8584.5 USD +6.14

9673.87 EUR +45.52

136.34 RUB +1.82

10793.3 GBP +50.61

20:22 / 22.06.2019 31710

«Зилзилами ёки юк машинаси?» Метро қурилишидан норози чоштепаликлар

Замонавий илғор давлатларнинг белгиларидан бири бу ривожланган транспорт тизимидир. Транспорт турларининг энг қулайи метро десак ҳеч ким қаршилик қилмаса керак. Лекин унинг қурилиши қандай бўлади? Унинг қурилишидан ҳеч ким азият чекмайдими? Аҳолининг рози-ризочилиги билан бўладими ўзи? Айнан шундай масала билан пойтахтимизнинг Сергели туманидан бир оила шикоят билан чиқди.

Туманнинг Чоштепа маҳалласи, 177-уйда истиқомат қилувчилар учун бу метро қурилиши анча қимматга тушган. Деворининг ёнидан ўтиб бораётган ер усти метроси уларнинг тинчини бузган. Оиланинг ҳадик ва алам ичида айтганларини келтириб ўтамиз.

видео: youtube

видео: mover (Tas-IX)

«2016 йил 25 сентябрда шаҳар ҳокимияти вакиллари 40 нафар бўлиб келишди. Дам олиш куни эди. Уйимизда қурилиш ишлари бўлаётган эди. Улар бизга қурилишни тўхтатишимиз, кўчишимиз кераклигини айтишди. Шу билан ҳамма қурилишларни тўхтатдик. Метро қурилиши ишлари бошланиб кетди. 130 тонналик ускунаси бор. Ерга кириб кавлайди. Ишлаганида ер силкинади. Уйда қуёнларим бор. Уларга овқат бериш учун борган вақтимда кран билан катта тошни деворнинг олдига ташлади. Иккинчи қават шундай олдимга қулаб тушди. Мен болаларни босиб қолди деб ўйладим. Шок ҳолатига тушиб қолдим. Болалар ортимдалигини кўриб ўзимга келдим. Маҳалла одамлари югуриб келишди. Метро қураётганларнинг эса умуман иши бўлмади. Ҳоким келиб айтиб кетганига 2 йилдан ошди. 3 ойдан кейин кўчасизлар, кейин яна 3 ойдан сўнг кўчасизлар дейишади. Сентябрь келса 3 йил бўлади. Ҳеч қандай янгилик йўқ. Қурилишларимиз ўша жойида қолиб кетди. Ичлари ёрилиб ётибди.

Прокуратура, ҳокимликлардан жавоблар келган. Чора кўришларини айтишган. Ҳеч чора кўрилмайди. Очиғи агар уйларимизда қимирлаш бўлса, биз фарқлай олмаймиз. Бу зилзилами ёки метро қурилишидаги катта машиналар ўтяптими? Билмай қоламиз», дейди Шоира Қўшақова.

Уй эгалари билан гаплашиб турган вақтимизда аҳоли мурожаатларини ўрганишимиз вақтида бўлиб турувчи одатий ҳол яна қайтарилди. Мурожаатлари жавобсиз қолаётган бир гуруҳ қўшнилар биз келганимизни эшитиб, атрофимизни «ўраб» олишди. Бирма-бир ўз дардларини айта кетишди. Улардан мисоллар келтирамиз.

«Бор-йўғи 5 хонадонмиз. Бизнинг уйларни бузиб керакли ишларни қилишса бўлди. Йўл очилади. Уларга ҳам осон бўлади, бизга ҳам. Ҳозирча аниқ гап йўқ. Аниқ қилиб «қоласизлар» ёки «бузилади» деган гап йўқ. Бузса бузворсин, бузмаса аниғини айтсин. Уй ичига кириб ўтириш учун ҳам таъмирлашим керак, пул сарфлашим керак. Пул сарфлаганимдан сўнг, шарт келиб уйингни бузамиз деб меҳнатимни бир тийин қилса менга алам қилади», дейди Гўзал Раҳимбаева.

«Бу уйда энди ремонтини чала қилишган вақтда келишиб ремонтини тўхтатишни айтишган. Уйлари авариявий ҳолатда. Деворлари қулаб кетди. Биз пенсиядаги одам бўлсак, бир кун мазамиз бўлса бир кун бўлмайди. Аниқ гапни билмай бирор ишни қилмай ўтирибмиз» дейди Муҳаббат Ҳошимова.

«Бир ойда ҳал қилиб берамиз дейишганига икки ой бўляпти. Ҳали дарак йўқ. Яқинда ёмғир ёғганда ҳамма сув ичкарига кирди. Икки марта машина урди. Уйда ёриқлар бўлиб кетди. Қўйилган устунлардан 6 метр нарида бизнинг уй. Техника камида 12 метр узоқликда бўлиши керак экан. Кечаси билан ишлашади. Вибрацияси кучли. 2 йилдан бери бузаётган бўлса, қатнаяпмиз ҳокимиятга. Ҳал қилишга ваъдалар беришади. Охиргисида ҳам «сизларни бир ой ичида кўчириб чиқарамиз, бу ерда туришинглар мумкин эмас» дейишди. Натижа эса бир хил. Бошқа жойга кўчиб ўтишни ҳеч ким хоҳламайди. Ҳовлида туришни ҳамма ҳам хоҳлайди. Лекин техника хавфсизлигига жавоб бермайди», дейди Қудрат Нурматов.

Уйларнинг олдига бориб, бор ҳолатни кўрдик.

«Уйимиз олдидаги чуқурни 28 метр ер ичигача кавланади. Баландлиги 30-40 метр чиқади. Мана уйимиз олдидан 6 метр чиқади. Хавфсизлик техникаси йўқ, умуман. Икки йилдан бери шу ерда қурилиш бўляпти. Ҳамма устунлар қўйилиши давомида тун-у кун ишлашмоқда. Ҳозир ишлашмаяпти. Суткада 1-2 соат ишлашмайди. Қолган вақт кавланганда чанг-тўзон. Шу устунни кавлашни анча вақтдан бери айтамиз. Болаларимиз кўп. Бирор нарса тушиб кетса, ҳеч ким жавоб бермайди-ку», дейди мурожаатчи.

Мурожаатчилар билан гаплашгандан сўнг, уйларнинг атрофини ўзимиз ҳам бир кўздан кечирдик. Мурожаат қилган аёлнинг уйи ташқаридан қараганда ҳам абгор ҳолатда. Уйлар эрта-индин қулаш арафасида турибди.

Мурожаатчиларнинг арзларини тингладик. Энди тегишли давлат ташкилотларидан изоҳ олишимиз керак эди.

Дастлаб, Сергели тумани ҳокимлигига йўл олдик. Мутасаддилар бизга ишчи гуруҳ сифатида юрган Тошкент шаҳар муниципал активларни бошқариш маркази вакили Дилшод Ҳашимовни кўрсатишди. Масъул шахс бизга бузилиш режасига киритилган жойларни кўрсатиб ўтди.

«Режадаги сариқ линия ичи метро учун очилиши назарда тутилмоқда. Бунинг ичида ҳеч нарса бўлмаслиги керак. Штрихли кўк линия ўрнида автобус бекати тушади. Вилоятдан келган автобуслар шу ерга келиб жойлашади. Бунинг ёнида метро станцияси тушмоқда. Бу бузилишлар қачон бўлиши ҳозирча номаълум. Икки қаватли уйлардан иккитасини буздик. Ҳозир яна иккитасини бузмоқчимиз. Балки шундан сўнг бу уйларни бузишга тушармиз. Ҳудуддагилар огоҳлантириб бўлинган. Қачон бузилишидан эмас, умуман бузилишга тушгани ҳақида хабарлари бор. Ҳар бир фуқарога айтиб чиқилган. Бузилиш вақтини мен ҳам айта олмайман. Уларнинг уйларини бузиш иккинчи босқичда бўлади. Ҳозир биринчи босқичда иш олиб борилмоқда. Уйи бузилган фуқароларга Чоштепадаги янги қурилган уйлардан берилмоқда. Уларга ҳам шу жойдан берилар, балки», дейди мутахассис.

У бу ҳолатга фақат «юқори»дан, раҳбарлардан рухсат бўлганидан кейин аниқ жавоб бўлишини айтди.

Балки, «юқори»дагилар аҳолининг яшаб турган бошпаналари бу аҳволда эканлигини билишмас, балки уларга кўр-кўрона «доклад»лар қилиняптими буниси бизга қоронғи. Лекин айтиш жоизки, аҳоли ҳар куни ҳадикда яшамоқда. Уйим босиб қолмасмикин, эрталаб туриб фарзандларимни соғ-омон кўрармикинман, бу мавҳумликлар тугармикин деган саволлар гирдобида қолмоқда. Балки ушбу лавҳаларни кўриб аниқ жавоб бермаётган раҳбарлардан бирор садо чиқиб қолар? Минглаб ватандошлар равнақи учун хизмат қилувчи ушбу метро линиялари деб бир неча хонадон вакиллари ортиқ азият чекиб қолмаслигига умид қиламиз. Ўйлаймизки, яқин вақтлар ичида ҳукумат вакилларидан аниқ жавоб берилади. 

Баҳодир Аҳмедов

 

Top