9061 USD +179.00

10092.1 EUR +163.84

138.47 RUB +2.09

10926.7 GBP +151.91

17:06 / 15.08.2019 3580

Ўзбекистон «Ҳарбий-тиббий эстафета» халқаро танловида биринчиликни қўлга киритди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

«АрМИ-2019» доирасида ўтказилган «Ҳарбий-тиббий эстафета» халқаро танлови якунланди.

Жорий йилнинг 4-15 август кунлари Ўзбекистонда биринчи бор Халқаро армия ўйинларининг «Ҳарбий-тиббий эстафета» йўналиши бўйича халқаро мусобақа ўтказилди.

Қизиқарли баҳс ва мунозараларга тўла бўлган 12 кун давомида 11та давлатнинг 200 нафарга яқин ҳарбий-тиббиёт мутахассислари нафақат юқори малака ва маҳоратларини намойиш қилишди, балки ҳарбий биродарлик ва дўстона муносабатларни ҳам кўрсатишди.

Бу йилги мусобақада Ангола, Арманистон, Озарбойжон, Зимбабве, Қозоғистон, Россия, Беларусь, Тожикистон, Мьянма, Вьетнам ва Ўзбекистон давлатлари иштирок этди.

Бешинчи бор ўтказилаётган Халқаро армия ўйинлари бу йил рекорд даражадаги иштирокчилар сони – 36 давлатнинг 217та жамоасидан 5 мингдан зиёд ҳарбий мутахассислари қатнашмоқда.

«Фориш» полигони мезбонлик қилган «Ҳарбий-тиббий эстафета» танловининг финал босқичида «Халқаро танлов ғолиби» номинацияси бўйича умумжамоа ҳисобида ўринлар қўйидагича тақсимланди:

1-ўрин – Ўзбекистон Республикаси (5979 балл).

2-ўрин – Қозоғистон Республикаси (5116 балл).

3-ўрин – Россия Федерацияси (4992 балл).

Ҳарбий шифокорлар томонидан ўтказилган мазкур мусобақа етакчи мамлакатларнинг энг кучли мутахассисларининг шиддатли ва муросасиз баҳсларига бой бўлди. Иштирокчилар барча шартларда юксак касбий маҳорат ва матонат намуналарини намойиш қилишди.

«Ҳарбий-тиббий эстафета» халқаро танловининг ёпилиш маросими олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Унда Ўзбекистон мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов ҳамда Мудофаа вазирлиги Тиббий таъминот бошқармаси бошлиғи, тиббий хизмат полковниги Носиржон Фозилов республика марказий босма ва электрон нашрларида фаолият юритадиган ўнлаб журналистларга ўтказилган мусобақа тартиби ва ғолиблари ҳақида батафсил маълумот берди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.

Эслатиб ўтамиз, мусобақа ғолиби «Gentra» автомобили билан тақдирланади.

Теглар

Top