18:48 / 24.02.2020
0
5810
Алишер Шодмонов: «Вазирликда туркиялик маслаҳатчи фаолият бошлайди»

Туркиялик мутахассис Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири маслаҳатчиси лавозимига тайинланади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи доирасида келишувга эришилган.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг маълум қилишича, у тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш, молиявий менежмент, тиббий суғурта, тизимда давлат хусусий шериклик, аутсорсинг ва рақамлаштиришни жорий этиш масалаларида фаолият олиб боради.

«Бундан ташқари, тиббиёт фанини янада ривожлантириш ва кадрлар тайёрлаш борасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидлаш жоизки, ўтган йили Бухоро давлат тиббиёт институтида Туркиянинг нуфузли олий ўқув юрти билан ҳамкорликда халқаро факультет ташкил этилиб, 131 нафар талаба ўқишга қабул қилинган эди. Ҳозирда ҳам бундай қўшма таълим даргоҳларини кўпайтириш, ҳудудларда тиббиёт даражасини янада ошириш ва аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббий туризмни ривожлантириш режалаштирилмоқда.

Жумладан, кадрлар тайёрлаш бўйича Туркиянинг қатор нуфузли таълим муассасалари, масалан, Саломатлик билимлари университети, Медипол университети ҳамда яна бир йирик – «Баҳчишеҳир» (BAU) олий ўқув юртининг мамлакатимизда филиаллари ва клиникаларини ташкил этиш, улар билан кўплаб қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бир қанча келишувларга эришилди.

Тиббиёт соҳасида биз учун яна бир муҳим йўналиш – аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида Туркиянинг «Кўчак фарм» ва «Поли фарм» компаниялари билан шартнома имзоланди. Келгусида ушбу компаниялар билан онкологик ва гематологик касалликларда муҳим бўлган дориларни юртимизда ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top