20:12 / 16.02.2020
0
7543
Ҳалатборийси бор «Хуросон султонлари». «Пахтакор»нинг ОЧЛдаги дебютант рақиби

Эртага 17 февраль куни Тошкент вақти билан 16:00да Осиё Чемпионлар Лигаси «В» гуруҳидан ўрин олган 2-тур ўйинида «Пахтакор» ўз майдонида Эроннинг «Шаҳри Худрав» жамоасини қабул қилади. Кетма-кет иккинчи ўйинни ўз майдонида ўтказаётган «Пахтакор» бу баҳсда ғалаба қозониб гуруҳдаги имкониятларини яхшилаб олиши мумкин.

«Пахтакор»нинг эртанги рақиби ОЧЛда илк марта иштирок этмоқда. «Падидеҳ» номи билан танилган жамоа кейинчалик номини «Шаҳри Худрав» деб ўзгартиради. Шундай бўлса-да, мухлислар жамоани ҳамон «Падидеҳ» деб аташади. Дарвоқе, жамоа лақаби «Хуросон султонлари».

Жамоа бош мураббийи италиялик Стефан Энри. 2013 йилда ташкил этилган клуб ўз ўйинларини 27 700 мухлисга мўлжалланган «Имом Ризо» стадионида ўтказади. Ўтган мавсумда Эрон чемпионатида 4-ўринни эгаллаган «Хуросон султонлари» ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқиш учун саралаш баҳсида қатнашиб муваффақиятли тарзда финал босқичига етиб келди.

Жамоа бош мураббийи Стефан Энри ўз вақтида Эрон миллий жамоасини бошқарган. Мураббийлар штабида маҳаллий мураббий Можтаба Сараосиёий ҳам бор. «Пахтакор»нинг эртанги рақиби сафида биргина легионер футболчи бор, бу украиналик Мирослав Славов.

«Шаҳри Худрав»нинг энг машҳур футболчиси эса Муҳаммадризо Ҳалатборий. Эсингизда бўлса, айнан шу ҳужумчи ЖЧ-2014 саралашининг биринчи турида Ўзбекистон дарвозасига 90+4-дақиқада гол урган ва Эроннинг Тошкентдаги ғалабасини таъминлаганди. Шунингдек Эрон миллий жамоасининг кўп йиллик дарвозабони Меҳди Раҳмати ҳам шу жамоада ўйнайди.

Бугун Тошкентга етиб келган «Шаҳри Худрав» «Пахтакор»га қарши ўйини олдидан илк машғулотини ўтказишга ҳам улгурди. Tribuna.uz мухбири эронликларнинг машғулотини стадиондан кузатди. Қуйида машғулот жараёнидан олинган галереяни томоша қилишингиз мумкин.

Муҳаммаджон Ғаниев олган суратлар

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top