14:38 / 20.01.2020
0
6543
«Ўзбекистон темир йўллари» транзит поездлардаги муаммолар – долзарб масала эканини билдирди
Фото: LiveJournal

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти Kun.uz сайтида эълон қилинган мақолада билдирилган муаммоларни «долзарб масала» сифатида эътироф этди ва транзит қатновлари йўловчиларини қатнов чоғида кузатиладиган ҳар қандай қоидабузарликлар юзасидан ишонч телефонига қўнғироқ қилишга чақирди. Бундан ташқари, январь ойининг охирида икки мамлакат мутасадди идораларининг Ишчи комиссияси мазкур масала бўйича қўшма мажлисини ҳам ўтказиш режалаштирилган. 

Акциядорлик жамияти муносабатида шундай дейилади:

«Kun.uz электрон янгиликлар сайти журналистлари томонидан Қозоғистон Республикаси орқали транзит ҳудудини кесиб ўтишда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ поездларининг йўловчилари учраган долзарб масала кўтарилди. 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ушбу масалани мамлакатлар ҳукуматлараро комиссияларининг икки томонлама учрашувларида бир неча бор кўтарган. Шартномаларга мувофиқ ушбу масалани ўрганиш мақсадида Ўзбекистон ташаббуси билан Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари вазирликлари ва идоралари ваколатли мутахассисларидан иборат Ишчи гуруҳи ташкил этилди. Томонларнинг келишувига кўра, 2020 йил январь ойининг учинчи ўн кунлигида мазкур ишчи гуруҳ Қозоғистондаги темирйўлчи ҳамкасблари ва тегишли бўлинмалари билан қўшни давлат назорат органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ ўрганиш ва қарорлар қабул қилиш учун учрашув режалаштирилган. 

Ҳурматли йўловчилар! Эслатиб ўтамиз, сизга нисбатан қилинган таъмагирлик ҳолатларида ёки ноқонуний хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ ҳар қандай вазият юзага келганда +99871 299 94 50 ишонч телефони орқали хабар қилишингизни сўраймиз.  

Бундан ташқари, Телеграм мессенжерида @pastrans ҳаволасида мурожаат ёки шикоятингизни қолдириш мумкин». 

Эслатиб ўтамиз, 8 январь куни Kun.uz сайти «Қозоғистонлик айрим чегарачиларнинг «ҳурмати жуз-жуз»ми? Россияга сафар саргузаштлари» номли мақолани эълон қилган эди.

Унда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли халқаро йўналишда қатновчи поезд таркиби Қозоғистон транзит ҳудудидан ўтишида кузатиладиган муаммолар ҳақидаги турли хабарларга ойдинлик киритилган эди. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top