16:26 / 04.02.2020
0
13487
«Хоразм Автосавдо» дилерлик корхонаси раҳбари вазифасидан озод этилди

«Хоразм Автосавдо» МЧЖ дилерлик корхонасининг раҳбари фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун лавозимидан озод этилди.

Фото: Depositphotos

UzAuto Motors компанияси харидорларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, автомобиллар савдосида шаффофликни таъминлаш мақсадида дилерлик корхоналари фаолиятини мунтазам равишда ўрганиб бормоқда.

Ана шундай ўрганишлар мобайнида «Хоразм Автосавдо» МЧЖ дилерлик корхонаси фаолиятида бир қатор хато ва камчиликларга ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилганлиги намоён бўлди.

Маълум бўлишича, автосалонда сотув жараёнлари шаффофлигини таъминлайдиган ва автомобиль сотиб олаётган мижозларга қулай шароит яратувчи тизимли ишлар ташкил қилинмаган.

Автосалон ҳамда таъмирлаш участкасида хавфсизлик, санитария ҳолати белгиланган тартибга мос эмас, автосалон савдо бўлими зарур ва етарли даражада ходимлар билан таъминланмаган. Автомобилларни сақлаш ва мижозга етказиб бериш бўйча бир қанча камчиликлар мавжуд бўлган. Сотув олди кўриги участкаси стандарт асосида ташкил қилинмаганлиги сабабли айрим автомобилларга умуман бундай кўрик амалга оширилмаган.

Текширув давомида автосалоннинг автомобиллар сақлаш омборида камомад борлиги, автомобиль таъмирлаш участкаларида хавфсизлик қоидалари билан таништирилмаган ходимлар фаолият юритаётганлиги ҳолатлари аниқланган.

Шунингдек, компания томонидан эълон қилинган акциялар бўйича муддатли тўловга сотилган автомобиллар нотариусдан тегишли тартибда расмийлаштириб, тақиққа қўйилмаган.

Автосалонда ахборотлар доимий равишда янгиланмагани, корхонада Колл-марказ фаолиятининг тегишлича ташкил этилмаганлиги харидорларга автомобил хариди жараёнида бир қатор ноқулайликлар туғдирган.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар натижасида «Хоразм Автосавдо» дилерлик корхонаси раҳбари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, мавжуд камчилик ва хатоларни бартараф этиш янги раҳбар зиммасига юкланди.

«Агар сиз дилерлик марказларида юқорида кўрсатилган ҳолатларнинг гувоҳи бўлсангиз дарҳол компаниянинг 78 141-14-14 рақамлари орқали «Ишонч телефони»га мурожаат қилишингиз мумкин. Компания барча қонунга хилоф ҳаракатлар бўйича тегишли чоралар кўрилишини таъминлайди. UzAuto Motors дилерлик корхоналари томонидан йўл қўйилаётган қоидабузарликларни аниқлаш борасидаги амалий ҳаракатларни давом эттиради», - дейилган компания матбуот хизмати хабарида.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top