, хотиржам бозор қилиб чиқа олмайди? Сотувчилар нега тўс-тўполон йўл устида савдо қилишни афзал кўради? Улар нега озода, тартибли терилган расталар ортида туриб ўз молини сотишни хоҳламайди? Бунинг сабабларини билиш учун Юнусобод ва Чорсу бозорлари йўлакларида туриб олиб савдо қилаётган сотувчилар ва ўз навбатида солиқчи ҳамда бозор маъмурлари билан суҳбатлашиб, уларнинг фикрини ўргандик.

Ёши ўттиздан ошган, «Юнусобод деҳқон бозори» атрофида нон сотаётган кишининг айтишича, кеч соат тўртдан кейин кўпчилик одамлар ишдан қайтаётган маҳал бозорнинг ичкарисига киришдан кўра, йўл устида харид қилишни қулай деб билар экан.

«Мен куни билан бозор ичида нон сотаман, фақат кечки пайт бозорнинг кираверишига кўчиб оламан. Бу пайт харидорлар энг кўпайган вақт, албатта, савдо ҳам яхши бўлади», — дейди у. 

Нон сотувчисининг таъкидлашича, ички ишлар ходимлари ва бозор назоратчилари ҳам кеч киргандан сўнг уйларига кетади. Шунинг учун бозор атрофи гавжумлашгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ. 

Фото: Sputnik  Антон Курилкин

Худди шу бозорда олма сотаётган ёши 25дан ошган аёл:

«Агар бозорда жой бўлганида эди, мен бу ерда савдо қилмаган бўлардим. Бозордаги расталарнинг ўз эгалари бор, ҳамма жойлар банд. Йўлакда туриб савдо қилиш, албатта, ҳеч кимга ёқмайди, ёғин-сочин, иссиқ-совуқ кунлар бизга ҳам қийинчилик туғдиради. Солиқ ходимлари келиб гапиришади, тақиқланган ерда савдо қилаётганлигимизни биламиз, лекин тирикчилик қилишимиз керак, на илож. Эрталаб машиналар турар жойида улгуржи савдо қиламиз, агар маҳсулотимиз сотилмай қолиб кетса, кейин бу ерга олиб келамиз. Юкларни ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа кўтариб юришга қийналаман. Агар бозор ичидан жой ажратиб, раста қилиб беришса, тартибли савдо қилар эдим», — дея жавоб берди.

«Озиқ-овқат бозори йўлагида кийим-кечак сотиш мумкин эмаслигини биламан», — дейди Юнусобод деҳқон бозорида 53 ёшдаги кийим-кечак сотувчи аёл. 

Унинг айтишича, «Оилага ёрдам қилиш учун, уйига яқин бўлганлиги сабабли шу ерда савдо қилишга мажбур». 

«Бозор орқасидаги икки хонали квартирада яшайман. Битта боласи билан турмушидан ажраб келган қизим мен билан яшайди, олган алимент пулини уй сотиб олиш учун йиғади. Мен эса рўзғорни бут қилишга ҳаракат қиламан. Олдин сотиладиган молимни таниш сотувчиларга насияга бериб кетардим, аммо фойда қила олмадим. Бир йилдан бери шу ерга келиб савдо қиламан, эрталаб соат ўн-ўн бирлардан то кечки саккизларгача турли об-ҳаво, чанг-тўзон шароитларда туриб ишлайман, тушликни ҳам шу ерда қиламан. Харидорлар сотиб олсин, деб қаер гавжум бўлса, ўша ёққа бориб тураман. Магазинларга харидорлар кўп кирмайди, нарсалари чанг босиб кетади, мен эса бу ерда устига камроқ нарх қўйиб бўлса ҳам тезроқ сотиб кетсам дейман». 

Чорсу деҳқон бозоридаги тухум сотувчи аёл фақат бир-икки ой кечки пайтлари келиб тухум сотиб кетиши, растага харидорлар кўп бормаслиги, одамлар йўл-йўлакай бозор қилиб кетишга одатланганликларини сабаб қилди.

Фото: Mahalladosh.uz

Чорсуда 35 ёшдан ошган олма сотаётган аёл:

«Бозорнинг ичкарисида растада маҳсулот сотишни хоҳлардим, аммо тўловларини бажара олмайман. Қариялар, ёш болалилар, имконияти чекланганлар зиналардан чиқиб-тушишга қийналади, шунга йўл-йўлакай сотиб олиб кетаверади. Метродан чиқиб шошилиб турганлар тепа бозорга чиққиси келмайди, чунки ишдан чарчаб қайтаётган бўлади. Ўзимдан мисол, картошка керак бўлиб қолса, тўғриси юқорига чиқиб, у ёқдан оғир юк билан тушиш қийинчилик туғдиради. Иложи бўлса, шу йўлимдан чиққанини олиб кетаверсам, бир-икки сўм қимматига бўлса ҳам дейман. Тепа кийим-кечак, паст эса деҳқон бозори бўлганида яхши бўларди, сабзавот меваларни оғир қилиб кўтаргандан кўра тўртта кийим олиб тушиш енгил-да. 

Бозор маъмуриятидан тинмай келишади, улар «кетинглар» дейди, ҳайдайди, барибир келиб туриб олаверамиз, фавқулодда ҳолат пайтларида, ёнғин хавфсизлиги йўли бўлганлиги учун рухсат йўқ ўзи, лекин бекор ўтиргандан кўра шу ерда ҳаракат қилиб бола-чақамни еб-ичиши-ю ўқишига оз бўлса ҳам ёрдам қилай дейман. Юқорида расталарнинг шароитлари яхши, чиройли бўлгани билан у ёқда туриш учун маблағ кўпроқ бўлиши керак, сифатли мол олиб қимматроқ сотиш керак. Қолаверса, кунлик патта, солиқ тўловлари бор, мен эса арзон нарса сотиб олиб, устига оз нарх қўйиб сотаман, чунки қимматга маҳсулот олиб кейин сота олмай қолишим мумкин». 

25 ёшдан ошган қулупнай сотувчи:

«Бозорнинг пастки қисмида ўтирадиганларнинг кўпчилиги тепада савдо қила олишмайди, чунки тўловлари қиммат ва харидорлар камроқ бўлади. Мен ўзим қонуний рухсат этилган жойда ишлайман ва тўловларни амалга ошираман. Савдо яхши бўлмаса, икки томон бир-бирини айблайди.Тўғри, пастдагилар ҳам рўзғор тебратади ўша ерда савдо қилишга ўрганиб қолган, лекин улар пастда ўтиришмаса, харидорлар мажбур тепа бозорга чиқади».  

Салат сотаётганлардан бири:

«Одамлар шошилиб кетаётганда тепага чиқиб кетолмайди, шу ерда ўтирганимиз учун одамлар раҳмат айтиб кетади». 

Шунингдек, ёнғоқ сотувчининг айтишича, бир қоп ёнғоқ билан растада туришга тўлов қилиб турганининг фойдасини қила олмас экан: «Кечгача ҳайда-ҳайда бўлади, тўғри ноқонуний савдо қиляпмиз, лекин растада туриш учун бизда кўпроқ маблағ бўлиши керак унга кўпчиликнинг шароити кўтармайди. Мисол учун катта тадбиркорлар ҳам аввал оз миқдордаги маҳсулотдан иш бошлаган, насиб қилса биз ҳам тепа бозорда турамиз». 

Кўпчилик ноқонуний сотувчиларнинг расталарда туриб, қонуний савдо қилишлари учун турли тўловларнинг миқдори юқорилиги сабаб қилиб келтирилди.

Бозор маъмурлари ва солиқ ходимларининг айтишича, йўл устида савдо қиладиган аксарият сотувчилар солиқ, патта ва яна бошқа шунга ўхшаш тўловлардан қочиб, кўчада савдо қилишни афзал билади.

«Чорсу деҳқон бозори» АЖ директорининг Хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Хуршид Эгамбердиевнинг айтишича, ноқонуний савдо қилишнинг олдини олиш бўйича ушбу бозорга бириктирилган солиқ, ички ишлар ходимлари биргаликда ноқонуний савдо қилаётганлар билан профилактик суҳбат ва қонуний фаолият юритишлари учун тушунтириш ишлари олиб борилади.

«Уларга нисбатан чора кўришга бизнинг ваколатимиз йўқ, фақат профилактика ишларини олиб борамиз. Бироқ бу ишлар натижа бермаяпти, чунки улар солиқдан, давлатга пул тўлашдан қочишяпти, бунинг тагида эса шахсий манфаат ётади. Ҳеч қандай ҳужжатларсиз келиб маҳсулот сотишади, олдига борсак араваларини олиб қочишади, бозор 20 гектар майдонни эгалласа, ноқонуний савдо бўйича тўртта ходим 50та араванинг ортидан қувлаб етолмайди. Баъзан тўполон бўлиб кетса, ҳокимлар ҳам келишади», — дея таъкидлайди у.

Ноқонуний савдо қилаётганлар бозор атрофида кўп бўлганликлари сабабли ҳам харидорлар тепа бозорга чиқмайди. Улар патта тўламайди, патент очмайди, шунинг учун ҳам табиий равишда нархлар арзон бўлади.

Фото: Mahalladosh.uz

Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан белгиланган тарифлар мавжуд бўлиб, шу асосида пул ундирилади, белгиланган миқдордаги пулни ошириб ёки тушириб ҳам бўлмайди, деб таъкидлаб ўтди.

«Юнусобод деҳқон бозори» нинг раиси Бекзод Латиповнинг фикрича, йўл устида савдо қиладиган кишилар солиқ тўлашдан ташқари, кўп ҳолларда одамларни алдаб, сифати бузилган маҳсулотларни сотишади.

«Бозор ташқарисида йўлакларда туриб ноқонуний савдо қилаётганлар бозорда қолиб кетган маҳсулотини олиб чиқиб «деҳқонман», деб алдаб сотишади, улардан маҳсулот сотиб олган харидорлар эртаси кун бозорга шикоят қилиб келишади. Тиб-лаборатория текшируви уларнинг маҳсулотини, кўпинча, яроқсиз деб аниқлайди», — дейди у.

Раиснинг билдиришича, Юнусобод деҳқон бозорида 1600та савдо растаси бўлса, шундан 900таси банд, қолган 700та раста эса бўш турибди. 

«Уларда бозорга рақобатдош мол йўқлиги учун бозорда савдо қила олишмайди.Тўловлар банк кассаларидан онлайн тарзда ҳам қабул қилинади. Расталарнинг бўш ёки бандлиги иккита монитор орқали кўрсатилади, ишлашни истаган фуқаро бўш растага жойлашиши мумкин. Жойларда шаффофлик, ҳеч қандай эгалик ҳуқуқи йўқ. Баъзилар «бир кун, бир ой ёки бошқа иш топгунимча савдо қиламан», деганларга ҳам жой берамиз. 

Одамларда шундай тушунча борки, бозорда янги келганларни олибсотарлар синдириб юборишади деб ўйлайди, лекин аксинча, ундай эмас, ким келиб арзон сифатли маҳсулот сотса, харидорларни бир соатда ҳам йиға олади», — дейди у.

Давлат солиқ қўмитаси профилактика бошқармасининг бошлиғи Нодир Эркаев:

«Агар ноқонуний тадбиркорлик фаолияти аниқланса, бугунги кунда солиқчиларнинг биринчи вазифаси — ноқонуний тадбиркорликни бартараф қилиш бўйича профилактик суҳбат ўтказиш. Президентнинг сиёсати шундай бўляптики, тадбиркорни бориб бўғиб, энди иш бошлаганни банкротликка киритиб қўймай, аввал расмий огоҳлантирилади, агар ҳақиқий тадбиркор бўладиган бўлса, огоҳлантирилгандан сўнг ўз фаолиятини қонунийлаштиради. Агар иккинчи марта бориб текширилганда ҳам ноқонуний фаолият юритаётган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси расмийлаштирилиб, ҳужжатлар судга топширилади ва моли вақтинчалик олиб қўйилади», — дейди у.

Эркаев yнинг айтишича, бозорнинг кириш дарвозаси билан бозорнинг орқа тарафидаги расталар орасида патта пулида фарқ бўлиши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилди. 

«Кўпинча харидорлар бозорнинг кириш дарвозасидан бошланган расталардан зарур маҳсулотини сотиб олиб кетаверади, бозор охиригача боришга эҳтиёжи қолмайди. Масалан, бозорнинг бошидаги расталар 1 метр квадратига 25 минг сўм бўлса, охирига эса 15 минг сўм қилинсин, яъни одамлар кўп ўтадиган кириш жойидаги нарх, бозорнинг кам қатнайдиган орқа қисмидагидан пастроқ нархда бўлиши эртага ўз натижасини беради, чунки агар сотувчининг кўп миқдордаги тўловни амалга ошира олмаса, бозорнинг орқа тарафидаги савдо расталарида бемалол камроқ патта ва солиқ пулини тўлаб савдо қилишлари мумкин бўлади», — дейди у. 

Мақола тайёрлаш жараёнида растада туриб савдо қилмаётган сотувчиларда турли хил ҳолатлар кузатилди: кимдир умуман пул тўлашни хоҳламайди, баъзилар тўловни қимматлик қилаётгани ёки растада туриб яхши савдо қила олмаётганини сабаб қилиб келтирди, кимдир харидорларнинг истагига боғлиқ омилларни важ қилди. Бозорда қонуний савдо қилишлари учун солиқчилар томонидан Вазирлар Маҳкамасига берилган таклиф ижобий қабул қилинса, ноқонуний савдони олдини олишга маълум миқдорда ечим бўлиш эҳтимоли мавжуд. 

Шунга қарамай, аҳолида савдо маданияти, харидорда товарнинг келиб чиқишига қизиқиш пайдо бўлиши лозим. Шунингдек, бозор маъмурияти савдоқулай бўлиши учун турли қийинчиликларни бартараф этиши, кези келса, тўловларни ундиришда шаффофликни йўлга қўйиши керак.

Алишер Рўзиохунов

Теглар

Top