8562.34 USD +26.60

9731.96 EUR +165.96

135.34 RUB +2.77

10908.4 GBP +161.92

20:26 / 28.05.2019 8911

Кўмир ёқилғисига мослаштирилган иссиқхоналар ҳам маблағ, ҳам табиий ресурсларни тежамоқда

Президентнинг қатор қарорларига мувофиқ, Ўзбекистонда газ ўрнига муқобил ёнилғидан фойдаланишга ўтиш жараёни босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Бугун, 28 май куни Ўзбекистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари учун кўмир ёқилғисига мослаштирилган иссиқхоналарнинг афзалликлари ҳақида тушунча бериш мақсадида Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган, помидор етиштиришга ихтисослашган Turon Tomates иссиқхонасига пресс-тур ташкил этилди, дея хабар беради Kun.uz мухбири.

Гап шундаки, газ тобора юқори қийматли табиий ресурсга айланмоқда ва ундан ёнилғи сифатида фойдаланиш ҳам вақт ўтган сари қимматлашиб бормоқда. Кўмирдан фойдаланишга ўтиш эса маҳсулот таннархининг ошиб кетиш хавфини сезиларли даражада пасайтиради, зеро кўмир газга нисбатан арзонроқ ёнилғи тури ҳисобланади.

Соҳада 40 йиллик тажрибага эга "Энергогаз" корхонаси раҳбари Жамшид Якубов иссиқхонани иситишга кўмак берувчи қозон ва унинг кўмирда ишлашига алоҳида тўхталиб ўтди:

"Бу кўмирда ишловчи, сувни иситишга мўлжалланган қозон бўлиб, унда асосан четдан олиб келинган кўмир ёқилади. Бизда асосан Ангренда қўнғир кўмир ва Сурхондарёда тошкўмир бор. Ангрендаги қўнғир кўмирнинг иссиқлик бериш қобилияти бироз пастроқ. Сурхондарёники эса икки баравар кўп. Четдан келтирилаётган кўмирнинг бир тоннаси 50-55 долларга тушмоқда. Нархини солиштирганда ҳам, бизники 1000 сўм бўлса, четдан келтирилгани 600-700 сўмга тушмоқда".

Мутахассиснинг сўзларига кўра, қозон учун асосан Қозоғистон ва Қирғизистондан келтирилган кўмир ишлатилади, унинг иссиқлик бериш қобилияти - 5-6 минг килоколориягача. Ушбу тежамқувват қозон Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бўлиб, хусусиятларига кўра хорижнинг шундай қозонларидан қолишмайди.

Олинган маълумотларга кўра, ёқилғи-энергетика ресурсларини 1 гектарга ҳисобга олган ҳолда маҳсулот етиштириш табиий газдан кўра кўмир ёқилғисидан фойдаланадиган маҳсулотлар 36 фоиз арзонроққа тушиши ёки 90 миллион сўм миқдорида қўшимча даромад келтириши мумкинлигини кўрсатди.

Шу билан бирга, мавсум давомида кўмир ёқилғисидан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштирилса, 489 миллион сўм харажат қилингани ҳолда 1 миллиард 320 миллион сўм даромад олиниб, соф фойда 832 миллион сўмни ташкил этади.

Табиий газдан фойдаланиб маҳсулот етиштирилувчи иссиқхоналарда мавсум давомида ўртача 579 миллион сўм газ тўловига сарфланади. Даромад – 1 млрд 320 сўмни, соф фойда эса – 741 млн сўмни ташкил этади. Бунда табиий газ харажати 250 млн сўмни (1 м3 = 1000 сўм) ёки умумий харажатларнинг 43 фоизига тенг бўлади.

Экологик нуқтаи назаридан оладиган бўлсак, иссиқхоналарни табиий газ билан иситилганда ҳам, кўмир билан иситилганда ҳам ҳавога юқори ҳароратли азот оксиди ажралиб чиқади. Бу қозоннинг афзаллиги шундаки, ундаги кул ушлагич кўмирдан фойдаланганда чиқувчи зарарли чиқитларни ушлаб, экологияга зарарни камайтиради.

Таъкидлаш жоизки, Президентнинг 2013 йил 1 мартдаги "Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони, 2015 йил 5 майдаги "2017 — 2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги қарори, 2017 йил 26 майдаги "2017 — 2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергея самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги қарорида Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларини ривожлантириш чора-тадбирлари, энергия сарф-харажатларини камайтириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар аниқ белгилаб берилган.

Top