8518.68 USD +5.11

9652.52 EUR +145.42

131.33 RUB +0.92

10847.7 GBP +94.20

19:16 / 30.05.2019 2538

Жондор туманида Бухоро вилояти ҳокимининг сайёр қабули бўлиб ўтди

Фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш — бугуннинг долзарб вазифаларидан бири. Қолаверса, бу жараён ҳар бир раҳбарга алоҳида масъулият юклаб, халқ дарди билан яшаш, муаммоларга ечим излашга ундайди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги аппарати матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, вилоят ҳокими Ўктам Барноевнинг Жондор тумани истироҳат боғида ўтказилган сайёр қабулда мазкур ҳудуд ҳамда унга ёндош туманлар аҳолисининг турли соҳаларга оид муаммолари, талаб ва таклифлари эшитилган.

«Хусусан, қабул чоғида фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялаш, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, адолатни қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Мурожаатларнинг аксарияти уй-жой қуриш учун ер ажратиш, моддий ёрдам, пенсия, болалар нафақаси, ишга жойлашиш, банк-молия, солиққа тортиш, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминотидаги муаммолар, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, йўлларни таъмирлаш, таълим соҳасидаги муаммолар, тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан фуқароларнинг 200га яқин мурожаати бирма-бир муҳокама қилинди. Фуқароларнинг 127 нафарини шахсан вилоят ҳокимининг ўзи қабул қилиб суҳбатлашди», — дейилади маълумотда.

«Ёшим етмишдан ошди, — дейди Хумин қишлоғида истиқомат қилувчи Шароф ота Сафаров. — 7 нафар ўғил-қизим, бир этак невараларим бор. Худога беҳисоб шукр, фарзандларим ҳаммаси уй-жойли. Ўзларига тинч яшашмоқда. «Обод қишлоқ» дастури доирасида қишлоғимизда бўлаётган ўзгаришларни кўриб, биз ҳам ташаббус кўрсатишга чоғландик. Оиламиздан орттирган бирмунча жамғармамиз бор. Агар имкон қилиб, ер ажратилса, футбол ўйингоҳи ва савдо маркази қурмоқчимиз. Бу борада бир неча бор мурожаат қилдик. Аммо натижа бўлмади. Шу масалада ёрдам берсангиз, деб келгандим».

Вилоят ҳокими томонидан туман ҳокими ва бошқа тегишли масъулларга ер ажратиш, уни расмийлаштириш ишларини уч кунда бажариш бўйича топшириқлар берилди. Шароф ота эса уйига хурсанд ҳолда қайтадиган бўлди.

Халқободлик тадбиркор Сайёра Бафоеванинг ҳам анчадан бери ўйлантириб келаётган муаммоси сайёр қабулда ечим топди.

«Ҳудудимиздаги эҳтиёждан келиб чиқиб, давлат-хусусий шерикчилик асосида боғча қуриш таклифи билан вилоят ҳокимига мурожаат қилгандим. Шунга кўра, бундан роппа-роса бир йил аввал қурилиши бошланган 100 ўринли боғчани ишга туширдик. Ҳозирда унда 50 нафар ўғил-қиз тарбияланмоқда. Аммо боғчада замонавий болалар майдончаси йўқ. Майдончани қуриш ва жиҳозлаш учун маблағимиз етарли. Ер эса муаммо. Боғча олдида туман архив биноси бор. Архив учун бошқа ҳудуддан жой берилиши, унинг ўрнида эса болалар майдончаси қуриш мумкинлиги бўйича берган таклифим вилоят ҳокими томонидан маъқулланди. Минг раҳмат», — дейди у қабулдан чиқар чоғида. 

Эътиборли жиҳати, аксарият аҳоли вакиллари томонидан нафақат ўзи ёки оиласига тегишли, балки маҳалла, туман ижтимоий ҳаёти билан боғлиқ кўплаб масалалар ўртага ташланди. Хусусан, Ойдин қишлоғида яшовчи Шариф Ҳабибов қишлоқдаги деҳқон ва мол бозорини чеккароқ ҳудудга кўчириш, оғарлик Ваҳоб Қўзиев қишлоққа ариқ суви келтириш, Пахтакор кўчасида истиқомат қилувчи Шоира Жабборова кутубхона қуриш, пўлотилик Собира Жўраева аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича мурожаат қилишди. Бу масалалар шу йилнинг ўзидаёқ ҳал қилинадиган бўлди.

Қабул давомида ҳар бир мурожаат атрофлича кўриб чиқилиб, эътирозли ҳолатлар бўйича ҳокимлик, масалага дахлдор бошқарма, ташкилот ва корхоналар раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди. Шунга мувофиқ вилоят мутасаддилари тегишли топшириқ асосида ўз йўналиши бўйича мурожаатчилар билан алоҳида суҳбатлар олиб боришди. Бу эса муаммонинг янада тез ҳал этилишига замин яратди.

Шунингдек, қабул чоғида ҳудудда меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, фуқароларга тумандаги 42та корхонада мавжуд 152та бўш иш ўринлари таклиф этилди. 87 нафар фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди.

Top