08:30 / 20.02.2020
0
12133
Хитойда коронавирусни даволашда қўллаш мумкин бўлган дорилар рўйхати эълон қилинди 

Хитойда коронавирус келтириб чиқарувчи касалликни даволашда қўллаш тавсия қилинадиган дорилар рўйхати эълон қилинди. 

Фото: EPA-EFE/ALEX PLAVEVSKI

Хитойнинг гигиена ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича давлат қўмитаси янги турдаги коронавирус келтириб чиқарувчи касаллик диагностикаси ва уни даволаш режасининг 6-таҳририни эълон қилди. Унга вирусга қарши курашда самарадорлигини аниқлаш учун клиник синовлардан ўтказилаётган дори воситалари киритилган. 

Рўйхатга “Рибавирин”, “Лопинавир/Ритонавир”, “Интерферон альфа” ҳамда Abidol киритилган. Таъкидланишича, Abidol Хитойнинг SSY Group Limited фармацевтик компанияси томонидан ишлаб чиқарилиб, собиқ иттифоқда ишлаб чиқилган вирусга қарши дори воситаси “Арбидол”нинг муқобили бўлиши мумкин.   

Тавсияларда кўрсатилган дорилардан бир вақтда 3тадан кўпини ичиб бўлмаслиги, даволаш давомийлиги 10 кундан ошмаслиги кераклиги таъкидлаб ўтилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда янги касалланиш ҳолатлари 23 январдан бери энг минимум қийматни ташкил қилди. Охирги сутка ичида 394та касалланиш ҳолати қайд этилган.

Пекинда касалланиш ҳолатларининг бундай камайиши статистик маълумотларга тузатиш киритилиши билан тушунтирилган. Мисол учун, дастлаб Уханнинг ўзида 600дан кўпроқ киши касалланган деб қайд қилинган, бироқ натижалар қайта текширилганда 279та ҳолатда коронавирус ташхиси тасдиқланмаган. 

Хитойда охирги суткада коронавирусдан 114 киши (Хубэйда 108 киши) вафот этиб, қурбонлар умумий сони 2118 нафарга етди, 1779 киши даво топган. Касалланганларнинг умумий сони 74,57 минг нафарни ташкил қилмоқда.  

Хитой ташқарисида вирусдан умумий ҳисобда 8 киши вафот этган. Эрон ва Ҳонгконгда 2тадан, Тайван, Япония, Франция ва Филиппинда биттадан ўлим ҳолати қайд этилган. 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top