19:32 / 14.10.2019
3
10970
Тошкентдаги камида 30 фоиз реклама шитлари ноқонуний ўрнатилган – соҳа мутахассиси билан суҳбат

«Ҳозир пойтахтда камида 30 фоиз реклама шитлари ноқонуний ўрнатилган. Улардан на солиқ, на маҳаллий бюджетга йиғим пули тушаётгани йўқ. Назорат билан эса ҳеч ким шуғулланмаяпти»

Шу йил 11 сентябрда қабул қилинган «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонига асосан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ташкил этилди. 

Ушбу агентликка бевосита истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирга реклама бозорини тартибга солиш вазифаси юклатилди.

Kun.uz мухбири Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Дилшод Азимов билан ташқи рекламалар ва уларнинг назорати мавзусида суҳбатлашди.

Унинг таъкидлашича, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги тузилиши билан реклама соҳасида ягона назорат қилувчи давлат органи ташкил этилди. Бунга қадар ушбу функцияни собиқ Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси бажариб келаётганди.

Рақобат қўмитаси 2019 йил январида тугатилгач, шу вақтдан бошлаб то сентябрда юқоридаги фармон қабул қилиниб, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ташкил этилишигача бўлган оралиқ вақт – 8 ой давомида алоҳида ташкилот реклама масаласи назорати билан шуғулланмаган.

– Кўчалардаги турли баннерларда жойлаштирилган ташқи рекламалар қай тартибда жойлаштирилади ва назорат қилинади?

– Ташқи рекламалар – шаҳарнинг юзи. Кўпчиликнинг фикрича, шаҳарда нима реклама қилинаётганига қараб, ҳудуднинг иқтисодий аҳволи ҳақида фикр юритиш мумкин. Мен ҳам ташқи рекламалар иқтисодиётнинг кўрсаткичи деб биламан. Айтайлик, қиммат машина реклама қилинаётган баннерга кўзингиз тушса, демак, бу шаҳарликларнинг уни сотиб олишга қурби етишини англатади.

2018 йил 30 августда Вазирлар Маҳкамасининг томонидан қабул қилинган «Ташқи рекламаларни жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, реклама бўйича қатор янгиликлар қилинди.

Унда ташқи реклама учун ерларни аукцион орқали бериш кўзда тутилган. Агар олдинлари ҳудуддаги ҳокимликларга бориб, «Мен шу ҳудудда реклама баннерини жойлаштирмоқчиман» деб сўрасангиз, «ҳа» ёки «йўқ» деган жавобни беришарди. Розилик ололмасдан кетган талабгорнинг эртаси куни ўша ерга бошқа реклама осилганини кўриш ҳоллари ҳам учраб турарди.

Аукцион орқали реклама ҳудудларининг сотилиши билан эса коррупцион ҳолатларнинг олдини олишни мақсад қилганмиз. Оддийгина мисол: машина рақамларининг аукцион орқали сотила бошлагани ҳам соҳада турли тартибсизликларнинг олдини олишга ёрдам бергани сир эмас. Худди шундай, реклама учун жойларнинг ҳокимият томонидан онлайн рўйхати тасдиқланиши ва унинг аукционга қўйилиши билан хоҳлаган тадбиркор савдода қатнашади ва ўз конструкцияларини ўрнатилган тартибда ўша ҳудудга қуради.

Айни пайтда «Рекламадан холи ҳудуд» атамасини қабул қилиш бўйича таклиф ҳам ишлаб чиқилган.  Чунки, айтайлик, диний муассасаларимиз ёнига динга мақбул бўлмаган бирор маҳсулот рекламаси қўйилса, одамларга ёқмаслиги мумкин.

Шунинг учун «рекламадан холи ҳудуд»га диний муассасалар, тарихий обидалар, давлат ташкилотлари (президент қароргоҳи, президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис, Олий Суд ва ҳокимликлар бинолари) киритилиб, уларга тааллуқли бўлган ердан 50 метр узоқликкача бўлган ҳудудда рекламалар қўйилмаслиги тўғрисида таклиф киритдик.

Бунинг билан биз ҳам тадбиркорни имкон борича чекламасликка ҳаракат қиламиз, ҳам турли ноқулайликларнинг олдини олишга эришамиз.

– Гарчи аукцион орқали реклама ўрнатиш мумкин бўлган ерларни сотиш тўғрисида қарор чиқарилган бўлса-да, уни амалга татбиқ қилиш механизми ҳали мавжуд эмас.

– Бир йилдан ошган бўлишига қарамай, ҳали тўлиқ бу система ишламаяпти. Айни пайтда Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан аукционни қай тарзда амалга оширилиши бўйича тартиб ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган.

Шунингдек, «Ташқи рекламаларни жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорга асосан, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб, ташқи реклама агентликлари ўзларига тегишли бўлган реклама конструкциялари учун маҳаллий йиғим тўлашлари керак бўлади. Бу тўлов шу кунгача ҳам бўлган, фақат 2018 йил 1 декабрдан бошлаб бу маблағнинг 90 фоизи  бевосита маҳаллий бюджетга, 10 фоизи «Тасвирий ойна» ижодий уюшмаси ходимларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилади.

Масалан, реклама конструкцияси Чилонзор туманида жойлаштирилган бўлса, маҳаллий йиғим Чилонзор тумани бюджетига тушиши керак.

– Айни пайтда республика бўйича жами қанча ташқи реклама конструкциялари мавжуд? Яъни аҳоли қанча ташқи рекламани истеъмол қилмоқда? 

– 2018 йил 1 декабр ҳолатига кўра, конструкциялар сони 9 минг 605 тани ташкил этган бўлса, жорий йил 1 сентябрда уларнинг сони 10 минг 170 тага етган.

Ўзбекистонда олтига уч ҳажмидаги реклама шитлари энг машҳур формат ҳисобланиб, мавжуд конструкцияларнинг тахминан 80 фоизини шу форматдагилар ташкил қилади.

Ташқи реклама сони бўйича 6 ярим минг конструкция билан Тошкент шаҳри биринчи ўринни эгаллайди. Кейинги ўринларни эса Самарқанд ва Тошкент вилоятлари банд қилади. Лекин улардаги рекламалар сони пойтахт билан солиштирганда сезиларли даражада кам.

– Ташқи рекламалардан олинадиган маҳаллий йиғим ҳақида гапирдингиз. Улар ҳам ҳудудий ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда бир-биридан фарқ қиладими?

– Тарифлар 2га бўлинган: маҳаллий ва хорижий маҳсулот рекламаси учун алоҳида.

Шунингдек, айни пайтда республикада рекламага тегишли янгиланган ва эски тарифлар мавжуд. Энг эски тариф Тошкент шаҳрига тегишли. Бу 2009 йилдан 2019 йилгача бўлган муддатда ўзгармаган. Ўз-ўзидан нега ўзгаришсиз қолган, деган савол пайдо бўлиши табиий. Бу кимгадир керак бўлган ёки бошқа яна қанақадир сабаблари бўлиши мумкин.

Бугунги кунда энг кичик тариф ҳам Тошкент шаҳрида бўлиб, 1700 сўмни ташкил этади. Пойтахтнинг ўзи 3та зонага бўлинган бўлиб, улардаги реклама тарифлари нархи бир-биридан фарқланади.

Буни бошқа вилоятлар билан солиштирадиган бўлсак, масалан, Хоразм, Қашқадарё, Наманган, Фарғона вилоятларида тариф 20 минг 273 сўм қилиб белгиланган.

Айрим вилоятларда бу тарифлар ҳокимлар қарори билан тасдиқланган бўлса, бошқаларида Халқ депутатлари вилоят кенгашлари томонидан тасдиқланган. 

Тошкент шаҳрида эса 10 йилдан бери тарифлар янгиланмаётгани ҳам жумбоқли масала.

– Давлат бюджетига ташқи рекламалардан ўртача қанча маблағ тушади?

– 2016 йилда 5.9 миллиард, 2017 йилда 6.7 миллиард, 2018 йил 9.2 миллиард сўм маблағ тушган бўлса, ташқи рекламалардан жорий йил 4.5 миллиард сўм пул давлат бюджетига тушган. Унинг 1.5 миллиарди эса Тошкент шаҳридан олинган маблағ ташкил қилади.

Ваҳоланки, пойтахтда 6 ярим минг атрофида реклама шитлари мавжуд. Тахминан ҳисоблаганда, йилига 10 миллиард сўмдан кам пул тушиши керак эмас.

Жиззах вилоятида эса реклама тўловлари умуман қилинмаган. Лекин айни пайтда Жиззахда 150та конструкция бор. Агар тахминан ҳисоблайдиган бўлсак ҳам, 150 та конструкцияни маҳаллий маҳсулот рекламаси учун ихтисослашган деган ҳолда ҳисобланганда Жиззахда 1 квадрат 8 минг 120 сўмлигини инобатга олсак, Жиззах вилояти бюджетига 2019 йилда 204 миллион сўм пул тушмаган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан бу бўйича Молия вазирлигига, ҳокимликларга турли таклиф ва маълумотлар тақдим этилган. Чунки бу – бюджет маблағи. Шунинг учун унга эътиборли бўлиш зарур.

Ҳокимликлар бу масалани тўлиқ тушунмаган. Шунинг учун улар ташқи рекламадан келадиган тушумни назорат қилишда кўпинча сусткашлик қилишмоқда.

– Реклама конструкцияси аукцион орқали сотувга чиқарилса, бу каби ҳолатларнинг олди олиниши мумкинми? Агар шундай бўлса, нега ҳалигача аукционда сотиш тартиби тўлиқ ишламаяпти?

– Тегишли вазирликлар билан ўрганиб чиқиб, реклама конструкцияларини аукционда бериш тартиби бўйича қарор лойиҳаси ўтган йили 1 декабрда  Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилинган, бироқ ҳали тасдиқланганича йўқ.

Бу оралиқ муддатда тадбиркорлик субъектларига тўсқинлик қилинишига олиб келувчи ҳолатлар пайдо бўляпти. Чунки 1 декабрдан кейин ўз реклама шитини қўйиш учун Қурилиш бошқармаларига мурожаат қилишса, улар бу ҳуқуқ биздан аукционга ўтган, деб жавоб беришади. Ваҳоланки, ҳали аукционда бериш тартиби тасдиқлангани йўқ.

Оқибатда хоҳлаганча бетартиб шитларни жойлаштириш авж олди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида ўтган йили мавжуд бўлган 6 минг 220та реклама шити ҳозирги кунда 6 ярим мингдан кўпроқни ташкил этмоқда. Ўз-ўзидан шунча ташқи реклама қаердан келди, деган савол туғилади. Ҳозир пойтахтда камида 30 фоиз реклама шитлари ноқонуний ўрнатилган. Улардан на солиқ, на маҳаллий бюджетга йиғим пули тушаётгани йўқ. Назорат билан эса ҳеч ким шуғулланмаяпти.

Агар биз кимгадир «Йўқ, айни пайтда реклама конструкциясини ўрнатолмайсиз, аукционда ҳал бўлиши керак», деган жавобни берсак, бошқаси ўз билганича ўша ерга реклама конструкциясини қуряпти.

Реклама конструкциясининг қурилиши талабларга жавоб берадими, унинг реклама паспорти мавжудми, деган саволларни ҳеч ким бермаяпти. Аслида, уларнинг назорати туман ва шаҳар ҳокимликларининг ва қурилиш бошқармаларининг бўйнида бўлиши керак.

Тадбиркорлар орасида ноқонуний ўрнатилган рекламаларидан аукцион ўтказилиш тартиби тасдиқлангунча тез-тез фойда қилиб олайлик, кейин бузилса ҳам майли, деган мақсадда юрганлари ҳам бор.

Кейинчалик аукцион тизими ишлай бошлагач, ҳокимликлар қаерларда реклама ўрнатиш мумкинлиги бўйича схемани тасдиқлаб беради ва шу бўйича тадбиркор рекламани қаерга жойлаштириши мумкинлигини аниқ билиб олади. Лекин унгача бўлган вазиятни ҳам аниқлаштириб олиш зарур. Ҳозирги кунда кўчаларда иккита йўл оралиғига ҳам реклама қоғозлари ўрнатилган. Қонун бўйича эса улар йўл бўйида 2 метрдан кўпроқ чиқиши мумкин эмас.

Энди фараз қилайлик: 6х3 форматидаги рекламаларнинг ҳам йўлга чиқиб турганлари кўп. Агар каттароқ транспорт воситаси ўтаётиб талафот кўрадиган бўлса, яхши бўлмаслигини ҳам ўйлаб кўриш зарур.

Юқорида таъкидланганидек, рекламалар – шаҳарнинг юзи. Бетартиб ва ҳаддан ошиқ рекламалар келаётган туристларда салбий муносабат уйғотиши эҳтимоли ҳам катта. Шу жиҳатдан бизга сон эмас, сифат муҳимроқ.

Пойтахтга 6 минг рекламанинг ўрнига 3 минги ҳам етиши мумкин. Уларнинг орасидан примитив кўринишдагиларини чиқариб ташлаб, янгича LED-экрандагиларини ўрнатиш эса замон талаби.

Ҳозир кўпчилик нархи арзон бўлгани учун ҳам ташқи рекламаларни кўпайтириб юбораётган бўлиши мумкин. Лекин Хоразмда Тошкентга нисбатан рекламанинг нархи қиммат бўлиши ҳам яхшилик белгиси эмас. Чунки реклама берувчи ўз маҳсулотини Хоразмда реклама қилиш фикридан қайтиши мумкин.  Ва Хоразмда ташқи реклама яхши ривожланмаслиги эҳтимоли пайдо бўлади. Ҳозир ҳам бу ҳудуддаги рекламалар сони кўп эмас – 281та.

– Таъкидланганидек, баъзи ҳудудларда реклама ҳаддан ортиқ кўп бўлса, айрим жойлар ҳақида бундай дейиш қийин. Балансни сақлаш учун тартибга солиш механизми қандай бўлиши керак?

– Айни пайтда пойтахт ташқи рекламалар билан тўйиниб бўлган. Бу ҳудудда жойлаштириладиган рекламалар нархи бошқа ҳудудларга қараганда юқори бўлиши керак, деган талабни ишлаб чиққан таклифларимизга қиритганмиз. Бу ҳолда вилоятлар иқтисодий ривожланиш, аҳоли зичлиги каби омилларни ҳисобга олган ҳолда 3та гуруҳга ажратилган.

Биринчи гуруҳга Тошкент шаҳри, иккинчи гуруҳга Самарқанд ва Бухоро вилояти киритилса, қолган ҳудудлар учинчи гуруҳга киритилиши режалаштирилган.

Бунда агар пойтахтда жойлаштириладиган реклама нархи 1 квадрат метр учун 50 минг сўм бўлса, бошқа ҳудудларда бундан пастроқ бўлади. Ва ўз навбатида улар ҳам зоналарга бўлинади.

Ҳозир Қорақалпоғистонда реклама учун тўлов жорий қилинмаган. Балки бу нарса тўғридир. Чунки ҳудудда бор-йўғи 81та реклама конструкцияси қурилган.

Таклифлар бўйича ташқи реклама ривожланмаган ҳудудларда ҳам бу йўналиш тараққий этиши учун алоҳида эътибор қаратилган. Агар ҳозир фақат вилоят, туман марказларида ташқи реклама саноати ривожланаётган бўлса, энди бошқа ҳудудларда ҳам тараққий қилдириш учун замин яратишни белгилаганмиз.

Янги тартиб тасдиқланса, реклама учун тариф ставкалари Халқ депутатлари вилоят кенгашлари томонидан белгиланиши мақсадга мувофиқ бўлади деб топдик. Чунки улар ҳудудларнинг хусусиятларини яхшироқ билишади ва адолатли нарх белгилашлари ҳам осонроқ бўлади. Кенгашлар қарори билан баъзи ҳудудларда ташқи рекламани кўпайтириш ва тадбиркорларга имкон бериш учун «ноль» ставка белгиланиши мумкин. Шунда маҳаллий йиғим ундирилмасдан ташқи рекламаларни кўпайтиришга эришиш имкони бўлиши мумкиндир.

– Кўчаларда қолдириб кетиладиган ёки бекат ва дарахтларга турли одамлар томонидан ёпиштириладиган эълонлар назорати ҳам ташкил қилинганми? Уларнинг ишончлилиги ёки сифати назорат қилинадими?

– Аслида, бу каби рекламаларни ёпиштириш мумкин эмас. Имкон қадар улар учун маъмурий жавобгарлик ёки бошқа чеклаш усулларини қўллаш илинжидамиз.

Айрим ривожланган Европа давлатларида бекат ва дарахтларга ёпиштириб кетилган эълонларни камайтириш учун уларда кўрсатилган телефон рақамларини ўчириб қўйиш усулидан фойдаланишади. Ҳозир бизда ҳам шунақа рекламаларни ёпиштириб кетишаверади, фаррошлар эса уларни кўчириб олишга мажбур бўлишади. Кимдир уй ижарага қўйиш учун, кимдир таъмирлаш учун эълон қолдиради. Уларнинг орасида ноқонунийлари ҳам кўп. Буни бир сўз билан «арзон ҳийла» деб ҳам аташ мумкин. Чунки лицензия, сифат бор-йўқлиги ҳам таваккал қилинади.

Бунақа эълонлардаги телефон рақамларни шунчаки ўчириб қўйиш усулидан фойдаланиш мумкин. Лекин бу ҳам юз фоиз натижа берадиган усул эмас. Унда ҳам ҳисобга олиниши керак бўлган бошқа омиллар ҳам мавжуд.

Аввало, истеъмолчилар ҳам талабчан бўлиши ва имкон борича ишончли манбаларнинг рекламаларига мурожаат қилишлари зарур. 

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top