21:58 / 28.10.2019
0
19666
«Болаларимиз айтган ҳар бир янги сўзга йиғлаймиз...» Сергелида ота-оналар асоссиз сарсон қилиндими?

Kun.uz таҳририятига Сергели туманидаги 353-сонли ақлий ва руҳий ривожланишдан орқада қолган болалар учун давлат ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотининг Кузатув кенгашидан мурожаат келиб тушди.

Унда айтилишича, мазкур муассаса 1965 йилда қурилган, мослаштирилган объект ҳисобланиб, 2007 йилдан буён бу ерда руҳий ва ақлий ривожланишдан орқада қолган болалар тарбияланади.

«Мазкур МТТда Сергели тумани Мактабгача таълим бўлимининг махсус кўрик хулосаси асосида жисмоний, руҳий ва ақлий ривожланиши орқада қолган, даун синдроми ва аутизм каби ташхис қўйилган болалар тарбияланади», – дейилади ота-оналардан келган мурожаатда.

Болалар тарбияланаётган бу муассаса жойлашган объект анча эски бўлгани учун 2016 йил 30 сентябрда бузилишга тушган бўлиб, шу сабабдан анчадан буён таъмирдан чиқарилмаган.

Ота-оналар эса 2018 йилдан буён мазкур МТТ ёпилиб, болалар бошқа – соғлом болалар тарбияланадиган боғчалар сафига қўшиб юборилади, деган тўғри-нотўғри гаплар эшита бошлашади.

Шундан сўнг улар турли ташкилотларга, Мактабгача таълим вазирлигига ва сайтимизга ҳам мурожаат қилишади.

«Болаларимиз айтган ҳар бир янги сўзга йиғлаймиз...»

Айтиш мумкинки, алоҳида эътиборга муҳтож болаларни тарбиялаш ота-онадан катта сабр талаб қилади.

«Болам даун синдроми билан туғилган. Уни катта қилгунча жуда қийналганман. Агар ҳозир улар яхшилаб ўйлаб кўрмай, бошқа соғлом болаларга қўшиб юборилса, улар билмасдан озгина туртиб юборса ҳам, болам йиқилса, гапира олмайди, фақат ичига ютиши мумкин», – дейди ота-оналардан бири Феруза Аликиева.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозир болалар тарбияланаётган 353-МТТ шароити кўнгилдагидек бўлмаса-да, лекин улар билан ишлаётган дефектологлар, тарбиячилардан кўнгиллари тўқлиги туфайли ҳам ота-оналар болаларини шу ерда қолишларини астойдил исташади ёки кўчирилса ҳам ўзлари ишонган бир нечта мутахассис ҳам улар борадиган МТТга ўтишларини талаб қилишмоқда.

353-МТТ умумий типдаги давлат МТТга айлантирилади

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 2019 йил 30 сентябрда Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Тошкент шаҳридаги давлат ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган бўлиб, унда 2019 йил октябрь ойидан бошлаб, Тошкент шаҳридаги давлат ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасалари тармоғини оптималлаштириш ва кейинчалик болалар контингентини ҳисобга олган ҳолда уларни давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларига ва умумий типдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларига ўзгартиришга розилик берилган.

353-сонли ақлий ва руҳий ривожланишдан орқада қолган болалар учун давлат ихтисослаштирилган МТТ ҳам қарорга мувофиқ умумий типдаги давлат мактабгача таълим ташкилотига ўзгартирилиши кўзда тутилган.

Сергели туман Мактабгача таълим мудири: «Тумандаги бошқа болаларни ҳам қамраб олишимиз керак...»

Сергели тумани Мактабгача таълим бўлими мудири Камола Насурованинг изоҳ беришича, болалар ота-оналарининг хоҳишига кўра, тумандаги 2та: 508- ва 46-кўптармоқли ихтисослаштирилган давлат МТТларига кўчирилиши мумкин. Шундан сўнг, 353-МТТ умумий типдаги МТТ сифатида то бузилиш ишлари бошлангунча оддий болаларни қабул қилади. Сабаби – туман аҳолисининг мактабгача таълим ташкилотларига талаби юқори.

Ота-оналар эса болалари учун алоҳида гуруҳлар очилиб, мутахассислар керакли аттестациялардан ўтказилгач, ҳаммаси якун бўлгандан сўнг кўчиришлари керак деган фикрда қаттиқ туришди.

«Болаларимизни минимум даражада зарарсиз кўчиришсин»

Мавзу юзасидан Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати билан боғланилгач, тегишли масъуллар бундан хабари борлигини билдириб, ота-оналар билан учрашув ташкил этишди.

Унда тарбиячилари билан биргаликда болаларни тумандаги 46-сонли кўптармоқли МТТга кўчиришга келишиб олинди.

Бироқ янги 46-МТТда тайёрланган хоналар жойлашуви бўйича ота-оналардан эътирозлар тушгач, бир ҳафта муддат давомида хоналар қайтадан тайёрланди.

Айни шу жараёнда ота-оналар Кузатув кенгашининг мажлисини ўтказиб, болалари мутахассислар билан биргаликда янги муассасага кўчирилишига рози эканлиги ҳақида баённома тузишган.

«Биз болаларимиз минимум даражада зарарсиз янги МТТга кўчириб ўтказилса, қаршилигимиз йўқ», – дея изоҳ берди ота-оналар.

Болалари учун ташкилотма-ташкилот мурожаат қилиб чарчамаган бу ота-оналар билан турли ердаги ҳамма масъул ходимлар ҳам тўғри муомалада бўлишмаган, назаримизда. Буни улар билан бўлган суҳбатдан ҳам сезиш мумкин.

Агар ҳаммаси тўғри тушунтирилганда, кўчириш ишлари босқичма-босқич боришини билишганларида балки ота-оналар ҳам камроқ ташвишланган бўлишарди.

Болалар 46-сонли МТТда кутиб олинди

Айни пайтда болалар Мактабгача таълим вазирлиги ва ота-оналар розилиги асосида 46-сонли МТТга кўчирилди. Улар билан бирга 5 нафар тарбиячи ва 3 нафар дефектолог ходимлар ҳам ушбу МТТда иш бошлади.

«Болалар алоҳида гуруҳларга бўлиниб, мутахассислар қўядиган ташхислар ёрдамида керакли муолажалар қилинган ҳолда тарбияланади», – дейди 46-сонли МТТ раҳбари Нодира Раҳматуллаева.

Ота-оналар ҳам болаларининг янги муассасада доимий эътиборда бўлишидан умидвор. Мурожаатни тўлиқ шаклда юқоридаги видеорепортажда кўришингиз мумкин.

Зилола Ғайбуллаева,

Kun.uz мухбири.

Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top