8535.74 USD +17.06

9566 EUR -86.52

132.57 RUB +1.24

10746.5 GBP -101.19

21:30 / 13.05.2019 9776

Президент хорижий инвестициялар ҳисобига Тошкентда тезроқ саноат корхоналарини ишга тушириш ҳақида кўрсатма берди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 май куни хорижий инвестициялар иштирокидаги устувор лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар тарқатди.

«Мамлакатимизда фаол инвестиция сиёсати олиб борилмоқда. Инвестиция муҳити тобора яхшиланиб, ишбилармон доиралар юртимиздаги лойиҳаларга катта қизиқиш билдирмоқда. Халқаро молия институтлари, ривожланган давлатлар ва йирик компаниялар иқтисодий-ижтимоий соҳаларга сармоя киритмоқда. 

Биргина жорий йилнинг ўзида Германия Федератив Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой Халқ Республикаси, Корея Республикаси ва бошқа давлатлар раҳбарлари билан олий даражада мулоқотлар бўлиб ўтди. Улар доирасида саноат, энергетика, инфратузилма, қурилиш, транспорт, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим каби соҳаларда муҳим келишувларга эришилди. Ҳар бир давлат билан қўшма лойиҳалар ижросини таъминлаш учун Президент қарорлари асосида «йўл хариталари» тасдиқланди.

Жорий йил 8 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги барча лойиҳалар тўртта рўйхатга ажратилиб, биринчи рўйхатдаги энг муҳим стратегик лойиҳалар Президентнинг доимий назоратида бўлиши белгиланган эди. 

Йиғилишда ана шундай устувор инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши атрофлича таҳлил қилинди», дейилади хабарда. 

«Инвестиция иқтисодиёт ривожи, халқимиз ҳаёт сифати ва фаровонлигини таъминлайдиган асосий манбалардан биридир. Ривожланган давлатлар билан муносабатларимиз янги босқичга кўтарилганидан келиб чиқиб, жадал ва тизимли ишлашимиз керак», деган давлат раҳбари. 

Бу борада муайян ишлар амалга оширилгани, инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тизимига шу соҳа бўйича вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими киритилгани, ҳар бир мамлакат билан ишлаш бўйича алоҳида бошқармалар ташкил қилингани, бундан ташқари, мутасадди раҳбарлар бошчилигида махсус ишчи гуруҳлар тузилгани қайд этилган. 

Йиғилишда хорижий инвестициялар иштирокидаги устувор лойиҳалар бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилган. 

Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳолати жуда сустлиги, улкан молиявий имкониятлардан самарали фойдаланилмаётгани танқид қилинган. Эришилган келишувлар ва қўшма лойиҳалар ижросини ўз вақтида ва сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча топшириқлар берилган. 

Шу билан бирга, иш ўринлари яратиб, халққа фойда келтирадиган, иқтисодий самарадор янги лойиҳалар ишлаб чиқиш бўйича ҳам вазифалар белгиланган. 

Тараққий этган мамлакатларда инвестициялар жалб этиш бўйича тажриба Бирлашган Араб Амирликлари мисолида кўриб чиқилган. Энг замонавий ёндашув ва иш юритиш услубларини соҳа ва тармоқларимиз фаолиятига жалб этиш, ушбу мамлакатдан мутахассислар таклиф этган ҳолда ёки онлайн тарзда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида малака ошириш ва тажриба ўрганишни ташкил этиш масаласи муҳокама қилинган, бу борада аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Йиғилишда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда Тошкент шаҳрида замонавий саноат корхоналари ташкил этишга қаратилган ишлар ижроси ҳам таҳлил қилинган. Бу лойиҳалар шаҳарнинг мавжуд инфратузилмасидан самарали фойдаланган ҳолда бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, айниқса, аҳолини иш билан таъминлаш жиҳатидан муҳимлиги қайд этилиб, уларни тезроқ ишга тушириш бўйича кўрсатмалар берилган.

Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тизимини такомиллаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Давлат раҳбари инвестиция соҳасига доир қонунчилик халқаро нормалар даражасида такомиллаштирилиши, улар ҳар бир инвесторга ишонч, кафолат бўлиши зарурлигини таъкидлаган.  

Йиғилишда берилган топшириқлар юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланган.

 

Top