19:30 / 13.09.2019
40
31397
Олий таълим: Муаммо ва ечим

2019 йил 17 июндаги №ПҚ-4359 сонли президент қарори билан жумладан, тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча босқич талабаларига, ўз хоҳишларига кўра тўлов-контракт қийматини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш ҳуқуқи берилди. Бу ҳуқуқнинг берилиши контракт асосида ўқиётганлар учун жуда катта енгиллик туғдирди, шунингдек, айниқса, контракт тўловларини ойма-ой бўлиб тўлаш имконияти берилгани халқимиз томонидан катта хурсандчилик билан қабул қилинди. Ушбу тартиблар жорий этилиши натижасида контракт тўловлари ойлик иш ҳақлари оширилганидан кўра кўпроқ фоизга оширилган бўлсада, оширилган миқдордаги тўловларни тўлашнинг қулай имконияти яратилди. Жорий этилган ушбу ўзгаришлар мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида халқона ислоҳотлар амалга оширилаётганининг яна бир далилидир.

Бироқ, юқоридаги президент қарорининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган лойиҳасида «тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча босқич талабалари стипендиялардан воз кечиш ҳисобига йиллик олинадиган стипендия миқдорига мос равишда камайтирилган тўлов-контракт пулини тўлаш ҳуқуқига эга бўлади» деб ёзилган эди. Шунга қарамасдан, мутасадди вазирлик томонидан, барча учун бир хил миқдорда стипендия тўлаш тартиби жорий этилиши ҳамда стипендиясиз контракт тўлаш ҳам айнан ана шу миқдордан келиб чиқиб амалга оширилиши бўйича билдирилган баёноти бугунги кунда жуда кўп мунозара ва эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Вазирлик томонидан эълон қилинган янгича тартиб талаба ва ўқитувчилар ўртасидаги тамагирлик ҳолатларининг олдини олишига хизмат қилади деб изоҳланаётган бўлса-да, стипендия тўлаш тизими умуман мавжуд бўлмаган умумтаълим мактабларида, касб-ҳунар коллежларида ва ҳаттоки мактабгача таълим муассасаларида ҳам коррупция мавжудлигидан, юқоридаги каби хулоса қилиш унчалик ҳам тўғри эмаслигини кўрсатади. Шу билан биргаликда, барча ўқитувчилар ҳам, барча талабалар ҳам бу каби ноқонуний ишларга қўл урмайди. Умуман айтганда, бу каби ноқонуний ҳолатларга қарши ижобий натижа берадиган мавжуд тартиблардан воз кечиш эвазига эмас, балки назоратни кучайтириш ва жавобгарликни ошириш, адолатли ва шаффоф баҳолаш механизмларини жорий этиш каби воситалар билан курашилгани мақсадга мувофиқ.

Стипендия миқдори талабанинг ўзлаштириш кўрсаткичига боғлиқ ҳолда белгиланиши бугунги кундаги талабалар учун юқори билим ва баҳо олишга рағбатлантирувчи энг муҳим омил бўлиб қолмоқда. Агар барча тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар учун бир хил миқдор белгиланиб, ўша миқдордан келиб чиқиб тўлов-контракт пулини камроқ тўлаш тартиби жорий этиладиган бўлса, олий таълим муассасаларидаги талабаларнинг 70-80 фоизини ташкил этувчи тўлов-контракт асосида таълим олувчи талабаларнинг юқори билим ва баҳо олишини рағбатлантирувчи энг муҳим таъсир кучи қўлдан бой берилган бўлади. Шунингдек, ҳар йили 1,5-2 триллион сўмга яқин стипендия маблағлари самарали ва мақсадли ишлатилишини камайтиради.

«Таълим тўғрисида»ги қонунда билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш принципи таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари сифатида белгиланган. Шунинг учун, талабаларнинг юқори даражада фанларни ўзлаштиришларида ва чуқур билим олишларида улар учун муҳим рағбатлантирувчи омил бўлаётган табақалаштирилган стипендия тўлаш тизимини сақлаб қолган ҳолда, стипендия тўлашдаги режадан ташқари сарфларнинг олдини олиш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ва бошқа муаммоларни бартараф этиш лозим.

Жумладан, тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча босқич талабаларига тўловни ҳар бир талабанинг йиллик олинадиган стипендия миқдорига мос равишда камайтирилган ҳолда тўлаш ҳуқуқи берилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Стипендия талабаларга асосан ўқув машғулотлари даврида уларнинг ижтимоий муҳофазалаш ҳамда юқори билим олишни рағбатлантириш мақсадида берилишини инобатга олиб, стипендияни фақатгина ўқув режаларида белгиланган ўқув машғулотлари даврида ҳамда ўқув машғулотларига тенглаштирилган даврда унда иштирок этган талабаларгагина тўлаш тартибини жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Натижада, биргина 2 ойлик ёзги таътил даври учун тежаладиган стипендия маблағлари бўйича 16,6 фоиз маблағнинг иқтисод қилинишига эришилади. 

Бундан ташқари, талабаларга стипендия тайинлашда ҳар бир фан бўйича олган баҳоларига қараб эмас, балки, семестрда барча фанлардан олган умумий рейтинг баллининг ўртача кўрсаткичидан келиб чиқиб кўп босқичли стипендия тайинланиши ҳам талабалар билимининг кўп балли тизимда баҳолашнинг амалдаги рейтинг тизими мазмун-моҳиятига кўпроқ мос келар эди ҳамда талабаларнинг имкон қадар юқори балл олишга интилишларини рағбатлантирган бўларди.

Ва ниҳоят, барча фанлардан ҳар бир семестрда якуний баҳолаш тартиби ўрнига тегишли ўқув йили якунида ёки ҳар бир фан ўқитиладиган семестрларнинг энг охирги семестридагина якуний баҳолаш ўтказилиши тартибини жорий этиш ҳам коррупция ҳолатлари камайтирилишига хизмат қилар эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуқодиров Абдурашид Толибжонович

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top