8584.5 USD +6.14

9673.87 EUR +45.52

136.34 RUB +1.82

10793.3 GBP +50.61

21:13 / 07.07.2019 4901

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг олий таълим олишига нима тўсқинлик қилмоқда?

Олий таълим муассасаларининг аксарият қисми Тошкент шаҳрида жойлашганлиги ногиронлиги бўлган ёшларнинг олий таълим олишига тўсқинлик қилмоқда. Бу ҳақда RB Asia консалтинг компанияси Жаҳон банки ва Олий таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказган тадқиқот натижасига асосланиб, Kun.uz мухбир хабар бермоқда.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши ва таълим олишида вужудга келаётган тўсиқларни аниқлаш мақсадида Республиканинг турли ҳудудларида 6 ой давомида олиб борилган тадқиқот, ҳамда коллеж-мактаб битирувчилари ва ота-оналар ўртасида ўтказилган сўровномалардан маълум бўлишича, маҳаллий ОТМларида барча йўналишларнинг мавжуд эмаслиги, ёшларнинг ўз қизиққан соҳалари бўйича фақатгина Тошкентга бориб таълим олиши шартлиги уларга қийинчилик туғдирмоқда. 

«Натижада, ногиронлиги ёшларнинг аксарияти ўрта таълим билан кифояланишга мажбур бўлмоқда. Чунки ногиронлиги бўлган шахсларга доимий ғамхўрлик қилувчи шахсларнинг зарурлиги туфайли, ота-оналар ўз фарзандларини пойтахтга жўнатишни исташмайди», — дейди консалтинг компания тадқиқотчиси Музаффар Мирзаев.

Ўтказилган сўровнома натижасига кўра, ОТМга ўқишга киришда рақобатнинг кучлилиги ва ўқиш учун тўлов-шартнома нархининг юқорилиги ҳам ёшларнинг таълим олишига тўсқинлик қилаётгани аниқланган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги ПФ-5270-сонли «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида» ги фармони билан ОТМга aбитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан келиб чиқиб ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квота ажратиш тартиби жорий этилган.

Top