8578.36 USD +3.62

9628.35 EUR -119.41

134.52 RUB -1.31

10742.7 GBP -141.24

20:45 / 26.05.2019 11138

Чемпион ҳикоялари. Марио Гётце Клопп, Пеп ва ўша гол ҳақида

Мен учун дўзах - футбол ўйнаш имкониятидан маҳрум бўлишдир. Ҳаммаси мана шунақа оддий.

Ҳаётимнинг аксарият қисмида мен қийинчиликларга дуч келмаганман, ҳаммаси жуда силлиқ кечган ва мен жуда ёшлигимдан бошлаб, орзуларим билан яшай бошлаганман. 17 ёшимда «Сариқ девор» (Дортмунднинг фанатлар трибунаси) қаршисига чиқдим. Дунёнинг энг буюк икки мураббийи қўл остида ўйнадим. 22 ёшимда жаҳон чемпионати финалида гол урдим. Ростини айтсам, ёш эдим, эришган нарсаларимнинг қадри ҳақида унчалик ўйламасдим, табиийки. Касал бўлиб қолганимда эса... Ҳаммаси кетди. Йўқ, келинг бир бошдан. Аввал яхши хотиралар ҳақида гаплашайлик. Масалан, мистер Клопп ҳақида. 

Менинг биринчи мураббийим - у менга 17 ёшимда майдонга тушиш имконини берганди. Уни ҳозир «Ливерпуль»да кўриш ҳам қизиқ - у доим, ОАВ олдида ҳам жуда самимийлигича қолган. Доим нимани ўйласа, ростини гапиради. Одамлар майдон четида Клоппнинг бир қисмини кўрадилар, холос. Аслида, унинг жуда жиддий тарафи ҳам бор. Ўн етти ёки ўн саккиз ёшимда, агар машғулотларда бор кучимни бермаётганимни сезиб қолса, мени қувлаб олдимга келар, елкаларимдан ушлаб бақирарди. 

У мен билан қандай муомала қилишни жуда яхши биларди. У - ажойиб мураббий, лекин ундаги энг муҳим жиҳат, шахсият, инсонийлик жиҳатидир. Айниқса, мен каби ёш футболчи учун. У каби қувноқ инсонни учратмаганман. Ҳеч эсимдан чиқмайди, ёзда уни Дюсселдорфда кўриб қолгандим. Клопп у ерда соч эктириш бўйича қандайдир мутахассиснинг олдига борган экан. Бу Германияда шов-шув бўлиб кетганди, у эса, фақат кулар, янги сочлар билан қандай ажойиб кўриниши мумкинлигини менга айтиб берарди. Кетаётиб эса, менга кўзини қисди ва деди:

- Марио, хавотир олма, мен телефон номерини сақлаб қўяман.

- Нега бунақа деяпсиз?

- Докторнинг номерини айтяпман. Сен учун. Бир неча йиллардан кейин у сенга ҳам керак бўлади.

У кулди ва кетди. Аксарият одамлар бундай ҳолатлардан бироз уяладилар ва индамай қўя қоладилар. Унга эса, фарқи йўқ эди. Ажойиблигича қолар ва бу албатта, атрофдагиларга ҳам таъсир қиларди. У менга Дортмундда имконият берди, бунинг учун миннатдор бўлишим керак. Ўн ёшимдан йигирма ёшгача ўзим яшайдиган шаҳар жамоасида яшадим, ўйнадим, ҳеч қандай муаммо ҳис қилмадим. Кейин эса, кетишга қарор қилдим.

Кўпчилик ўша қароримни тушунмайди. Бу бир кечада қилинадиган қарор бўлмаган, бу қарорга мен йил давомида келганман. «Бавария» таклифи аслида бир йил олдин тушган, лекин мен рози бўлмагандим. Пеп Гвардиола уларнинг бош мураббийига айланиб, қайтадан таклиф этишганда эса, нима қилишни билмай қолдим.

20 ёшли йигитчанинг қандай ўйлашини тасаввур қилишингиз керак. 20 ёшингизда қандай бўлгансиз, эслай оласизми? Ҳаёт ҳақида тушунчалар тўлиқ шаклланмаган бўлади. Мен ҳеч қачон ўз ҳолимча яшамаганман, шунинг учун ниманидир ўзгартиришга бел боғлагандим. Футбол нуқтаи назаридан эса, Пеп Гвардиола қўл остида ўйнаш - янада ўсиш учун ажойиб имконият. Мен кетишга қарор қилдим ва оқибат ҳақида ўйламадим. Бир неча ҳафта ўтиб эса, ота-онамнинг уйига полиция чақирдик. Уларни ҳимоя қилиш учун.

Ким айтиб қўйганини билмайман. Албатта, мен эмас, мен буни истамаган бўлардим. «Реал» билан Чемпионлар Лигаси ярим финалида майдонга тушиш олдидан, ёзда «Бавария»га ўтаётганим ҳақида хабарлар тарқалиб кетди. Ҳозир нега бундай бўлганини, фанатларнинг реакциясини тушунаман - улар учун футбол шунчаки ўйин эмас.

Аммо ўша пайтда бу мен учун шок эди. Мен чидай олмаганман. 14 ёшли укамни мактабда қийнашган. Одамлар онамга жуда ёмон гаплар айтишган. Интернетда оиламга таҳдидлар бўлди. Ўз уйимизга, шаҳримизга бу қадар бегона бўлиш мумкинлигини ҳис қилиш қийин эди. Ёзда мен кетдим, лекин оиламдагилар ўшандай ҳаётни яшашда давом этишди. Жуда қийин бўлган, шундай бўлса-да, ўша қароримдан пушаймонман, дейишим қийин.

Тушунаман, ҳаётда кейин нима бўлишини билиб бўлмайди. Ўша ёмон кунлардан сўнг, фаолиятимдаги энг ёрқин воқеалар ҳам бўлди. Ёки тескариси. Агар ОАВда ўқиб борсангиз, бир кун сотқинга чиқарилдим, кейин қаҳрамон бўлдим, кейин эса, умуман футболдан йўқолиб қолдим. Ҳаммаси қандайдир тўрт йил ичида рўй берди.

«Бавария»га ўтишим хато эди, дея олмайман - чунки, Пепдан футбол ҳақида жуда кўп нарсаларни ўргандим. У тактика ҳақида соатлаб гапириб ўтириши мумкин, мен ўйинни бутунлай бошқа тарафдан кўришни ўргандим. Машғулотлар савияси жуда юқори эди. Худди Клопп билан бўлганидек, Пепни мураббий ва инсон сифатида таниш ўзига хос тажриба бўлган. Шунинг учун ўша давр ҳақида аниқ айтолмайман, ҳа «Бавария»да ҳаммаси кутилганидек бўлмади, Дортмундни тарк этишим қийин бўлган, аммо агар ўша трансфер бўлмаганда, жаҳон чемпионатидаги воқеа содир бўлармиди? 

Ҳаёт қизиқ. Одамлар менинг финалдаги голим ҳақида гапиришади, лекин бутун турнир давомида жуда ёмон ўйнаганимни эслашмайди. Жазоирга қарши ўйиннинг танаффусида мени алмаштириб юборишганини эслашмайди ҳам. Лекин мен унутганим йўқ. Францияга қарши чорак финалда асосий таркибдан четда қолдим. Бразилия билан ярим финалда умуман майдонга тушмадим. Кап-катта одам сифатида ҳаммасини тушуниб турардим, аммо ўша пайтларда дунёдаги энг ғамгин инсонга айланиб қолган бўлсам керак. Бирор ижобий жиҳат топа олмас, финал олдидан ниҳоятда тушкун эдим. Мени нималар кутиб турганини тахмин қилиш қийин эди.

Биласизми, одамлар фақат голлар ҳақида гапиришади. Мен учун голнинг аҳамияти унчалик эмас. Тўпни тепиш. Мен буни минг марталаб қилганман. Ўша гол, аслида менинг меҳмонхонада ётиб, ўзим учун қилган қароримнинг оқибати эди, холос. Мен ўзимга ўзим бу вазиятдан тушкунликка тушмаслик ва фақат машғулотларга диққатимни қаратишга сўз бергандим. Ва табиийки, бироз омадим ҳам келди ўша вазиятда. 

Мураббий мени туширмаслиги ҳам мумкин эди. Унда бошқа жуда кўп вариантлар бўлган. Андре Шюррле айнан ўша зонага тўпни етказиб бера олмаслиги мумкин эди. У мени зўрға кўриб қолганди. Тўп ердан бироз бошқа тарафга кетиб қолиши мумкин эди - ўнгга ёки чапга. Дарвозабон тўпни қайтариши ҳам мумкин эди. Булар ҳақида ўйлаганимда мени салбий ҳиссиётлар чулғаб олади. «Маракана»даги ҳал қилувчи гол муаллифи мен бўлмаслигим ҳақида миллионлаб бошқа сценарийлар ҳам бор.

Бу гол - орзудан ҳам юқори. Мен кўпроқ ўйин олдидан, фаолиятимдаги энг ёмон даврда ўзимни қандай тутганимдан қониқаман. Уч кунда мен қаҳрамонга айландим, биз жаҳон чемпиони бўлдик. Кейинги воқеалар, менга бўлган муносабатнинг ўзгариши ҳам, оғир дамларни енгиб ўтиш жараёнини янада қадрли қилади, мени тўлқинлантиради.  

Мен бунга ҳам тайёр эмасдим, деб ўйлайман. Йоахим Левнинг ўша Месси ҳақидаги менга айтган гаплари машҳур бўлиб кетди. Аслида эса, у мени ёнига чақириб, «ҳаммага Мессидан зўр эканингни кўрсат» деганида, у қадар таъсирланмадим. Бу сўзлар кўпроқ ҳавога учди, чунки мен асосан тактик кўрсатмалар ҳақида ўйлаётгандим. Бу гапларни деярли эшитмадим ҳам. Матбуот анжуманида Лёв у сўзларни такрорлагач, ҳақиқий бомба бўлиб кетди. Шундоғам, «Бавария»да катта босим остида эдим, бу эса, қўшимча бўлди. 22 ёшли бола учун кўплик қилади.

Ҳаммамиз ҳам инсонмиз. Баъзида унутиб қўямиз, лекин яхши ва ёмон кунлар ёнма-ён эканини дарров эслашга мажбур бўлдим. Мендан кўп нарса кутишар, мен эса, бунга лойиқ бўлиш учун ҳаддан ташқари кўп шуғулланадим. Финалдан сўнг, уч ҳафта таътил ва яна машғулотларга қайтилди. «Бавария»да талаблар қаттиқ, яқинда жаҳон чемпиони бўлганимиз унутилган, совринлар, голлар керак... Натижада қаттиқ чарчоқ бўлди, танам буни кўтара олмади. Жисмоний тарафдан пасая бошладим. Кейинги ойларда қайта тикланишим ва нафасимни ростлаб олишим лозим эди. Охири танамдаги модда алмашишида муаммолар борлиги ҳақида диагноз қўйишди. Ҳатто фаолиятим якунланиши ҳам мумкин экан. 

Дортмундга қайтишга қарор қилганим тўғри бўлди. 20 ёшимда, бу ерни тарк этганимда, анча ёш бўлганман, ҳаёт ҳақида умуман фикрламасдим, футбол мен учун шунчаки бир ўйин эди. Чим устида тўп орқасидан югурасан - бу спорт холос. Аммо кўтарилишлар, пасайишлар, сўнгги воқеалар вазиятга бошқача қарашни ўргатганди. Футбол инсонлар учун нима эканини тушундим - нафратни, муҳаббатни, босимни ўз танамда ҳис қилдим.

Нафрат. Мен буни ҳалигача тушунмайман. Мен ҳали ҳам «Бавария»даги жамоадошларим билан яқинман. Уларни ёмон кўришим керак эканини ҳам тушунмайман, айниқса, биз улар билан бирга юртимизга Жаҳон кубогини олиб келдик, бу ҳеч қачон унутилмайдиган воқеа. Дортмундга ҳам бошқача қарайман энди. Бир пайтлар, кетганимда, мендан аччиғи чиққан одамлар жуда илиқ кутиб олишди. Буни ҳам қадрлайман. 

2009 йилнинг 21 ноябри... Бу кунни ҳамма унутиб ҳам юборган, биламан, лекин мен учун ундай эмас. Ўша куни «Майнц» билан 0:0 ўйнаганмиз. Ўша куни 88-дақиқада Клопп мени олдига чақириб, майдонга тушишим кераклигини айтганди. Бу менинг дебютим бўлган. Тасаввур қилинг, 17 ёшдасиз. шу ерда улғайгансиз - даҳшат. 

Мен захира ўриндиғидан турдим ва машқ қила бошладим. Мухлислардан иборат ўша «сариқ девор»га қараб, шунчалик ҳаяжонландимки, майдонга тушгунча иштонимни ҳўл қилиб қўйишим ҳам турган гап эди. Биламан, ўша финалдаги голимни юз йилдан кейин ҳам одамлар томоша қилишади, бу жуда катта воқеа. Лекин шахсан мен учун «Вестфаленштадион»га қўйган илк қадамим ҳам ўша голдан кам эмас. Шунинг учун Юрген Клоппга ўша кун учун миннатдор бўлишим керак. Бу менинг ҳикоямнинг бошланиши эди.

Яна нима? Ҳа, хурсандчилик билан айтишим мумкинки, шунча йил ўтиб, хозирча ўша соч экувчи врачнинг телефони менга керак бўлмади. Ҳозирча керак эмас. Қачондир керак бўлар балки, лекин бунга ҳали анча бор.

Ва энг муҳими...

Бутун мавсум давомида мени қўллаб-қувватлаганликлари учун «Боруссия» мухлисларига раҳмат айтмоқчиман. Биз биргаликда жуда кўп ҳолатларни бошдан кечирдик, мен осмонда ҳам бўлдим, ернинг тагида ҳам. Билмайман, бу саёҳатим қаерда ва қандай тугайди, шунчаки, айтмоқчиманки, бу клуб - ҳаётимнинг жуда муҳим бўлаги. Ва мен футбол ўйнаб завқланаётганимдан бахтлиман.

Danke.

Марио

ThePlayersTribune дан олинди.

Теглар

Top