21:12 / 12.12.2019
0
3033
Жазоирда 20 йил ичидаги илк президент сайловлари бўлиб ўтмоқда

12 декабрда Жазоирда собиқ президент Абдулазиз Бутафлиқанинг 20 йиллик бошқарувидан кейин илк президент сайловлари бўлиб ўтмоқда. 

Фото: EPA-EFE/MOHAMED MESSARA

Бутафлиқа унга қарши ўтказилган оммавий норозиликлар сабабли 2 апрелда истеъфога кетганди. 

APS ахборот агентлигининг хабар беришича, сайловлар куни минглаб одамлар мамлакатни парламент қуйи палатаси спикери Абдулқодир Бинсалоҳ бошчилигида “эски гвардия” бошқараётганига қарши норозилик билдиришган. 

Президент лавозимига Бутафлиқа вақтида юқори лавозимларни эгаллаган 5 номзод курашмоқда. Улар: “Миллий демократик уюшма” партияси бош котиби 60 ёшли Озоддин Миҳубий, собиқ туризм вазири, “Ал-Бино” сиёсий ҳаракати раиси 57 ёшли Абдулқодир Бангрина, собиқ бош вазирлар – 74 ёшли Абдулмажид Таббун ва 75 ёшли Али Банфлис ҳамда "Келажак фронти" партияси номзоди 56 ёшли Абдулазиз Балоид.

Ҳукуматга қарши чиқувчиларнинг фикрича, номзодлар амалдаги тузум вакиллари бўлишгани сабабли халқ истаётган ислоҳотларни амалга оширишга қодир эмаслар”.

Мамлакатда 24 млн киши овоз бериш ҳуқуқига эга бўлиб, номзодлардан бирортаси кўпчилик овоз олмаса, 1-босқич натижалари эълон қилингандан 15 кун кейин 2-босқич бўлиб ўтади.

Охирги сўровномаларга кўра, Али Банфлис сайловларда ғалаба қозонишга асосий даъвогар ҳисобланади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top